Ақл ва дин орасида(3)

61
0

Ақл ва дин орасида(3)

Битта масала қолди. У ҳам бўлса, ақл ва Дин орасидаги қатъий зиддият масаласи. Айримлар буни илм ва Дин орасидаги зиддият демоқчи бўлишади. Бу масала қачонки дин ақлга қурилмаган ва бунинг натижасида у ҳар ҳил хурофот ва гумонларни йиғиб олган пайтда ўртага чиқадиган масаладир. Ислом дини эса, бундан мустасно. Негаки, Исломнинг барчаси ақлга ёки ақлга қурилган асл(Қуръон ва ҳадис)га асосланган ақидалардан иборатдир. Шунинг учун Исломда ақл билан дин орасида ҳеч қачон зиддият  юзага келмайди.

Бундай зиддият қачон вужудга келиши мумкин бўладиган холатларни тасаввур қилиб кўрайлик; зиддият икки хабарнинг орасида бўлади. Дин бирор нарсанинг мавжудлигини таъкидлаб ёки бирор воқеъни сифатлаб хабар беради. Ёки ўтмишдаги ёки келажакдаги ҳодисалар ҳақида хабар беради. Айни пайтда Дин таъкидлаган мана шу нарсанинг мавжудлиги ҳақида, Дин таърифлаган воқеънинг сифати ҳақида ёки Дин хабар берган ходисалар ҳақида ақл томонидан зиддиятли ҳукм ҳам мавжуд бўлади. Бошқачароқ айтганда, зиддият ақлнинг: Дин хабари воқеъига мос келмайди – деб ҳукм чиқаришидир. Ақл ҳукми воқеъ ҳақидаги хабарларда Дин ҳукмига қарама-қарши келишидир. Шунга кўра, ақл билан шаръий аҳкомлар орасидаги зиддият борасида умуман баҳс қилиб бўлмайди. Чунки, шаръий ҳукм хабар эмас, иншодир. Негаки, шаръий ҳукм бир ишни қилишни ёки қилмасликни талаб этишдир. Юқорида айтиб ўтганимиздек, у вокеъга мос келиши ёки мос келмаслиги жиҳатидан баҳс қилинмайди.  (Калом икки қисмга бўлинади. Биринчиси, хабар, иккинчиси иншо. Хабар рост ва ёлғонликни ўз ичига олади яъни хабарий калом рост бўлиши ҳам, ёлгон бўлиши ҳам мумкин. Масалан; «Зайд турди» – дейилса, айтилган бу калом рост бўлиши хам, ёлғон бўлиши ҳам мумкин, воқеъга мос келиши ҳам, мос келмаслиги ҳам мумкин. Яъни Зайднинг воқеъда турган бўлиши ҳам, турмаган бўлиши ҳам мумкин. Иншоий каломда эса, ростлик ва ёлғонлик бўлмайди. «Тур, эй Зайд» – дейилганда, ёки «Эй мўминлар…» – деган нидода, «Намозни қоим қилинглар…» – деган амрда ростлик ёки ёлғонлик бўлмайди. Шаръий аҳкомлар буйруқ ва қайтариқдан иборат бўлгани учун бу аҳкомларнинг воқеъга мос келиши ёки мос келмаслиги ҳақида баҳс юритилмайди.)

Бу ердаги зиддия мантиқан уч холатда тасаввур қилинади. Тўртинчи холат мавжуд эмас.

Биринчи холат: Дин томонидан бўлган қатъий хабар билан ақл томонидан бўлган зонний хабар орасида. Бу ўринда қатъий Дин хабари олинади ва канчалик рожиҳ(кучли) даражада бўлса ҳам зонний хабар тарк этилади. Дин хабарининг ўзи – баҳсимиз аввалида таъкидлаб ўтганимиздек – ақлга асослангандир. Демак, ақл бу хабарнинг қатъийлигига ҳукм чиқаради, унинг воқеъга мослигига қатъий жазм қилади. Бу ўринда тасаввур қилинадиган зиддият бири қатъий ва иккичиси зонний бўлган иккита ақлий ҳукм орасида бўлади. Шунинг учун зонний рад этилади ва унинг воқеъга қатъан мос келмаслигига ҳукм қилинади.

Иккинчи холат: ақл томонидан бўлган зонний хабар билан Дин томонидан бўлган зонний хабар орасида зиддият бўлади. Бундай холатда уларнинг ҳеч қайси бири қатъий рад қилинмайди. Магар уларнинг бири қатъий бўлиб қолса, иккинчиси рад этилади. Аммо агар урарнинг ҳар иккиси зз холатича қолса, уларнинг бирини қабул қилиб, иккинчисини рад этишга ҳеч қандай асос йўқ. Балки уларнинг биридан бошқасини саҳиҳ баҳс йўли билан таржиҳ қилишга таянилади. Масалан, дин хабари бошқа шаръий ё ақлий хабарлар билан таржиҳ килинади. Ёки ақл ҳукми бошқа шаръий ёки ақлий хабарлар билан таржиҳ қилинади.

