بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
Судандаги доиравий битим
Савол: 2022 йил 5 декабр куни Судан армия қўмондони, суверен кенгаш раҳбари ва унинг ўринбосари билан 52 сиёсий партия ва уюшмалар ўртасида доиравий битим имзоланди. Республика саройида бўлиб ўтган ҳамда Судан телевидениеси ва оммавий ахборот воситалари орқали намойиш этилган ушбу битим умумий сайловлар сари икки йиллик ўтиш даври ҳукумати учун йўл очади. Мазкур битим халқаро назорат, хусусан Америка, Британия ва битимга бош-қош бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг вакили назорати остида имзоланди. Бироқ бу битимга қарши чиққанлар ҳам бор. 2022 йилнинг 8-9 декабр кунлари битимга қарши намойишлар бўлиб ўтди. Савол шуки, бу битим нимани англатади ва кимнинг манфаати учун амалга оширилмоқда? Битимга қаршиликлар ҳақида нима дейиш мумкин? Битимнинг давом этиши кутиладими?
Жавоб: Ушбу саволларга жавоб бериш учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:
Биринчи: Битим матнлари:
- Битимнинг биринчи қисмида «Судан кўп маданиятли, кўп миллатли ва кўп динли мамлакат» деб кўрсатилган. Бироқ, маълумки, Судан аҳолисининг 96 фоиздан ортиғи Ислом динига эътиқод қилади. Шунинг учун ҳам қабилалар қанча кўп бўлишидан қатъи назар, уларнинг дини ва маданияти ягонадир. Аслида бу битим Исломни ҳаётдан, шунингдек, бошқарув, иқтисод, маориф, ижтимоий тузум, жазо тизими, ички ва ташқи сиёсат, ҳарбий ва саноат сиёсати каби жамиятнинг барча ҳаётий ишларида Исломни татбиқ этиш заруратидан узоқлаштиришга қаратилган фирибгарлик ва алдовдир. Шу боис, битимда «Судан фуқаролик, демократик, федерал, парламентар давлатдир. Бошқарув халққа тегишли бўлиб, у ҳокимият манбаидир», дейилган. Буларнинг ҳаммаси Исломга зиддир. Чунки у Суданни фуқаролик давлатига, яъни динни ҳаётдан ажратувчи ва одамларга қонун чиқариш ҳуқуқини берувчи илмоний давлатга айлантиради. Демократия ҳокимиятни, манбаси Қуръон ва Суннат бўлган шариатга бермайди, балки қонун чиқариш ҳуқуқини инсонга беради. У мамлакатни федератив давлатга айлантиради. Бу эса, Исломга зид бошқарув тизими бўлиб, давлатни бўлинишга ва Судан жанубида бўлгани каби минтақаларнинг парчаланишига йўл очади! Афтидан, бу битим Судандаги Исломнинг барча асарларини йўқ қилишни мақсад қилганга ўхшайди. Чунки битимдаги бандга кўра, «Давлат ҳеч кимга динни мажбурламайди. У дин, эътиқод ва виждон масалаларида холисдир. Бу эса, эркинликларга ва халқаро инсон ҳуқуқлари конвенцияларига, хусусан, аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияларга риоя қилишни кафолатлайди». Яъни битимни тузган тарафлар бу мусулмон юртдаги мусулмонларни атайлаб Исломдан узоқлаштиришни режалаштиришган.
