Россия “Қамбар ота-1” ГЭС қурилишида иштирок этмоқчи
Хабар: Россия “Қамбар ота-1” ГЭС қурилишида иштирок этмоқчи. Бу ҳақда Қирғизистон парламентининг ёқилғи-энергетика комплекси, ер қаъридан фойдаланиш ва саноат сиёсати қўмитаси йиғилишида энергетика вазири Таалайбек Ибраев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, давлат келажакда 1860 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқаришга қодир бўлган ГЭС қуриш бўйича мегалойиҳани бошламоқда.
«Агар ГЭС қурилса, ундан ўзимиз фойдаланамиз. Иштирокчилар эса қурилишга қанча ҳисса қўшган бўлса, шунча электр энергияси олади. Ҳозир Россия ҳам бизга мурожаат қилди ва лойиҳага қўшилиб, молиялаштирмоқчи”, – деди Таалайбек Ибраев.
Изоҳ: 2016 йил август ойида Россия ҳозирги иқтисодий ҳолатида келишувдаги йирик лойиҳаларни молиявий жиҳатдан таъминлай олмаслигини тан олганидан сўнг Қирғизистон ҳукумати 31 декабр куни Қамбарота -1 ва Юқори Норин ГЭС каскадларини қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича Россия билан эришилган келишувни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилган ва ГЭСларни қурилишига сарфланган 37 миллион долларни Россияга қайтариб бериш лозимлигини билдирган эди.
Садир Жапаров 2021-йил 11-12 март кунлари Тошкентга қилган сафари чоғида Қамбаота-1” ГЭСини ҳамкорликда қуриш борасида келишувга эришилди. Кейинчалик, бу лойиҳага Қозоғистон ҳам қизиқиш билдириб, ГЭСни уч давлат ўзаро ҳамкорликда қуришга келишиб олишди. Жорий йилнинг 6 январ куни Қирғизистон Энергетика вазирлигида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди. Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев, Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков ва Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Қамбарота-1» ГЭС қуриш бўйича йўл харитаси келишуви имзоланди.
“Қамбар-Ота-1” ГЭС қурилиши учта қўшни давлат учун фойдали деб айтишимиз мумкин. Қирғизистон электр энергиясини импорт қилмайдиган, аксинча экспорт қиладиган давлатга айланиши керак. Қурилишга тайёргарлик бошлаб юборилди. ГЭС қуввати 1860 МВт ни ташкил этади”, – деди Таалайбек Ибраев.
Марказий Осиёдаги уч республика “Қамбарота-1” ГЭСини барпо этишга бўйича бир қарорга келиб, бу йўлда дастлабки қадамни ташлашлари ҳамон Россия “ишга шерик” бўлиш орқали лойиҳа назоратини ўз қўлига олиш ҳаракатини бошлади. Ҳолбуки аввалроқ Россия бу каби улкан лойиҳани амалга ошириш имконига эга эмаслигини маълум қилган эди. “Қамбарота-1” ГЭСи стратегик аҳамиятга эга бўлиб, қайси давлат буни ўз қўлига оладиган бўлса биринчидан улкан даромадга, иккинчидан расмий ҳукуматга бўлган таъсирини оширишга муваффақ бўлади. Шу сабабли ҳам Россия ГЭС каби муҳим стратегик объектни осонликча бошқа давлат қўлига топшириб қўймайди ёки бу уч республика мустақил барпо этишларига йўл қўймайди.
Абдураҳмон Одилов