Бишкекда Евросиё олий иқтисодий кенгаши саммити бўлиб ўтди
Хабар: Бишкекда 9 сентябрда Евросиё олий иқтисодий кенгаши саммити бўлиб ўтди. Саммитда қатнашиш учун 8 декабрда Бишкекка Беларус президенти Александр Лукашенко, 9 сентябр эрталаб эса Россия президенти Владимир Путин етиб келди. Бундан ташқари ташкилотга аъзо бошқа давлатларнинг ҳам раҳбарлари келиши кутилмоқда.
Саммитда Евросиё иқтисодий иттифоқининг ҳозирги иқтисодий аҳволи, Евросиёдаги интеграциянинг долзарб масалалари муҳокама этилади. Жумладан, ташкилот доирасида газ бозорини ташкил қилиш, Саудия Арабистони билан ҳамкорлик қилиш ва бошқа 17 масала кўриб чиқилади. Саммит якунида бир қатор ҳужжатларнинг қабул қилиниши кутилмоқда.
Изоҳ: ЕОИИга Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия аъзо ҳисобланади. Мазкур иттифоқ бож тўсиқларини олиб ташлаш, “тўрт эркинлик” – ишчи кучи, капитал, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган эди. Бироқ, шу кунгача давлатлар ўртасидаги бу каби тўсқинликлар давом этмоқда ҳамда тадбиркорлар ташкилотга аъзо давлатларга маҳсулотларини етказиб беришда қийналиб келмоқда.
Бунга қўшимча, Украинада олиб бораётган босқинчилик уруши ортидан дунё ҳамжамиятида яккаланиб қолган ва борган сари ўз қудратини йўқотиб бораётган Путин ўзининг экинзори сифатида кўришга одатланиб қолган Марказий Осиё республикаларини имкон қадар чангалида ушлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун ўз Россия етовида бўлган турли ташкилотлар саммитини ўтказиб, керак бўлса минтақа давлатларига таҳдид қилиш орқали бўлса ҳам эришишга интилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 14-октябр куни Остонада Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) саммити бўлиб ўтган бўлса, 23 ноябрда Ереванда КХШТ саммити ташкл этилди. Бугун эса Бишкекда ЕОИИ олий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Декабр ойи охирида эса Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Путин янги иттифоқ ва бирлашмалар тузиш орқали минтақа давлатларини янада кўпроқ ўзига боғлаб олиш ва шу орқали АҚШ бошчилигидаги халқаро ҳамжамият томонидан қўйилган санкцияларни четлаб ўтиш йўлида ҳаракат қилмоқда. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев президентликка қайта “сайланганидан” сўнг илк хорижий сафарини Москвага амалга оширди. Ушбу ташриф доирасида Россия президенти Владимир Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида “уч томонлама газ иттифоқи”ни тузишни таклиф қилди. Гарчи аввалига Қозоғистон президенти Тўқаев бу таклифни кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилган бўлсада, кейинчалик Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам бу каби иттифоқда иштирок этишдан бош тортди.
Икки президентининг Россия таклифини рад этиши бу республикаларни имкон қадар Россиядан мософа сақлашга ҳаракат қилаётганидан далолат беради. Бугун Бишкекда бўлиб ўтган ЕОИИ олий кенгашида Ўзбекистон президенти ҳам кузатувчи давлат раҳбари сифатида иштирок этиши кутилган эди. Аммо, саммитга бир кун қолганда Мирзиёевнинг саммитга келмаслиги, унинг ўрнига Бош вазир Абдулла Арипов келиши хабар қилинди. Гарчи минтақа давлатлари Россиядан имкон қадар масофаланишга ҳаракат қилишаётган бўлса-да, бу ишни Кремл томонидан қўйилган “қизил чизиқ”дан чиқмаган ҳолда амалга оширишга ва ўзлари даъво қилаётган “кўп векторли” сиёсат олиб боришга интилишмоқда. Ғарб давлатлари ҳам минтақани Россия чангалидан тортиб олишга қулай фурсат келганини англаб етгани ортидан “бўзчининг моккисидек” минтақа давлатларига серқатнов бўлиб қолишди. Масалан, октябр ойида Европа Кенгаши президенти Шарл Мишел, ноябр ойида эса Европа Иттифоқи ташқи сиёсати раҳбари Жосеп Боррел Марказий Осиёга ташриф буюрди. Бундан ташқари, Мирзиёев ҳам, Тўқаев ҳам ноябр ойида расмий ташриф билан Францияга борди ва президент Эммануэл Макрон билан учрашди.
Аммо, минтақа давлатлари бир мустамлакачидан қутулиш учун бошқаси билан алоқаларини яхшилаш йўлидан бормоқда. Маълумки, бу мустамлакачи давлатларнинг барчаси ягона асос – бошқа давлатларни мустамлака қилиш, бойликларини талон-тарож, халқларидан арзон ишчи кучи сафатида фойдаланиш асосига қурилган. Бу давлатларнинг ҳеч бири “учинчи олам” давлатлари, хусусан, исломий юрт ва мусулмонларга яхшилик ва фаровонлик олиб келишда ёрдам қўлини чўзмайди.
Абдураҳмон Одилов