Садир Жапаров Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммитида иштирок этади

83
0

Садир Жапаров Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммитида иштирок этади

 Хабар: Президент Садир Жапаров Самарқанд шаҳрига ташриф буюради. У 10-11-ноябр кунлари Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг тўққизинчи йиғилишида иштирок этади. Бу ҳақда президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муратбек Азимбеков маълум қилди.

 Хабар қилинишича, саммитда давлат раҳбарлари кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қиладилар ҳамда ташкилотнинг 2022-2026-йилларга мўлжалланган деклорацияси ва стратегиясини қабул қиладилар.

 “Тадбир доирасида транспорт, божхона иши, рақамлаштириш соҳасида шартнома ва ҳужжатларни имзолаш, шунингдек, ташкилот ва халқаро турк академиясида бир қатор лавозимларни тайинлаш режалаштирилган”, – дейилади хабарда.

 Саммит давомида Қирғизистон вакили Кубанчбек Омуралиевни ташкилот бош котиби лавозимига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинади.

 Ўзбекистон томони раислигида ўтказиладиган йиғилишда Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркия президентлари иштирок этиши кутилмоқда. Венгрия бош вазири ва Туркманистон парламенти раиси ташкилотда кузатувчи сифатида иштирок этади.

 Ташриф доирасида Садир Жапаров Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашиши, икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиши режалаштирилган.

 Изоҳ: Ҳозирги кунда Туркий давлатлар ташкилоти деб номланган халқаро тузилма туркий тилли халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида 2009 йил 3 октябрда имзоланган “Нахчиван шартномаси” асосида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи билан Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркия ҳамкорлигида ташкил этилган эди.

 Венгрия ташкилотга 2018 йилда кузатувчи мақоми билан қўшилди. 2018 йилнинг 30 апрелида Ўзбекистон ҳам бу кенгашга аъзо бўлиш истагини билдирди ва 2019 йил 14 сентябрда ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланди.

 2021 йил 12 ноябрда Истанбулда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг VIII Истанбул саммитида ташкилот номи Туркий давлатлари ташкилоти деб ўзгартирилди ва Туркманистон ҳам ташкилотда кузатувчи давлат мақомига эга бўлди. Ҳозирги вақтда ташкилот фаолиятини координациялаш бўйича бош котибият Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган.

 Маълумки, АҚШ минтақа давлатларини иқтисодий томондан “ТАПИ”, “CASA-1000” ва “Термиз-Мазори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йўл лойиҳалари орқали ўзига боғлаб олишга уринаётган бўлса, сиёсий томондан “С5+1”, Туркия бошчилигидаги “Туркий давлатлар ташкилоти” орқали минтақадаги туркийзабон давлатларда нуфузини мустаҳкамлашга ҳаракат қиляпти. Бунда Туркия ва минтақанинг тўрт республикалари туркийзабон эканлиги унга қўл келмоқда. Тожикистонга эса бир томондан Эрон воситасида таъсир ўтказаётган бўлса, бошқа томондан қўшма ҳарбий машғулотлар ва ҳарбий ёрдамлар орқали назорат остига олишга уринмоқда. Америка минтақани фақат иқтисодий ва сиёсий томондан ўзига тортиш билан кифояланиб қолмай, минтақа давлатларига ҳарбий ёрдам кўрсатиш билан уларнинг ҳарбий қарамлигини ҳам кучайтириб бормоқда. Масалан, 2018-йили АҚШ ҳукумати тожик хавфсизлик идораларига умумий қиймати 8 миллион долларлик жиҳозлар топширган эди. Бу Америка ҳукуматининг бир йил давомида тожик ҳукуматига кўрсатган ҳарбий ёрдами бўлса, ўтган 26 йил ичид АҚШ Тожикистонга 1,8 миллиард долларлик “ёрдам” кўрсатган. Америка 2015-йили Ўзбекистонга 300 дан ортиқ зирхли ва пистирмадан ҳужумга ўтувчи транспорт воситалари (MRAP) ҳамда зирхли қутқарув машиналари (ARV) етказиб берган бўлса, жорий йилда Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига умумий қиймати 2 миллион 250 минг доллар бўлган 50 та “Toyota Hilux” ва “Fortuner” русумли автомашина етказиб берди. Маълумки, ҳарбий техника ва қурол-яроқ билан бирга ундан фойдаланишни ўргатувчи мутахассислар, маҳаллий ҳарбийларни тайёрловчи инструкторлар, техникалар учун эҳтиёт қисмлар, ўқ-дорилар зарур бўлади. Шу тариқа минтақа давлатлари ҳарбий томондан ҳам АҚШга боғланиб бормоқда. Демак, минтақада АҚШ-Россия-Хитойнинг ўзаро таъсир талашиши кучайиб боради.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here