Жогорку Кенеш қирғиз-ўзбек чегараси бўйича шартномани ратификация қилди

138
0

Жогорку Кенеш қирғиз-ўзбек чегараси бўйича шартномани ратификация қилди

 Хабар: Қирғизистон парламенти қирғиз-ўзбек чегарасининг айрим участкалари делимитацияси бўйича шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилди.

 Биратўла уч ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасини овоз бериш чоғида 64 нафар депутат ёқлаган, 19 нафар депутат қарши овоз берган.

 Депутатлари, шунингдек, биратўла уч ўқишда Кампиробод сув омбори сув захираларини биргаликда бошқариш тўғрисида Ўзбекистон билан тузилган шартномани қўллаб-қувватлашди.

 Мазкур қонунлар, таомилга мувофиқ, президент томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.

 Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси бу ҳужжатлар ратификацияси бўйича қарорни 14 ноябрь куни қабул қилган эди.

 Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг айрим участкалари делимитацияси тўғрисидаги шартнома ҳамда Кампиробод сув омбори сув захираларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги шартнома икки давлат ташқи ишлар вазирлари томонидан шу йил 3 ноябрида Бишкекда имзоланган.

 Изоҳ: Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўтган йили чегарани белгилаш бўйича келишувга эришганидан бери Кампиробод сув омбори масаласи долзарб мавзуга айланди. Бугунга келиб бу масала бўйича тортишув ва шовқин-суронлар чўққисига чиқиб бормоқда. Вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи бўлаётган кучлар ҳам буни куч тўплаш ва халқни кўтариш учун қулай фурсат сифатида кўрмоқда. Расмий ҳукумат эса уларнинг овозини ўчириш учун 20 дан ошиқ таниқли сиёсий шахслар ва фаолларни қамоққа олди.

 Қирғизистонда чегара масаласи долзарб мавзуга айланиб, расмий ҳукумат ҳам, мухолифат ҳам бу вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишга ҳаракат қилаётган бир вақтда, биз мусулмонларнинг бу ишга нисбатан позициямиз қандай бўлиши керак?

 Биринчидан, мустамлакачи кофирлар томонидан исломий юртлар ўрталарига тортилган сунъий чегаралар бўлиши шаръан ҳаром бўлгани сабабли биз мусулмонлар ушбу чегараларни тан олмаслигимиз керак. Иккинчидан, ушбу чегаралар ҳеч қандай шаръий қувватга эга бўлмагани сабабли, чегаралар бир чизиқдан иккинчи чизиққа кўчирилишининг ҳеч қандай қиймати ва аҳамияти йўқ. Учинчидан, мусулмон шахс ношаръий яъни харом қилинган чизиқлар талашиб, куфр манфаати учун атайин сиёсий кескинликлар пайдо қилинаётган можаро ва намойишларда иштирок этмаслиги шарт. Тўртинчидан, сиёсий вазиятларни тўғри англаб, куфр гумашталари бўлган ҳокимият билан мухолифат ўртасида бораётган ҳукм талашиш ўйинларида иштирок этмай, бошқаларни ҳам унда иштирок этмасликка чақиришимиз зарур.

 Куфр томонидан ўрталаримизга тортилган сунъий чегаралар халқ бошига кўп кулфат ва балолар олиб келмоқда. Кампиробод масаласида ҳали сўнгги нуқта қўйилганича йўқ. Эҳтимол бу шу вақтгача содир бўлган чегара можаролари холва бўлиб қоладиган вазиятларга сабаб бўлиши мумкин. Чунки чегара можароларида вазиятлар айнан бир хил, уларнинг барчасида ер талашиш уруш ва можароларнинг боши бўлиб келмоқда. Маълумки, куфр ўз сақофати билан мусулмонларни, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлодни миллатчилик ва ватанпарварлик фикрлари билан суғоришга жиддий эътибор қаратмоқда.

 Агар биз мусулмонлар ҳозир бу фикр ва тушунчаларга қарши фикрий ва сиёсий кураш олиб бориб, унинг кирдикорларини фош этиб бормасак, эртага бу фикр ва тушунчалар ўзининг аччиқ меваларини бериши ҳеч гап эмас. Вазиятга фақат Ислом робитаси – мусулмонлар оға-инидирлар – тушунчасигина тўғри таъсир кўрсата олади. Чунки ватанпарварлик туйғуси чегараларда кескинликлар пайдо қилса, миллатчилик туйғуси миллатлараро ички низолар келтириб чиқаради. Бир давлат ичида турли миллат вакиллари яшаши табиий ҳол. Уларни фақат Ислом робитасигина бирлаштира олади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here