Ҳижрат хотираларида ҳолатларнинг бир-бирига ўхшашлиги

179
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳижрат хотираларида ҳолатларнинг бир-бирига ўхшашлиги

Пайғамбаримиз ﷺнинг ҳижратлари мусулмонлар тарихида муҳим воқеа бўлди. Зеро, у даъватнинг янги босқичи бошланганидан дарак бериб, давлатнинг марказлашишига пойдевор бўлган эди. Зотан, Росулуллоҳ ﷺ Маккадаги ўн уч йиллик даъватлари мобайнида мана шу давлатни барпо этиш учун ҳаракат қилиб, кўпгина араб қабилаларини зиёрат қилган ва улардан нусрат талаб қилган эдилар. Ва ниҳоят, Аллоҳ Таолонинг илтифоти ила, талабни Мадинадаги Авс ва Хазраж қабилалари қабул қилишди. Илк давлат барпо этилиши уларнинг қўли билан амалга ошиб, янги давр бошланди. Мусулмонлар ўзларининг саъй-ҳаракат ва вақтларини аямай сарфлаб, ҳар бир ўтроғу кўчманчининг уйига Исломни олиб киришга муяссар бўлдилар. Зеро, Аллоҳ уларга зафар бериб, толеларига нусратни битган эди.

Мадинаи Мунавварада давлат барпо этилгунга қадар мусулмонлар ҳолати қандай эди? Уларнинг ҳолати билан бугунги бутун мусулмонлар ҳолати, хусусан Шом аҳлининг ҳолати ўртасида қандай ўхшашлик бор?

Набий ﷺнинг сийратларини ўрганган киши шунга гувоҳ бўладики, ўшанда моддий нуқтаи назардан олиб қараганда бирор нажотдан умид йўқ эди. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ ва асҳоби киромлари Маккадаги охирги кунга қадар азоб-уқубатда яшардилар. Кофирларнинг ул зотни ҳижрат қилаётган пайтда ўлдирмоқчи бўлишгани уларнинг нақадар оғир ҳолатда яшаганликларини кўрсатади.

Даъватнинг ҳижратдан олдинги ҳолатига моддий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, Набий ﷺ билан ул зотга имон келтирган саҳобаларнинг Макка дарасида қамал қилиниб, барча соҳада зулм ва турли тазйиқ остида яшаганликларига гувоҳ бўламиз. Дарҳақиқат, ўшанда ўлим эҳтимоли кучли, даъватнинг йўқ қилиниши мумкин ҳолатда эди… На умид шуъласи бор эди, на халос бўлишга чора… Моддий воқелик шуни кўрсатарди.

Набий ﷺ даъватлари чоғида саҳобалар билан бирга бир лаҳза ҳам Қурайшнинг тазйиқи, азоби ва ғаразли ташвиқотисиз яшамадилар. Уларга майдон тор, қарши даъволар эса, кучли эди. Тоиф аҳолисининг реакцияси Росулуллоҳ ﷺга, у кишининг даъватига ва асҳобларига қарши қилинган ишларнинг нақадар шиддатли бўлганини кўрсатади. Сиз бу воқеликни батафсил ўқиб-ўргансангиз, ўша ҳолатдан келиб чиқиб, нажот, ёруғ кунлар ва бошпана қачон-қаердан келади дейишингиз муқаррар!

Бунинг муқобили ўлароқ, Аллоҳнинг оятлари нозил бўлиб, мўминларга сабот бериб, қалбларига хотиржамлик, дилларига роҳат уруғини экиб борарди… Шунингдек, ёруғ кунлар яқинлиги, кофирлар истамаса-да, маълум вақт ўтгандан кейин бўлса ҳам, келажак мана шу буюк динники бўлиши ҳақида хушхабар бериб турарди.

Даъват ва даъватни кўтариб чиққанлар мана шундай ҳодисаларни бошдан ўтказиб, мусибатларга сабр қилдилар. Зеро, улар Аллоҳнинг ёруғ кунлари яқинлигига чуқур ишонардилар. Булардан ташқари, ўша пайтда одамлар устидан истибдод ҳукмрон эди. Даъват эгалари йўлдан оздирувчи кимсалар томонидан қаттиқ адаштиришларга йўлиқиб, ўша пайтдаги золим тузумларнинг адолатсизлиги билан ҳукм қилинган. Убудият эса, ўша пайтда инсон ўйлаб топган тузумларга бўларди. Чор атроф динсизлик, зўравонлик ва қулдорликка ботганлиги сабабли одамлар нажотдан умидларини узиб, ҳукмрон режимларнинг зулму зўравонлиги туфайли нажотни ҳис ҳам қилмайдиган бўлиб қолишганди.

