«Қамбарота-1 ГЭС» бўйича келишув имзоланди
Хабар: 6 январ куни Қирғизистон Энергетика вазирлигида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев, Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков ва Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Қамбарота-1» ГЭС қурилишини муҳокама қилиб, лойиҳа барча иштирокчи мамлакатлар учун адолатли ва фойдали бўлиши кераклигини таъкидладилар. Шундан сўнг, лойиҳани амалга ошириш бўйича йўл харитаси келишуви имзоланди.
«Қамбар-Ота-1» ГЭС ни ишга тушириш муддати техник-иқтисодий асослаш (ТИА) ишлаб чиқилгандан кейин маълум бўлади. Бироқ, Таалайбек Ибраев сўзларига кўра, қурилишга тайёргарлик аллақачон бошланган.
«Қамбар-Ота-1» ГЭС қурилиши учта қўшни давлат учун фойдали деб айтишимиз мумкин. Қирғизистон электр энергиясини импорт қилмайдиган, аксинча экспорт қиладиган давлатга айланиши керак. Қурилишга тайёргарлик бошлаб юборилди. ГЭС қуввати 1860 МВт ни ташкил этади», – деди Таалайбек Ибраев.
Ўзбекистон ва Қозоғистон делегациялари қўшма корхона ташкил этишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.
«Қамбар-Ота-1» ГЭС лойиҳаси СССР даврида ишлаб чиқилган эди. У Қирғизистондаги энг катта ГЭС бўлади. Унинг қурилиши учун тахминан 3 млрд доллар сарфланиши кутилмоқда. Янги ГЭС ишга туширилса, йилига 5,6 млрд кВт⋅с электр энергияси ишлаб чиқилади.
Изоҳ: 2012-йили Қирғизистон ва Россия ҳукуматлари “Қамбарота-1” ва тўртта ГЭСдан иборат Юқори Норин каскадини қуриш бўйича келишув имзолаган эди. Бироқ, 2016 йил август ойида Россия ҳозирги иқтисодий ҳолатида келишувдаги йирик лойиҳаларни молиявий жиҳатдан таъминлай олмаслигини тан олганидан сўнг Қирғизистон ҳукумати 31 декабр куни “Қамбарота -1” ва Юқори Норин ГЭС каскадларини қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича Россия билан эришилган келишувни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилган ва ГЭСларни қурилишига сарфланган 37 миллион долларни Россияга қайтариб бериш лозимлигини билдирган эди.
Садир Жапаров 2021-йил 11-12 март кунлари Тошкентга қилган сафари чоғида “Қамбаота-1” ГЭСини ҳамкорликда қуриш борасида келишувга эришилди. Кейинчалик, қозоқ ҳукумати ҳам ушбу лойиҳада иштирок этиш истагини билдирди.
Маълумки, “Қамбарота-1” ГЭСи стратегик аҳамиятга эга бўлиб, қайси давлат буни ўз қўлига оладиган бўлса биринчидан улкан даромадга, иккинчидан расмий ҳукуматга бўлган таъсирини оширишга муваффақ бўлади. Шу сабабли ҳам минтақа давлатлари ўзаро бирлашиб бу лойиҳани амалга оширишга киришишар экан бу лойиҳаларда бирор мустамлакачи давлат ёки мустамлакачилар қуроли бўлган халқаро молиявий ташкилотлардан ёрдам олмай ўз имкониятларидан келиб чиқиб барпо этишлари керак. Акс ҳолда ер усти ва ости бойликларимизни талон-тарож қилиб келаётган мустамлакачи давлатлар “инвестор”лари бу лойиага ҳам эга чиқишади. Натижада ҳузурини улар кўриб, зиёни ва қарз юки халқ зиммасида қолаверади.
Абдураҳмон Одилов