- Битимнинг иккинчи қисми қуйидаги матнларни ўз ичига олади: «Ўтиш даври ваколати тўлиқ фуқаролик ҳокимиятига ўтказилади… Фахрий вазифаларни бажарадиган президент бўлади… Ижроий табақага ва шу билан бирга қонунчилик кенгашига битимни имзолаган тарафлар сайлаган фуқаролик бош вазир раислик қилади. Хавфсизлик ва мудофаа бош вазир зиммасида бўлади ва бу мунтазам ташкилот раҳбарлари ҳамда Жуба тинчлик битимини имзолаган қуролли ҳаракатларни ҳам ўз ичига олади». Битимга кўра «Армия сиёсатга ҳамда иқтисодий, тижорий ва инвестиция фаолиятларига аралашмайди. Тезкор ёрдам кучлар ва қуролли ҳаракатлар ягона, профессионал миллий армияга олиб келадиган хавфсизлик ва ҳарбий ислоҳотлар режаси доирасида интеграция ва демобилизация комиссияси томонидан келишилган битимларга мувофиқ армия таркибига киритилади… Жуба тинчлик битими амалга оширилади… Битимни имзоламаган қуролли ҳаракатлар билан тинчлик битими охирига етказилади». Яна битимга кўра, «Конституцион комиссия назорати остида ва Суданнинг барча минтақалари иштирокида конституциявий асослар ва масалалар бўйича мулоқот ва битимга эришиш учун кенг қамровли дастур ишлаб чиқиш жараёни бошланади». Шунингдек, битимда «Бош вазир тайинланган кундан бошлаб, 24 ойлик ўтиш даври охирида кенг қамровли сайлов жараёнини ташкил этиш» белгиланган.
Иккинчи: Маҳаллий муносабатлар:
- Бош штаб раҳбари ва Судан суверен кенгаши раиси Абдулфаттоҳ Бурҳон имзо маросимидаги нутқида, «Ва ниҳоят биз ҳарбий тузилмани сиёсий жараёндан узоқлаштиришга ва ўтиш даври охирида сайловлар ўтказишга ҳамда доиравий битимда ўртага ташланган масалаларни амалга оширишга қарор қилдик… Мамлакат фавқулодда вазиятларни бошдан кечирмоқда. Биз сиёсий ва ҳарбий кучлар ўртасида номувофиқликни бошдан кечирдик. Бу мамлакатга салбий таъсир кўрсатди. Армияни ҳар қандай партия, гуруҳ ёки мафкуравий тарафкашликдан холи конституциявий муассасага айлантиришга ҳаракат қилмоқдамиз», деди. Унинг ўринбосари Муҳаммад Ҳамдан Даглу бундай деди: «Сиёсий доира битимининг имзоланиши Судан давлати тарихида ажойиб янги даврнинг бошланишини англатади. Битимнинг имзоланиши билан ҳозирги сиёсий кризисга чек қўйилиши ва олдинги даврда йўл қўйилган хатоларга йўл қўймайдиган янги ўтиш даврига тайёргарлик кўрилиши умид қилинмоқда. 2019 йил август ойида ўтиш даври бошланганидан бери унинг таркибий қисмларида келишмовчиликлар ва 25 октябрга олиб келган нотўғри сиёсий ҳаракатлар юзага келди. Айнан сиёсий хато аксилинқилобий кучларнинг қайтишига эшик очади… Шу сабабли, тузиладиган ҳукуматнинг устувор вазифалари Жуба битимини амалга ошириш, уни имзоламаган ҳаракатлар билан тўлиқ тинчлик ўрнатиш, кўчириб юборилганлар ва қочқинларни ўз уйларига қайтариш учун ҳаракат қилиш ҳамда юрт ва қочқинлар муаммоларини ҳал қилишга қаратилиши керак. (СУНА ахборот агентлиги, 2022 йил 5 декабр). Бу битим Бурҳон ва унинг ўринбосари бошчилигидаги ҳарбий раҳбарият ҳамда уларнинг атрофидагиларни ўзлари тушиб қолган оғир вазиятдан қутқаради. Чунки одамлар уларнинг ҳокимиятини рад этганликлари сабабли улар энди ҳеч қандай ички дастакка эга бўлмай қолдилар. Шунингдек, бу битим ҳарбий раҳбариятга – содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилишдан ҳимоя қиладиган – дахлсизлик ҳуқуқини беради ва уларнинг жазодан қутулишларига имкон яратади. Зеро, улар мамлакат ишларини бошқара олмадилар ва унинг муаммоларини ҳал қила олмадилар. Қўлидан келган бирдан-бир ишлари, Умар Башир ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг, мамлакатда Америка таъсирини сақлаб қолиш бўлди. «Озодлик ва ўзгариш кучлари» деб аталувчи кучлар ва ҳукуматни ташкил қилган партиялар ҳам мамлакат ишларини бошқаришда, унинг муаммоларини ҳал этишда ва халқнинг минимал ҳаётий эҳтиёжларини қондиришда муваффақият қозона олмадилар. Улар қилган ягона иш мамлакатдаги Британия таъсирини сақлаб қолиш ва режимнинг тубдан ўзгаришига қарши туриш бўлди.