Учинчи холат: зиддият ақл томонидан бўлган қатъий хабар билан дин томонидан бўлган зонний хабар орасида бўлди. Бундай холатда қатъий хабар олинади ва зонний хабар рад этилади. Аксинча бўлиши асло мумкин эмас. Негаки, хоҳ Диндан, хоҳ ақлдан бўлсин, қатъий хабарга хато аралашиши асло мумкин эмас. Агар ақл томонидан қатъий бўлган хабарга хато аралашиши мумкин дегани Диннинг асоси бўлмиш ақлнинг қатъий ҳукмигм хато аралашиши мумкин деган маънони англатади. Бу эса, амри маҳол иш. Аммо Дин томонидан ёки ақл томонидан бўлган зонний хабарга хато аралашиши мумкин. Агар бундай бўлмаганда, албатта у зонний эмас, балки қатъий бўлар эди. Дин томонидан бўлган зонний хабар фақат уч холатдагина бўлади;

1-хабар – субути қатъий, далолати зонний насс бўлади.

2-хабар – субути зонний, далолати катъий насс бўлади.

3-хабар – субути ҳам, далолати ҳам зонний насс бўлади.

Бундай зиддиятга «Шамс» сурасидаги Аллоҳнинг мана бу сўзи мисол бўлади:

وَالْأَرْضِ وَمَا طَحَاهَا

«Ва ер билан ва унинг тўшалиши билан қасам».(91:6).

Ва «Назиъат» сурасидаги мана бу оят мисол бўлади:

وَٱلۡأَرۡضَ بَعۡدَ ذَٰلِكَ دَحَىٰهَآ

«Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди».(79:30).

Мана шу икки оятнинг тафсирида айрим муфассирлар: ернинг шакли шарсимон эмас, текис – дейдилар. Бу ақлнинг ернинг шар шаклида эканлиги ҳақидаги қатъий ҳукмига зид келади. Шунинг учун: Ер шар шаклида эмас – деганларнинг гаплари рад этилиши лозим. Бу ерда рад этиладиган нарса оят эмас, муфассирларнинг сўзидир. Чунки оят субутида қатъийдир. Лекин далолатида зонний. Шу боис, қатъий воқеъга зид келадиган зонний маъно рад этилади.

Шунингдек, Расулллоҳ – саллоллоҳу алайҳи ва саллам – нинг:

لا عدوى ولا طيرة

«Юқумли касаллик ва қуш учириб, фол очиш йўқ», деган сўзлари ҳам шу холатга мисол бўлади. Баъзилар ушбу нассдан юқумли касалликнинг мавжуд эмаслигини, касалликлар бир шахсдан бошқа шахсларга ҳам юкиши мумкин эмаслигини  тушинадилар. Ҳадиси шарифдаги:

 عدوى  لا (ла удва) дегандаги لا (ла) жинсни нафий қилувчи харфдир. Бу ҳадисга биноан юқимли касалликнинг мавжудлигини инкор қилувчилар наздида нафийга далолат қилади. Лекин, бундай касалликнинг мавжудлиги, юқумли касалликлар бир шахсдан бошқа шахсларга ҳам шубҳасиз юқиши ақл билан қатъий собит бўлган. Шунинг учун ушбу ақлнинг қатъий ҳукми билан Диннинг зонний ҳукми орасидаги бу зиддиятда ақлнинг қатъий ҳукми олиниб, унга қарши бўлган диннинг зонний ҳукми рад этилади. Яъни, ақлнинг: юқумли касалликлар мавжуд – деган ҳукми олиниб, ҳадисдан тушинилган зонний ҳукм рад этилади. Ҳадис: касалликнинг мавжудлигини инкор қилаяпти – деб тушиниб олган кишиларнинг сўзлари инкор қилинади ва узоқ иҳтимол билан бўлса ҳам нассдан тушиниш мумкин бўлган бошқа маънога мурожаат қилинади, яъни насс таъвил қилинади. Шунда – ақлники бўладими, динникими – қатъий ҳукмга зид чиқиш юзага келмайди. Шу сабабли, нассдан унинг юқумли касалликдан қайтараётганлиги тушинилади. Яъни ҳадис юқумли касаллик юқтириб олган кишининг бундай касалга чалинмаган бошқа кишилар билан аралашиб юришдан қайтаради. Юқумли касалликка чалинмаган кишиларни юқумли касалликни илаштириб олган кишилар билан аралашиб юришларидан қайтаради.

