Жапаров собиқ президентлар билан учрашди

1066
0

Жапаров собиқ президентлар билан учрашди

 Хабар: Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатнинг барча собиқ раҳбарлари Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Роза Ўтунбоева, Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жээнбеков билан учрашганини айтди.

 “Мен собиқ президентларни бир дастурхонга атрофига йиғдим”, – деб ёзди Жапаров ўз саҳифасида.

 Президент матбуот котиби Эрбол Султанбаев учрашув нейтрал ҳудудда бўлиб ўтганини айтган. Баъзи нашрлар талқинига кўра, улар Дубайда учрашган.

 Жапаров, шунингдек, ҳокимият учун абадий кураш туфайли Қирғизистон уйғун ривожлана олмаслигини, шу туфайли “Марказий Осиёнинг бир бурчагида қолаётганини” айтди. Унинг фикрича, бундай учрашувни ўтказиш мамлакат аҳолисини бирлаштириш нуқтаи назаридан муҳим.

 “Биз ҳаммани бирлаштирган ҳолда халқнинг келажаги ҳақида ўйлашимиз керак”, – деди Жапаров.

 Шунингдек, у “дастлаб халқ сайлаган ва охири аянчли бўлган барча президентларни йиғсак, балки бир муштдек бирлашган ягона халқ бўлиб қоламиз”, деган ўй ўзини узоқ вақтдан бери қийнаганини таъкидлади.

 Жапаровнинг қайд этишича, собиқ президентлар унинг “бир мушт бўлиш” ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Унинг сўзларига кўра, улар ҳам ўз дардини гапириб, хатоларини тан олган ва бир-бирини кечирган.

 Изоҳ: Бугунги кунда бутун дунёда ҳукмронлик қилаётган ва Қирғизистонда ҳам татбиқ қилинаётган капитализм тузуми манфаат – фойда асосига қурилган бўлиб, барча амаллар, ўлчовлар ва муносабатлар ҳам манфаат асосидан келиб чиқади. Токи манфаат бор экан душманлар ҳам дўстга айланиши, рақиблар бирлашиб ҳаракат қилиши мумкин. Агар манфаат бўлмайдиган бўлса ҳатто фарзанд отаси билан, ака укаси билан алоқа қилмайди. Манфаат бўладиган бўлса халқ манфаатларига миллиардлаб доллар зарар етказган жиноятчилар оқланиб жавобгарликдан қутулиб қолиши мумкин.

 Қирғизистоннинг амалдаги президенти Садир Жапаров ҳам баҳор яқинлашиб (Қирғизистондаги инқилоблар мавсуми) келаётгани сабабли ўзига мухолиф бўлган кучлар билан тил топишишга ҳаракатни бошлаб юборди. Сабаби Жапаров бошқарувига ҳам – аввалги президентлар каби – халқнинг ишончи сўниб бормоқда. Бугунги кунга қадар Жапаров президентликка келиш арафасида берган ваъдаларидан бирортасини бажармади. Халқнинг иқтисодий ҳолати тобора ёмонлашиб бормоқда. Олдинда Жапаров учун Жаҳон банки талаби билан электр энергияси нархини ошириш вазифаси турган бўлса, чегара масаласи, хусусан Кампиробод сув омбори масаласи мухолиф кучлар учун халқни кўтаришга қулай шароит яратиб беряпди. Мамлакатда эса акаевчи, бакиевчи ва атамбаевчи кучлар пайт пойлаб тургани ҳеч кимга сир эмас. Жапаров мана шу вазиятни қўлга олиш ва мамлакатда навбатдаги давлат тўнтаришига йўл қўймаслик илинжида собиқ президентлар билан учрашиб, уларни рози қилишга ҳаракат қилмоқда. Жапаров учун аввалги президентлар ўз бошқаруви даврида қандай жиноятлар содир этгани, халқ ва давлат манфаатларига қанчалик зарар етказганлари муҳим эмас. Унинг ягона дарди ўз тахтини сақлаб қолишдан иборат холос.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here