Бугунги кундаги мусулмонлар ҳам мозийдаги инсонлар ҳис қилган нарсани ҳис қилмоқдалар. Режимларнинг зўравонлиги, зулми, такаббурлиги ва мустабидлиги сабабли тортаётган азоб-уқубатларидан халос бўлишга ишонмай қолдилар. Уларнинг қўзғолонлари борасида содир бўлган ишлар бу умидсизликни янада зиёдалаштирди. Чунки улар ўзларига ёрдам қўлини чўзадиган бирор бир кимсани тополмай қолдилар. Устига-устак, уларга ва қўзғолонларига қарши тил бириктирувлар кўпайди. Одамлар воқеликни унга бўлган назарияларига қараб ҳис қилишмоқда. Бу нарсаларга режимларнинг қўлларидаги барча имкониятлар, восита-қуроллар ва ишга солаётган оммавий ахборот воситалари ҳам қўшимча бўляпти. Чунки ахборот воситалари айни назарияларни мустаҳкамлашга, ҳатто айрим оптимистларда бўладиган умид чироғини ҳам ўчиришга ҳаракат қилишмоқда.

Биз масалага бир оз диққат қилсак, бу ҳолат Шомдаги айрим одамларда ҳам мавжудлигига гувоҳ бўламиз. Чунки Шомда босим қаттиқ, қўлланаётган восита-қуроллар хилма-хил бўлиб, булар одамлардаги воқеликка бўлган мазкур назарияни мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. Тил бириктирув шу даражада кўпки, саноғини фақат Аллоҳ билади…, одамларни тушкунликка тушириш энг юқори даражада…, босим қаттиқ. Қўзғолон тўлқинини жиловлаб олганлар ва ўзларини унинг ҳимоячиси ва ёрдамчиси қилиб кўрсатаётганлар ҳар ёнда ҳозиру нозир ва кучли… Хўш булар нима учун қилинмоқда? Булар одамларни ўзгариш умидларини сўндириш ва уларда қонхўр режимдан қутулишнинг асло имконияти йўқ, деган фикрни мустаҳкамлаш учун қилинмоқда… Буни одамлар туну кун бошдан кечираётган воқеликдаги воқеа-ҳодисалар кўрсатиб турибди. Бироқ шуларнинг барчасига қарамай, Шом аҳли ва бошқа мусулмон фарзандлари қалбида ўзгаришга бўлган умид борлигига, ўзларининг мавжуд ҳолатларини ўзгартириш учун бўлган рағбатлари жуда кучли эканига гувоҳ бўламиз. Одамларнинг қўрқув деворини бузиб ташлаб, мабда асосида туб ўзгариш томон кўз тикаётганлари яққол сезилиб турибди. Бу шундай яхшилик аломатларидирки, Уммат орасидаги ростгўй фарзандларнинг ўзгартиришга қодир эканлигига қайта умид ва ишонч бахш этади.

Агар даъват ва уни кўтариб чиқаётганлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, улар ҳам худди Пайғамбарлари ﷺ ва саҳобалар яшаган ҳолатда яшамоқдалар. Ўзлари ҳис қилиб турган воқелик нажот ва ёруғ кун истиқболи кўринмаётганига далолат қилади. Чунки даъват тазйиқ остида қолган бўлиб, даъватни кўтариб чиқаётганлар ҳаётларини қувғин, туҳмат, қийноқ, ҳатто қатлсиз ўтказмайдиган бўлиб қолди. Бугунги ва кечаги даъват аҳли билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар бир-бирига жуда-жуда ўхшайди, ажратишнинг деярли иложи йўқ. Биз бир зум тўхтасак, бизга яхши ўрнак кўрсатган Росулуллоҳ ﷺнинг бундай вазиятга нисбатан қандай позицияда бўлганларини билиб оламиз.

Ҳижрат соҳиби бўлмиш Росули акрам ﷺга, ул зотнинг саботига ва саҳобаи киромларига нисбатан уруш очаётган режимларнинг репрессиясига бугунги кундаги даъват аҳлининг қилаётган сабри ўз самарасини берди. Зеро, улар ва уларнинг даъватига қарши қилинган қилмишлар уларнинг аҳд-паймонларига таъсир қилмади. Аксинча, уларни янада кўпроқ саъй-ҳаракат қилишга ундаб, Аллоҳнинг ўз динига нусрат беришига ва Набийси ﷺни ғолиб қилишига бўлган ишончларини янада зиёдалаштирмоқда. Бугунги кунда худди шундай бўлишимиз керак. Чунки фитна тўлқини мавж уряпти, Ислом ва мусулмонларни ёмон кўриш тобора кучайяпти, буларга фақат ишонч қарши тура олади. Бу Аллоҳнинг нусрати яқин эканига, машаққат қанчалик кучайса, ёруғ кунлар шунчалик яқинлашишига, Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар билан ҳукм юритиш кемаси, ким хоҳласин-ким хоҳламасин, албатта иккинчи марказлашув нуқтаси ҳисобланмиш қирғоққа албатта етажагига бўлган ишончдир. Шубҳасиз, бу кун Аллоҳнинг изни ила яқин ва албатта бир кун келади. Зеро, Аллоҳ Субҳанаҳунинг ваъдасига ва

﴿أَلَا إِنَّ نَصْرَ اللهِ قَرِيبٌ﴾

«Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг нусрати яқиндир»                                                          [Бақара 214]

деган каломига ишонувчи мусулмонлар ушбу Кунни узоқ вақтдан буён кутмоқдалар.

Роя газетасининг 2022 йил 17 август чоршанба кунги 404-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here