Пайғамбаримиз – саллоллоҳу алайҳи ва саллам – нинг  «Юқумли касаллик йўқ», деган сўзларидаги «йўқ» ибораси жинсни ифодалаш учун келган. Бу сўз эъроб жиҳатидан нафий бўлмайди. Лекин у маъно жихатидан нафий эмас, балки – маъно жихатидан – юқумли касалликни пайдо қилишдан қайтаришдир. Шунда маъно юқумли касалликнинг мавжудлигини инкор этиш эмас, балки юкумли касалликни пайдо қилишдан қайтариш бўлади. Худди шу маънони Расулуллоҳ – саллоллоху алайхи ва саллам – нинг «Қуш учириш йўқ» – деган сўзлари ҳам таъкидлайди. Ушбу насс қуш учириб фол очишнинг мавжудлигини эмас, балки айнан шу ишдан қайтаришдир. Чунки қуш учириб фол очиш инсоннинг иши бўлиб, у шубхасиз мавжуддир. Аллоҳ таъоло «Ясин» сурасида айтади:

قَالُوٓاْ إِنَّا تَطَيَّرۡنَا بِكُمۡۖ

Улар(мушриклар): «Биз қушларни учуриб, фол очиб (сизлардан бадгумон) бўлдик. …», – дейишди.

قَالُواْ طَٰٓئِرُكُم مَّعَكُمۡ

Улар(росуллар): «қушлар учуриб очган фолинглар (сабабли бўлган Бадгумонлигингиз) ўзингиз билан…», – дедилар.(36:19).

Яна шу маънони Расулуллоҳ – саллоллоҳу алайҳи ва саллам – нинг мана бу сўзлари ҳам таъкидлайди:

فر من المجذوم فرارك من الأسد

 «Пес-моҳовдан шердан қочгандек қоч!» Аҳмад ривояти.

إذا سمعتم به بأرض فلا تقدموا عليه وإذا وقع بأرض وأنتم بها فلا تخرجوا فرارا منه

 «Агар бирор ерда вабо касали борлигини эшитсанглар, бас у ерга кирманглар. Агар сизлар турган жойга вабо келса, бас сизлар у ердан ташқарига чиқманглар!» “Фатҳул Борий” да келган.

Бу ҳадислар: ақл билан Дин орасида тафовут бўлиши мумкин – деган ҳар қандай гумонни бартараф этади.

Ушбу уч холатнинг тўртинчиси йўқ. Агар: эҳтимол тўртинчи холат ҳам бор – деб фараз қилиш мумкин бўлса, албатта бу холат Диндан бўлган қатъий хабар билан ақлдан бўлган қатъий хабар орасидаги зиддият холати бўлиши мумкин. Бундай холатнинг эса, воқеъда мавжуд бўлиши мумкин эмас. Бундай холат бўлиши мумкинлигини ақлнинг ўзи инкор қилади. Чунки Диндан бўлган қатъий хабарнинг асоси ақлдир. Ақл бундай хабарнинг воқеъга мос келишини тасдиклайди. Шунинг учун ақл томонидан бўлган қатъий хабарни ақл томонидан бўлган бошқа қатъий хабар билан зид келиши ёки Дин томонидан бўлган қатъий хабарнинг бошқа айни мана шу дин томонидан келган бошқа қатъий хабар билан зид келиши амри-маҳолдир. Шунинг учун субути ҳам, далолати ҳам қатъий бўлган шаръий нассларда келган хабарларга – улар ўтмиш ҳақида хабар берадими, келажак ҳақида хабар берадими – уларга иймон келтириш, яъни уларни қатъий тасдиклаш вожиб бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ – саллоллоҳу алайҳи ва саллам – га;

الم * غُلِبَتِ الرُّومُ * فِي أَدْنَى الْأَرْضِ وَهُمْ مِنْ بَعْدِ غَلَبِهِمْ سَيَغْلِبُونَ

Алиф, Лом, Мим. Жуда яқин жойда Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. (30:1,2,3).  ояти каримаси нозил бўлиб, бу оятни саҳобаларга ўқиб берганларида ҳар бир саҳобага – гарчи келажак ҳақидаги хабар бўлса ҳам – бу хабарга эътиқод қилишлари вожиб бўлиб қолди. Чунки бу оятларнинг субути ҳам, далолати ҳам қатъийдир. Бу оятларнинг воқеъга мос келишида шубҳа қилиш рисолатда шубҳа қилиш билан баробар. Бундай бўлиши эса мумкин эмас. Чунки рисолат ақл билан қатъий собит бўлади.

Аммо илм билан Дин орасидаги зиддият масаласида ҳам ақл билан Дин орасидаги зиддият масаласида айтилган фикрларни айтиш мумкин. Чунки ақл илмнинг ҳам асосидир. Тамом.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here