Бир ойда Қирғизистонга Россиядан 15та “юк-200” олиб келинди

349
0

Бир ойда Қирғизистонга Россиядан 15та “юк-200” олиб келинди

 Хабар: 2022-йилнинг октябр ойида Россиянинг ҳудудида вафот этган 15 қирғизистонликнинг жасади мамлакатга олиб келинди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Россиядаги элчилиги билдирди.

 Маълумотга кўра, ўтган ойда дипломатик идора 50 қирғизистонлик мигрантларнинг 1 млн 963 минг 600 рубл меҳнат ҳақини олишга ёрдам берган.

 Шунингдек Россиянинг миграция бўйича қонунини бузиб, ҳуқуқ тартибот органлари тарафидан қўлга олинган 48 қирғизистонлик қамоқдан бўшатилган.

 “Элчиликнинг ходимлари Красноярск ҳудудининг, Москва, Владимирск ва Самара вилоятларининг жазони ижро қилиш муассасаларига бориб, 42 нафар қирғизистонлик билан учрашди. Ишонч телефонлари ва ижтимоий тармоқлар орқали 8 544 кишига консультация ёрдами кўрсатилди”, – деб таъкидлашди элчиликдан.

 Жорий йилнинг август ойида Россиянинг ҳудудида турли шароитда вафот этган 31 қирғизистонликнинг жасади мамлакатга олиб келинган.

 Россиянинг Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, 2021-йил ичида Россияга жами бўлиб 1 миллион 639 минг 28 қирғизистонлик кирган. Унинг 884 минг 133 нафари ишга ўрнашиш мақсадида келишган.

  Изоҳ: Қирғизистон ЕОИИга аъзо бўлиб киришидан аввал расмийлар мамлакат ташкилотга аъзо бўлса, “тўрт эркинлик” – ишчи кучи, капитал, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиш имкони очилиши ҳақида айтишган бўлсада, рус ҳукумати меҳнат муҳожирлари учун турли тўсиқ ва қийинчиликлар яратиб келди. Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳақ-ҳуқуқлари, меҳнат ва яшаш шароитлари, бошқа масалалар борасида деярли ўзгариш бўлмади. Меҳнат муҳожирлари, шу жумладан қирғизистонликлар ҳам Россияда энг ҳимоясиз қатлам бўлиб қолди. Меҳнат муҳожирлари полиция, Федерал миграция хизмати (ФМС) ва миллатчи тақирбошларнинг осон ўлжасига айланди. Полиция соҳта ва уюштирилган ишлар орқали муҳожирларни қўлга олиб қамоққа ташлаётган бўлса, ФМС арзимаган сабаблар билан уларни “қора рўйхат”га тиркаб, мамлакатдан бадарға қилмоқда. Тақирбошлар ва меҳнат хавфсизлиги таъминланмагани сабабли ҳар йили юзлаб қирғизистонлик ватанига “юк 200”да қетади. Масалан, 2021-йили Қирғизистонга хорижда вафот этган 540 қирғизистонликнинг жасади келган бўлса, шундан 489таси Россиянинг Москва, Екатеринбург ва Новосибирск вилоятларидан олиб келинди. Бу дегани 2021-йилда ҳар куни камида биттадан кўп қирғизистонлик меҳнат муҳожирлигида, ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинмагани сабабли вафот этганини англатади. Жорий йилнинг январ ойида биргина Москванинг ўзидан олти нафар қирғизистонликнинг жасади олиб келинган бўлса, апрел ойида ҳам Россиядан 15та “юк 200” олиб келинган эди.

 7-июн куни Жогорку Кенешнинг конституциявий қонунчилик, давлат тузилиши, суд-ҳуқуқ масалалари ва парламент регламенти қўмитасида Омбусманнинг йиллик ҳисоботи чоғида Россияда курьер бўлиб ишлаб, узоқ йилга озодликдан маҳрум қилинган қирғизистонлик ёшлар масаласи кўтарилди.

 Омбусман Атир Абдрахматова Россияда 18-25 ёшдаги қирғизистонлик ўғил-қизлар “жуда кўп қамалаётгани”ни маълум қилган ва “Кўпчилиги гиёҳванд моддалар билан қамалган. Курьерлик хизмати деб онлайн ўқитишар экан, етказиб борган жойда эса полиция “гиёҳванд модда сотдинг” деб қамоққа оляпти”, – деган эди Абдрахматова. Аммо кўтарилган муаммо кўтарилганича, айтилган сўз айтилганича қолди. Расмий ҳукумат меҳнат муҳожирлари ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари борасида бирор сезиларли қадам ташлай олмади.

 Президент эса завод-фабрикалар очиш, иш ўринлари яратиш ўрнига учрашув ва дам олишларда минг ва ҳатто ўн минг долларлик таниқли бренд кийимлар билан бориш, ўзи учун янги қароргоҳ, “Осмон” шаҳар, ўйингоҳ ва кўнгилочар масканлар қуриш, қиморхоналарни қайта очиш “ташвиши” билан банд.

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here