- Бу битимга қарши чиққанлар бўлди. Улар 2022 йил 8-9 декабр кунлари битимни рад этиб, намойиш ўтказдилар. Улардан баъзилари Жибрил Иброҳим бошчилигидаги Адолат ва Тенглик Ҳаракати, Минни Арко Минавий бошчилигидаги Судан Озодлик Ҳаракати ҳамда мустамлакачи Британияга тобе Эркинлик ва ўзгариш кучлари билан иттифоқ тузган баъзи сиёсий партиялар каби Уммат ва Судан халқига нисбатан содиқ ва самимий бўлмаган мухолиф кучлардир. Британия ўзи учун қайтиш чизиғини ва параллел мухолафат сифатида ҳаракат қилувчи кучларни шакллантирди. Агар битим муваффақиятсизликка учраса, бу кучлар мухолафатнинг таркибий қисмлари сифатида ҳаракат қилади ва ўзларининг жосусликларини яшириб, америкалик ёки инглиз малайлари ҳукмронлигидан қочиб қутула олмаётган халққа раҳбарлик қилиш учун ҳаракатга келади. Шундай қилиб, одамлар биридан қутулса, иккинчисининг тузоғига тушади ва шундай давом этаверади. Мамлакатга расмий мустақиллик берилган ва мустамлакачи кучлар ҳарбий жиҳатдан чиқиб кетган кундан буён сиёсий, фикрий, иқтисодий ва бошқа-бошқа соҳаларда мустамлакачилик давом этиб келмоқда.
- Баъзилар бу битим мамлакат бошқарувидаги сурункали кризисни ҳал қилади деб ўйламоқда. Ушбу кризис ҳокимиятни сиёсий кучларга топшириш ва ҳарбийларни бошқарув ва сиёсатдан узоқлаштириш учун ҳарбийлар ва сиёсатчилар ўртасида юзага келган зиддиятдир. Имзоланган битим эса, малайлар ўртасида мансаб талашиш бўйича юзага келган келишмовчиликдан бошқа нарса эмас. Бу битим биринчи навбатда Судан бошдан кечираётган ва инқилобга сабаб бўлган иқтисодий муаммоларни ҳал қилмайди. Шунингдек, бошқарув муаммосини ҳам ҳал қилмайди. Чунки у Суданда буюк давлатлар фойдасига фаолият қилаётган малайлар ўртасидаги курашдир. Битим бу ва бундан бошқа муаммоларни ҳам ҳал қила олмайди. Чунки у динни ҳаётдан, давлатдан ва жамиятдан ажратиш каби бузуқ ва хурофий асосга қурилган. Бундан ташқари, бу битим ташқи кучларга эргашаётган нохолис сиёсий кучлар билан ҳарбийлар ўртасидаги вақтинчалик муроса ечимидир. Бундан олдинги ўтиш даврида ҳам томонлар ўртасида битим имзоланиб, 25 октябрдаги давлат тўнтариши билан якунланган эди. Чунки масала фуқаролик ҳукуматини тузиш ёки тузмаслик масаласи эмас ва у ҳеч нарсани ҳал қилмайди… Унинг муваффақиятли бўлишига кафолат йўқ. Чунки томонлар бир-бирини кузатиб турибди ва ҳар бир томон бир-бирига қарши курашаётган буюк давлатлар тарафидан бошқарилади.
