Дума Украинанинг тўрт области Россия таркибига кириши тўғрисидаги шартномаларни тасдиқлади
Хабар: РФ давлат думаси депутатлари Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорижжя областларининг Россия таркибига “кириши” тўғрисидаги шартномаларни ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаларини бир овоздан маъқуллади.
Ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров тақдим қилди.
“Бу жараён 2014-йилда Россияга Қрим республикаси ва Севастопол шаҳри қайтариб олиниши билан бошланган рус ерлари бирлашишининг мантиқий давоми бўлди”, – деди у.
Изоҳ: 27-сентябр куни Россия томонидан босиб олинган Донецк, Луганск, Херсон ва Запорижжя областларида референдумлар якунланган эди. 30 сентябрда Россия Конституциявий суди Кремлда имзоланган Украинанинг босиб олинган областларини “Россия Федерацияси таркибига қабул қилиш” тўғрисидаги шартномаларни маъқуллади. Суд томонидан маъқулланган бу шартнома –Украина ҳудудларини Россия томонидан расман аннексия қилиш тартибидаги қадамлардан бири сифатида баҳоланди. Давлат думаси раиси Вячеслав Володин парламент қонун лойиҳаларини 3-октябр, душанба куни кўриб чиқишини маълум қилган бўлса, палата спикери Валентина Матвиенко Федерация кенгаши бу масалани 4-октябр куни кўриб чиқиши мумкин, деди. Давлат думаси 3-октябр куни босиб олинган ҳудудларни Россия таркибига “кириши” тўғрисидаги шартномаларни ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаларини бир овоздан маъқуллаганидан сўнг Россия президенти Владимир Путин “янги ҳудудларни қабул қилиш” тўғрисидаги федерал конституциявий қонунни киритиши керак бўлади…
Путин режимининг шошилинч тарзда босиб олинган ҳудудларда референдумлар ўтказиши ва уларни Россия таркибига қўшиб олишдан кўзлаган мақсади босқинчилик урушини “ватан уруши”га айлантириш ва шу орқали рус халқида ватанпарварлик туйғуларини қўзғашдан иборат эди. Босиб олинган ҳудудлар расман Россия таркиби сифатида эълон қилинганидан сўнг Путин эълон қилган а қисман мобилизацияни оммавиф мобилизацияга айлантириш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, ўз ҳудудларига “четдан тажовуз” бўлаганини рўкач қилиб “тийиб туриувчи кучлар” – ядро қуроларини ишга солиш билан таҳдид қилиб АҚШ ва ЕИнинг Украинага кўрсатаётган ҳарбий ёрдамларини олдини олиш ёки ҳеч бўлмагандан қисқартиришга мажбур қилишга умид қилмоқда. Қолаверса “ҳимоя” баҳонасида КХШТга аъзо “иттифоқчиларини” ҳам урушга тортиш имконига эга бўлади.
Абдураҳмон Одилов