БМТ: Украинада 8000 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди

0
1433

БМТ: Украинада 8000 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди

 Хабар: Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (БМТИҲОК) янги ҳисоботига кўра, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери 8 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди.

  БМТ маълумотларига кўра, ўтган йилнинг 24 февралидан 2023 йилнинг 15 февралига қадар Украинада 8006 нафар тинч аҳоли, жумладан, 487 нафар бола ҳалок бўлган. 13287 нафар тинч аҳоли жароҳатланган, улардан 954 нафари болалар. Ўлганлар ва ярадорларнинг энг кўп сони Донецк ва Луганск вилоятларида қайд этилган: ушбу ҳудудларда кўрсатилган даврда 4295 киши ҳалок бўлган, 7327 киши жароҳатланган.

 Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, тинч аҳоли ўлими ёки жароҳатланганларнинг ҳақиқий сони сезиларли даражада юқори, чунки баъзи жойларда фуқароларнинг ўлими ёки ярадорлиги ҳақидаги кўплаб хабарлар ҳали ҳам тасдиқланиши кутилмоқда. Бундай аҳоли пунктларига Мариупол (Донецк вилояти), Лисичанск, Попасная ва Северодонецк (Луганск вилояти) киради.

 2022 йилнинг 24 февралидан 2023 йилнинг 15 февралига қадар бўлган даврда энг кўп ўлим ҳолатлари, ҳисобот муаллифларига кўра, ўтган йилнинг март ойида қайд этилган: ўшанда Россия тажовузкорлиги натижасида 3918 нафар украиналик тинч аҳоли ҳалок бўлган ва 2967 нафар фуқаро яраланган. 2023 йил бошидан бери БМТ Украинада 263 кишининг ўлимини қайд этди, 759 киши жароҳат олди.

 Хабар қилинган фуқароларнинг ўлими ёки жароҳатларининг аксарияти кенг таъсир доирасига эга бўлган портловчи қуроллардан фойдаланиш, шу жумладан оғир артиллерия ва кўплаб ракета отиш ҳужумлари, шунингдек, ракета ва ҳаво зарбалари туфайли содир бўлган. Украинада ушбу турдаги қурол 6585 кишини ўлдирган, 12635 киши жароҳатланган, дейилади ҳисоботда.

 БМТ ҳисоботида, шунингдек, 2022 йил 10 октябрда бошланган Украинанинг муҳим инфратузилмасига Россиянинг ракета ҳужумлари қурбонлари ҳақида сўз боради. 2023 йил 15 февраль ҳолатига кўра, бу зарбалар камида 116 тинч аҳолини ўлдирган ва камида 393 киши жароҳатланган.

 Изоҳ: Россиянинг Чеченистон мусулмонларига қарши олиб борган босқинчилик уруши давомида содир этган жиноятларига БМТ ҳам, дунё ҳамжамият ҳам кўз юмган эди. 10 йилдан ортиқ вақт давом этган хунрезликлар давомида ўн минглаб тинч аҳоли вакиллари, жумладан, ёш болалар қурбон бўлди. Ушбу уруш давомида Чеченистон мухолифатига кўра, тинч аҳоли орасида 250 минг киши, жумладан 40 минг бола ҳалок бўлганини маълум қилган, “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти тинч аҳоли қурбонлари сони 50 минг кишига етганини хабар қилган эди. Бошқа манбаларда келишича, 1990 ва 2000-йиллардаги биринчи ва иккинчи чечен урушларида камида 60 минг тинч аҳоли ҳалок бўлган. Чеченистон муваққат парламенти раҳбари Товус Жабраилов эса бу икки урушда 150 мингдан 160 мингтагача одам қурбон бўлганини айтган эди. Аммо, на БМТ, на АҚШ бошчилигидаги ғарб давлатлари Россияга қарши бирор жазо чораси кўрди.

 Сурия қўзғолони мақсадига яқинлашиб, қонхўр Башар Асад режими қулаш арафасига келиб қолган вақтда АҚШнинг таклифи билан Россия Сурияда “махсус амалиёт” бошлади. 2015-йил 30-сентябр куни бошланган ва ҳозирга қадар давом этаётган “махсус амалиёти” давомида ўн минглаб тинч аҳоли вакиллари Россиянинг “замонавий” қуроллари билан бомбабўрон қилинди. Путин таърифи билан айтганда “рус қўшинлари машғулотларида” мадрасалар, шифохоналар, мактаб ва аҳоли пунктлар вайрон қилинди. Ҳатто, рус жаллодлари тинч аҳолига қарши тақиқланган қуролларнинг барча туридан – фосфорли бомбалар, кассетали бомбалар ва ҳатто бункерларни вайрон қилувчи қудратли қуроллардан ҳам фойдаланди, бутун бошли квартал ва маҳалалар ер билан яксон қилинди. Одатдагидек, БМТ ва дунё ҳамжамияти бу қирғинлардан кўз юмди… Чунки, бу жиноятлар Европадан узоқда ва мусулмонларга қарши содир этилаётган эди.

 Бугунга келиб Россия босқини Европа остонасига етиб боргач, АҚШ ҳам, ЕИ ҳам бир бўлиб, бор имкониятлари билан Украинага ҳарбий ёрдам беришга киришдилар. Бутун дунё назари Россиянинг Украинага қарши урушига қаратилди. Россияга қарши мисли кўрилмаган санкциялар қўлланмоқда. БМТ ва халқаро ҳамжамият Россия жиноятларини кунма-кун, соатма-соат қайд этиб, қурбонларни санаб боришмоқда. Путинни халқаро судга тортиш масаласи ҳам кун тартибида турибди. Бу АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари ва уларнинг қонунларини бошқа халқларга мажбурлаб тиқиштириш қуроли бўлган БМТ қанчалар иккиюзламачи ва қўш-стандартга асосланганини яққол кўрсатиб турибди.

 Абдураҳмон Одилов

NO COMMENTS