Учинчи: Халқаро муносабатлар:
- Америка битимни юқори баҳолади. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 2022 йил 6 декабр куни ўзининг твиттердаги саҳифасида шундай деб ёзди: «Бу фуқаролар бошчилигидаги ўтиш даври ҳукуматини шакллантириш ва ўтиш даври учун конституциявий тартибларни амалга ошириш йўлида қўйилган биринчи муҳим қадамдир». 2022 йил 6 декабр куни АҚШ давлат департаментининг ўз веб-сайти орқали берган баёнотида «Судандаги фуқаролик партиялари ва ҳарбийларнинг якуний битимга эришиш ва ҳокимиятни фуқаролик бошчилигидаги ўтиш даври ҳукуматига топширишдан олдин ҳал этилмаган масалалар бўйича инклюзив диалогларга киришиш режаларини қўллаб-қувватлаймиз», дейилади. АҚШ давлат департаменти ўз баёнотида битимни бузишга уринганларга нисбатан санкциялар қўлланилишидан огоҳлантириб, шундай деди: «Бугун вазирлик Суданнинг амалдаги ёки собиқ амалдорларига нисбатан ёки инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни бостириш орқали Суданнинг демократик ўтиш жараёнига путур етказишдан жавобгар ёки шерик деб кўрилган шахсларга нисбатан визани чеклаш сиёсатини кенгайтиришга қарор қилди». Бу битим Суданда ўз нуфузини сақлаб қолиш ва малайи Абдулфаттоҳ Бурҳон ва унинг ёрдамчиси Муҳаммад Даглу ва бошқалар бошчилигидаги америкапараст ҳарбий ҳокимиятнинг қулашига йўл қўймаслик учун Америка назарида муҳим қадамдир. Хусусан, Бурҳон ва Даглу бир ярим йил аввал 2021 йил 25 октябрда фуқаролик ҳукуматига қарши давлат тўнтариши уюштириб, 2019 йил 21 августда томонлар ўртасида имзоланган ўтиш даври жараёнини тўхтатиб қўйган эди. Битимга кўра, 21 ой давомида суверен кенгашига аскарлар раислик қилиши ва ундан сўнг 18 ой давомида фуқаролик бошқаруви раислик қилиши шарт эди. 2020 йил 3 октябрдаги Жуба битимидан сўнг ўтиш даври 53 ойга узайтирилди. Бироқ, 2021 йил 25 октябрдаги давлат тўнтариши инглиз малайларига имконият бермади ва суверен кенгашга раислик қилишларига тўсқинлик қилди… Бу сўнгги битим Америка малайларини қулашдан ва жиноий жавобгарликка тортилишдан қутқаради. Шунингдек, Американинг Судандаги таъсирини сақлаб қолади ва сиёсий муҳитни назорат қилувчи инглиз малайларининг ҳар ерда ҳукмронлик қилишига тўсқинлик қилади.
- Британия ҳам Африка ишлари ва халқаро тараққиёт бўйича вазири Эндрю Митчелл орқали битимни олқишлаганини эълон қилди ва шундай деди: «Тўртлик гуруҳи ва Тройка давлатлари Суданда фуқаролик етакчилигида тузилган айни битим йўлида ташланган муҳим қадамни олқишлайди. Британия бундай ҳукумат ташкил этилганидан кейин у билан яқиндан ҳамкорлик қилишни интиқлик билан кутмоқда ва биз барча иштирокчиларни якуний битимга эришиш учун зудлик билан бирлашишга чақирамиз». (https://alsudantoday.com, 2022 йил 6 декабр). «Судандаги якуний битимни кечиктиришнинг даҳшатли оқибатлари» ҳақида огоҳлантирган Британиянинг хавфсизлик кенгашидаги вакили Жеймс Кариуки бундай деди: «Бирлашган Қироллик фуқаролик бошчилигидаги ўтиш даври ҳукумати тузилганидан кейин унга муҳим иқтисодий ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштириш учун халқаро ҳамкорлар билан ишламоқда. Судандаги хавфсизлик ҳолати ҳам заифлигича қолмоқда. Биз Мовий Нил ва Ғарбий Кордофандаги зўравонликлардан чуқур хавотиримизни яна бир бор таъкидлаймиз». (https://www.sudanakhbar.com, 2022 йил 6 декабр). Британия ҳам Америка каби Суданга тўғридан-тўғри аралашиб, битимни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Чунки у БМТдаги махсус вакили орқали Қўшма Штатлар билан биргаликда битимни тузиш ва ишга туширишни назорат қилганлар қаторида эди. Британия асосан ўз малайларидан иборат бўлиши кутилаётган фуқаролик ҳукуматини қўллаб-қувватлашини эълон қилди. У бу билан ҳокимиятни қўлга олиш ҳамда армиянинг бошқарув ва сиёсатдаги таъсирини сусайтириш учун сиёсий муҳитда ўз таъсирини сақлаб қолди.
