АҚШ давлат котиби Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюради

847
0

АҚШ давлат котиби Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюради

Хабар: АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 28 февралдан 3 мартгача Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистонга ташриф буюради, деб хабар қилди АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати.

Блинкен Остонадан сафарни бошлаб минтақадаги барча бешта давлат вакиллари билан “АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини тасдиқлаш, шунингдек, умумий глобал муаммоларга ечим излашда минтақа билан ҳамкорлик учун C5+1 (Марказий Осиё мамлакатлари + АҚШ) вазирлар учрашувида иштирок этади”.

C5+1 вазирлар йиғилишида АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, энергетика, атроф-муҳит ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади, дейилади хабарда.

Кейинчалик Энтони Блинкен Тошкентга келади ва шу ерда расмийлар билан “бир қатор икки томонлама ва минтақавий масалалар бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш” юзасидан музокаралар ўтказиши режалаштирилган. Бу унинг Ўзбекистонга биринчи ташрифи бўлади.

1 март куни у Нью-Деҳлига жўнаб кетади, унда G20 ташқи ишлар вазирлари йиғилишида кўп томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, барқарор ривожланиш, гиёҳванд моддаларни назорат қилиш, глобал соғлиқни сақлаш, гуманитар ёрдам ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинади.

Изоҳ: АҚШнинг “С5+1” шаклидаги мулоқотдан кўзлаган мақсади Марказий Осиё республикаларини Афғонистон орқали оламий бозорларга олиб чиқиш ва шу орқали бу минтақадаги ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий манфаатларни қўлга киритиш. Бу лойиҳа амалга ошса, АҚШ бутун минтақани Россиянинг иқтисодий таъсири остидан олиб чиқа олади. Чунки бу бутун оламга айнан фақат Россия орқали чиқиш мумкин бўлган йўналишлар учун муқобил йўл бўлиб, Марказий Осиёни Россия ва Хитойнинг иқтисодий мустамлакаси остидан чиқариб юбориши мумкин бўлган лойиҳадир. Бу лойиҳа АҚШ учун ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий манфаат олиб келиши мумкин бўлган муҳим лойиҳалардан ҳисобланади. Шу сабабли ҳам Россия минтақа давлатларини АҚШ билан яқин алоқа ўрнатишларига қарши чиқиб, бундай ҳамкорликни керак бўлса таҳдид орқали бўлса ҳам тўхтатишга уринмоқда.

Блинкеннинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга амалга оширадиган сафари олдидан Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Марказий Осиё давлатларини Ғарб билан ҳамкорликда эҳтиёт бўлишга чақирди. Галузин Афғонистондаги мавжуд вазиятда АҚШни айблаб, “Вашингтоннинг демократлаштириш тажрибаси рангли инқилоблар билан тугайди”, деди.

“Шу сабабли биз марказий осиёлик ҳамкорларимизни Ғарб давлатлари билан муносабат ўрнатишда эҳтиёткор бўлишга чақирамиз”, – деди Галузин.

Маълумки, Россиянинг Украинада олиб бораётган босқинчилик уруши ортидан Россиянинг халқаро миқиёсда обрў-эътибори тушиб бориши билан бир қаторда Марказий Осиё республикалари устидан ҳам сиёсий ва иқтисодий нуфузи тобора заифлашиб бормоқда. АҚШ бу вазиятдан унумли фойдаланиб, минтақа устидан нуфузини мустаҳкамлаб олишга интилмоқда. 10 феврал куни Россиянинг Коммуникацияларни ривожлантириш миллий тадқиқот институти эълон қилган тадқиқот натижаларида кўра Қозоғистон Россияга “дўстона муносбатда” бўлмаган “ўзгарувчан режимлар” гуруҳига киритилган. Қайд этилишича, бу давлатда Россия билан муносабатлар тарихи қайта кўриб чиқила бошлаган. Шу сабабли, коммуникацияларни ривожлантириш шартлари ёмон томонга ўзгариши мумкинлиги огоҳлантирилган эди. Блинкен Марказий Осиёга бўлган сафарини Қозоғистондан бошлаши, ундан сўнг минтақада энг муҳим ўринни эгаллайдиган Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳам бежизга эмас. Гарчи Россиянинг Коммуникацияларни ривожлантириш миллий тадқиқот институти ўтказган тадқиқотда Ўзбекистон Россияга дўст давлатлар қаторига киритилган бўлса-да ўзбек режими ҳам имкон қадар Путин режими билан масофа сақлашга ҳаракат қилмоқда. Куни кеча Мирзиёевнинг Мисрга амалга оширган сафарида АҚШ Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси орқали Ўзбекистонни Россия билан муносабатлар оқибатидан огоҳлантирган бўлишининг эҳтимоли юқори.

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here