Ақилбек Жапаров тадбиркорларни очиқ ишлашга чақирди

2193
0

Ақилбек Жапаров тадбиркорларни очиқ ишлашга чақирди

 Хабар: Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров 4-март куни ҳукуматнинг навбатдаги мажлисини ўтказди. Унда солиқ назорати ва назорат-касса машиналаридан фойдаланиш каби бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Ҳукумат матбуот хизмати хабарига кўра, Жапаров тадбиркорларни янги солиқ қоидаларига мувофиқ очиқ ишлашга чақирди.

 “Сўнгги йилларда давлат ҳеч қандай янги солиқ жорий қилмади. Биз тадбиркорлардан фақат назорат-касса машиналарини ўрнатишни ва бу орқали амалдаги қонунлар асосида ишлашни сўраймиз. Бундай машиналар жорий этилганидан буён солиқ тушумларининг ўсиш динамикаси тўғри йўлда эканлигимиздан далолат беради. Бизнес турли хил “хира” ёки соядаги схемалардан фойдаланмай очиқ-ойдин ва ҳалол ишлаши керак”, – деди Жапаров.

 Изоҳ: Ақилбек Жапаров давлат сўнгги йилларда ҳеч қандай солиқ жорий қилмаганини айтмоқда. Аммо, мавжуд солиқларни оптималлаштириш ва янги воситалар билан Қирғизистонда ҳар бир қимирлаган бизнес ва жондан солиқ олиш йўлларини жорий қилмоқда. Шундай воситалардан бири бозор ва савдо шаҳобчаларига мажбурий равишда назорат-касса машиналари ўрнатишдан иборат. Жорий йилдан амалга киритилган янги солиқ кодексига мувофиқ тадбиркорлар НКМ ўрнатишга мажбурлар. Албатта, бу кўплаб норозиликларни пайдо қилмоқда. 2-март куни Бишкекдаги бозорларда фаолият олиб бораётган юзлаб одамлар янги солиқ қоидаларига қарши навбатдаги норозилик намойишига чиқишди. Уларнинг айтишича, юк хатининг электрон шакли жорий этилганидан бери харажатлар кўпайган, ноқулайликлар юзага келган ва савдо сусайган. Бундан ташқари, тадбиркорлар қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС), даромад солиғи, фоида солиғи, ердан фойдаланиш солиғи ва савдо солиғини ҳам тўлашлари керак бўлади. Шунда тадбиркорлар фоиданинг 10 фоизини, ойлик савдодан 1 фоиздан 5 фоизгача, ҚҚС – 12 фоиз, ишчи ходимлари бўлса тадбиркор иш ҳақи фондининг 27,25 фоизини Ижтимоий жамғармага тўлаши ва ходимдан 20 фоизини ушлаб туриши шарт (10 фоиз даромад солиғи ва Ижтимоий жамғармага 10 фоиз) бўлади. Демак, қирғизистонлик тадбиркор “очиқ” деса, даромадининг ярмидан кўпини солиқ сифатида тўлаши керак бўлади. Ҳукуматнинг ўзи оддий халқ кўтаришининг иложи йўқ бўлган солиқлар турини жорий этиб яна тадбиркорларни очиқ ишлашга чақирмоқда. Аслида, “соядаги иқтисод”, солиқлардан қочиш капиталистик тузум учун табиий ҳол, чунки капитализм тузумини татбиқ қилаётган ҳар бир давлатда солиқлар жуда юқори даражада белгиланган.

 Маълумки, капиталистик тузумда бюджет халқдан йиғиладиган солиқлар ҳисобига тўлдирилади. Капитализмни татбиқ қилаётган Қирғизистон ҳукумати ҳам бюджетни тўлдириш ва ташқи қарзни тўлашни халқ зиммасига юклаш учун солиқларнинг янгидан-янги турларини ўйлаб топмоқда. Ақилбек Жапаров давлат сўнги йилларда янги солиқ турларини жорий этмаганини айтди. Ҳолбуки, ўтган йилнинг ёз ойида Жогорку Кенешда бўлиб ўтган йиғилишда Жапаров “Йўл фонди” орқали ҳар бир автомобилдан солиқ йиғиш масаласи кўриб чиқилаётгани, жорий этиладиган янги солиқ тури йўллар таъмири ва ташқи қарзларни тўлаш учун йўналтирилишини маълум қилган эди. Шунингдек, июн ойи охирида бўлиб ўтган ЖК йиғилишда Вазирлар маҳкамаси раиси ташқи қарзни тўлаш масаласи бюджетнинг харажатлар қисмида алоҳида ўрин тутишини маълум қилган ва агар Қирғизистон қарзни ўз вақтида тўламаса, бир қанча объектлар бошқаруви бошқалар қўлига ўтиб кетиши мумкинлигини эслатиб ўтган эди. Маълумки, кейинги беш йил давомида Қирғизистон ташқи қарзларни тўлаш учун йилига 400 миллион доллардан зиёд маблағ йўналтириши зарур. Аммо Қирғизистоннинг ҳозирги иқтисодий ҳолати ҳар йили бунча маблағ йўналтиришни кўтара олмайди. Шу сабабли ҳам ҳукумат турли хил солиқ, мажбурий суғурта ва тўловлар топиш орқали буни оддий халқ – солиқ тўловчилар зиммасига юклашга уринмоқда.

 Исломда эса закотдан бўлак ҳеч қандай мажбурий солиқлар мавжуд эмас. Давлат закотни солиқ эмас, ибодат эътиборида йиғади. Закот вожиб бўлиши учун мусулмоннинг қўлида эҳтиёжидан ортиқ 20 динор (85 грамм олтин) бўлиши ва бу бир йил мобайнида заволга учрамаслиги (камаймаслиги) шарт. Шундан сўнг, унга закот бериш вожиб бўлади ва бойлигининг 40дан бирини закот сифатида ажратиб беради. (Закот нисобига яшаб турган уйи, миниб турган улови, соғиб ичаётган сигири қўшилмайди). Закот бюджет камомадлари ёпиш, давлат ишларини идора қилиш ёки фавқулотда ҳолатлар учун олинган қарзларни адо этишга сарфланмайди. Бунинг учун давлат мулки ишлатилади. Закот шариат белгилаб берган ўринларгагина сарфланади, оддий халқнинг солиқ тўловчи бўлиб қолишга йўл қўймайди. Аксинча бойлардан закот олиб муҳтожларга тақсимлаш орқали жамиятда фаровон ҳаёт ва мувозанатни таъминлайди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here