Тўртинчи: хулоса шуки, Судандаги ушбу воқеалар кўриб чиқилса, ундаги халқаро можаро ўзгармаганлиги аён бўлади. Тўғрироғи, бу можаро Бурҳон, унинг ўринбосари ва гуруҳини назорат қилаётган АҚШ билан Британия малайлари ва тобеларидан иборат «Озодлик ва ўзгариш кучлари» ва у билан иттифоқ тузган партиялар ўртасидаги яширин бўлмаган очиқ курашдир. Чунки ҳар икки томон, яъни Америка ва Британия шу пайтгача ҳарбий ва фуқаролик таркибий қисмларида ўз таъсирини кенгайтира олмади. Шунинг учун ҳам Америка ва Британия Башир қулашининг бошида бўлгани каби келишиб олишди. Бу келишув 25 октябрда зиддият кучайгунгача давом этди. Мана энди улар яна бир битимга эришди! Бу битим вақтинчалик битим бўлиб, икки томондан бири тўлиқ ҳарбий ва фуқаролик таъсирга эга бўлгунга қадар давом этади… Бурҳон бошқарувни қўлга олгандан бошлаб биз айни шу нарсага ва «тўнтариш» амалга ошишига ишора қилиб, бу борада нашр қилган иккита саволга жавоб нашримизда бунга эътибор қаратган эдик:
- Биз 2019 йил 23 сентябрда нашр қилинган саволга жавоб нашримизда, яъни тахминан бошқарувда икки партиянинг иштироки бошланган пайтда, ҳарбий компонентнинг фуқаролик компоненти билан ҳокимиятни бўлишиш борасида тузган келишуви ҳақида бундай деган эдик: «Кутилаётган нарсага келсак, АҚШ ва Британия тинч-тотув яшай олмайди. Чунки уларнинг манфаатлари ва уларга тобе бўлган маҳаллий воситалари бир-биридан фарқлидир. Шунинг учун томонлар бир-бирларининг ҳаракатларини бузишга ҳаракат қилишади! Жорий воқеаларни кузатиш, уларнинг оқибатлари ҳақида фикр юритиш ва ташқи ва маҳаллий, айниқса Америка ва Европа расмийларининг баёнотларини синчковлик билан ўрганиш орқали айтиш мумкинки… ҳар икки томон ўз рақибини таъқиб қилиш, босим ўтказиш ва ҳокимиятдан маҳрум қилиш учун қуйидаги воситалардан фойдаланиши мумкин…» Биз ўша воситаларни саволга жавоб нашримизда баён қилиб ўтгандик ва ҳақиқатан ҳам шундай бўлди.
Ундан кейин, 2021 йил 25 октябрдаги саволга жавоб нашрида биз шундай дедик: «Хоҳ Америка малайлари томонидан олиб борилаётган ифлос усуллар бўлсин, хоҳ Британия ва Европа малайлари тутаётган ёвуз йўналишлар бўлсин, буларнинг барчаси Суданда зулм, очлик, кризислар ва қон тўкилишларнинг асл сабабчисидир. Шунинг учун Судан халқи ўз аҳволини англаб, Америка, Британия ва Европага малай бўлган ва Судан халқининг қони ва қадриятларини кофир давлатлар хизматига қўйган бу омадсиз ҳукмдорлардан юз ўгириши лозим. Бу малай ҳукмдорларга қарши қатъият кўрсатиши ва сафларини бирлаштириши керак».
