Жаҳон банки Қирғизистонга 600 миллион доллар ажратади

123
0

Жаҳон банки Қирғизистонга 600 миллион доллар ажратади

 Келгуси беш йилда Жаҳон банки Қирғизистонга 600 миллион доллар миқдорида маблағ ажратади. Бу ҳақда 5-октябр куни биринчи Бишкек иқтисодий форумида Жаҳон банкининг операциялар бўйича бошқарувчи директори Аксел ван Тротсенбург маълум қилди.

Аксел ван Тротсенбург барча манфаатдор томонлар: ҳукумат, фуқаролик жамияти ваэкспертлар ҳамжамиятининг фикрларини тинглаш ниҳоятда муҳим эканини қайд этди. Шунингдек, у Жаҳон банки Қирғизистонга 30 йил давомида 2,7 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатганини эслатиб ўтди.

 “Жаҳон банки келгусида Қирғизистоннинг ҳамкори бўлиб қолиш ниятида, бунга Қирғизистон ҳукумати билан келгуси беш йилда 600 миллион доллар ажратишни назарда тутувчи Асосий стратегия ишлаб чиқилгани далолат қилади, – деди Тротсенбург.

 Изоҳ: Қумтор олтин конини миллийлаштириш ташаббуси мухолифатда юрган вақтда ҳам, президент бўлиб сайлангандан кейин ҳам Садир Жапаров кўтариб чиққан энг асосий мавзулардан бири бўлиб келди. Жапаров “агар Қумтор олтин кони қирғиз бошқарувига ўтса, Қирғизистон халқаро молиявий ташкилотлардан қарз олишига ҳожат қолмаслиги”га халқни ишонтириб келди. Аммо, Қумтор кони миллийлаштирилиб, ташқи бошқарув жорий этилган бўлишига қармай Қирғизистон четдан қарз олишни тўхтатмаяпти. Куни кеча Жорий йилнинг 10 ойида қирғиз ҳукумати бюджетни қўллаб-қувватлаш важи билан халқаро молиявий ташкилотлардан умумий ҳисобда 180 млн. доллар қарз олгани хабар қилинди. Бу хали йил якунланмай туриб олинган қарз миқдори. Агар қирғиз ҳукумати Жаҳон банки билан 600 миллион долларлик келишувга эришса, у ҳолда кейинги беш йил мобайнида мамлакат йилига 120 миллион доллар “ёрдам” олиши нақд бўлиб қолади. Ушбу “ёрдам” қандай шартлар асосида ва қанча муддатга берилиши, фоизи қанча бўлиши хали аниқ эмас.

 Жорий йилнинг апрел ойида ҳам Жаҳон банки Қирғизистонга 150 миллион доллар ажратиши хабар қилинган эди. Ўша вақтда АҚШга сафар қилган АҚШда вазирлар махкамаси раиси Акилбек Жапаров иштирокида янги молиявий келишув имзоланганди. Ушбу қарздан 50 миллион доллари Боткен вилоятини ривожлантириш лойиҳасига ажратишлиши айтилган, маблағнинг ярми грант шаклида, қолгани йиллик 0,75 фоиз устама билан 38 йилга берилиши хабар қилинганди. Сув хўжалиги ва иқлим ўзгаришини олдини олиш учун ажратиладиган 100 миллион доллар қандай шартлар асосида ажратилиши эса маълум қилинмаган, фақатгина маблағнинг 50 миллион доллари грант эканлиги айтилган эди.

 Маълумки, халқаро молиявий ташкилотлар оламий мустамлакачилик тузумининг асосий қуролига айланиб қолган. Ушбу ташкилотлардан олинган қарз ва “ёрдам”лар мамлакат тараққиёти учун эмас, аксинча, давлатнинг қўл-оёғини боғлаб, ўз манфаатларини амалга ошириш мақсадидагина берилади. Айрим грантлар, енгиллик қаторида кўрсатилган битимлар эса кўзбўямачилик бўлиб, унинг ортида махфий талаблар қўйилади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here