- Битимнинг давом этиши ва амалга оширилиши ҳақидаги саволларга келсак, бу шубҳали. Ўзи бу битим мамлакатни қутқарадими? Бундай бўлиши асло мумкин эмас. Чунки бу битим ёлғонга асосланган бўлиб, вақтинчалик битим тузган мустамлакачи давлатларнинг ишидир. Шунингдек, битим фақат курси ва мансаб учун қайғурадиган, молиявий даромадларини ҳимоя қилиш ва кўпроқ пул топиш ҳақида ўйлайдиган малайлар ўртасида имзоланган битимдир. Мамлакат ва халқ муаммолари, юрт тараққиёти, унинг мустамлакачилик бўйинтуруғи ва мустамлакачилар чангалидан озод бўлиши уларни қизиқтирмайди. Улар аслида ривожланиш йўлини ҳам билишмайди. Чунки улар ўз таъсирини фикрий ва сиёсий жиҳатдан мамлакатда мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётган мустамлакачилар манфаати учун ҳаракат қилмоқдалар. Бу мустамлакачилар, хусусан Америка ва Британия Суданда ўз таъсирини кенгайтириш учун кураш олиб бормоқда. Ташқи давлатлар аралашуви ҳеч кимга сир эмас. Чунки битим Республика саройида имзоланганда хорижликлар ҳам иштирок этишди. Бундан ташқари, битимни тайёрлаган шахс ҳам чет эл фуқаросидир. Мазкур битимни Судандаги халқаро можаронинг сабабчилари бўлган америкаликлар ва инглизларнинг бевосита назорати остида «Тўртлик» ва «Тройка» номидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус вакили тайёрлади. Тўртлик – бу Америка ва малайи Саудия Арабистони билан Британия ва малайи Бирлашган Араб Амирлигидир. Америка маҳаллий партияларга таъсир ўтказиш ва пора бериш учун ўз малайи Саудия Арабистонидан фойдаланса, Британия ўз номидан шунга ўхшаш ишларни қилиш учун Бирлашган Араб Амирлигидан фойдаланади. Тройка – бу Америка, Британия ва Европа номидан Норвегиядир. Норвегия фақат керак бўлганда ва махфий музокаралар олиб борилганда таъсирга эга. Асосан махфий музокаралар махфий битимларни тузиш билан машҳур бўлган Норвегия пойтахти Ослода олиб борилади. Америка битимни бузганларга қарши санкциялар қўллаш билан таҳдид қилган бўлса, Британия битим муваффақиятсизликка учраган тақдирда даҳшатли оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.
- Бир-бирига қарама-қарши бўлган АҚШ ва Буюк Британияни хурсанд қилишга уринган Германиянинг БМТдаги вакили Фолькер Пертесга келсак, у битим муваффақиятсизлигидан огоҳлантирди. Пертес БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги брифингида шундай деди: «Судан якуний сиёсий битимга яқинлашар экан, сиёсий ечимни ўз манфаатларига тўғри келмайди, деб ҳисоблаганлар, ўзларининг давом этаётган сиёсий жараёнга путур етказадиган уринишларини кучайтириши мумкин» (alrakoba.net, 2022 йил 8 декабр). Бу битим томонлар ўртасидаги вақтинчалик битимдир. Бу чарчаган жангчилар дам олиш учун имзолаган «вақтдан ютиш» битимига ўхшайди. Бироз вақт ўтиб, томонлардан бири иккинчисини мағлуб қилгунча, жанг яна бошланади. Биринчи томон иккинчиси устидан ғалаба қозонса, мағлуб томон таслим бўлмайди, мамлакатнинг шарқида, ғарбида, шимолида, жанубида ва пойтахтида муаммо туғдираверади. Чунки у ерларда унинг жосуслик қурилмалари мавжуд. Юрт булардан тозаланмаса, аҳвол осойишта бўлмайди. Одамлар ўз умидларига эриша олмай, гўзал, муносиб ҳаётни тотмайдилар, натижада дунё ва охират саодатини қўлдан бой берадилар. Шу боис, ҳар бир инсоф ва ихлосли кишининг вожиб вазифаси Росулуллоҳ ﷺнинг башорати бўлган Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликни барпо этиш йўлида ҳаракат қилаётганлар билан жиддий ва сидқидилдан фаолият олиб боришдир.
«ثُمَّ تَكُونُ خِلَافَةٌ عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ»
«Кейин Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик бўлади». (Аҳмад ривояти).
﴿وَيَوْمَئِذٍ يَفْرَحُ الْمُؤْمِنُونَ * بِنَصْرِ اللَّهِ يَنْصُرُ مَنْ يَشَاءُ وَهُوَ الْعَزِيزُ الرَّحِيمُ﴾
«Ўша кунда мўминлар Аллоҳ нусрат бергани сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишига нусрат берур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир» [Рум 4-6]
17 жумодулаввал 1444ҳ
11 декабр 2022м