Ақл ва дин орасида(2).

54
0

Бисмиллоҳирроҳманирроҳим

Ақл ва дин орасида(2).

Аллоҳ Таъолонинг бани Одамни бошқа махлуқотлардан афзал қилиши фақат, айнан ақл неъмати билан эди. Аллоҳ таъоло «Фурқон» сурасида айтади:

أَمْ تَحْسَبُ أَنَّ أَكْثَرَهُمْ يَسْمَعُونَ أَوْ يَعْقِلُونَ ۚ إِنْ هُمْ إِلَّا كَالْأَنْعَامِ ۖ بَلْ هُمْ أَضَلُّ سَبِيلًا

Ёки сен уларнинг кўплари тинглай оладилар ё англай оладилар, деб ҳисоблайсанми? Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар. [25:44].

Шу ўринда ҳулоса қилиб айтишимиз мумкинки, ақидаларга нисбатан ақлнинг ўрни  баҳс қилиш, назар солиш ва нарсалар устида ҳақиқатларни қарор топтириш билан ҳукм чиқаришдир. Ақлнинг нақлий ва самъий ақидаларга нисбатан тутган ўрни эса, нассларни англаб етиш ва уларда келган нарсаларга ҳаққу-рост эканига иқрор бўлгандан кейин иймон келтиришдан иборатдир.

Аммо ақлнинг шаръий аҳкомларга нисбатан тутган ўрнига келсак, шаръий аҳкомлар тўғри ва нотўғрилигига қараладиган нарсалардан эмас. Чунки шаръий аҳкомлар ҳақиқатни қарор топтириш ёки уларни сифатлаш учун воқеъ устида ҳукм чиқариш эмас. Негаки, шаръий ҳукм воқеъга мавжуд ёки мавжуд эмас, узун ёки қиска, ёнувчан ёки ёнувчан эмас ва ҳоказолар деб ҳукм чиқариш эмас. Ҳамда шаръий хукм хабар ҳам эмас. Балки шаръий ҳукмда итоат қилиш ёки итоат қилмаслик жиҳати қаралади. Чунки шаръий ҳукм Шореънинг бандаларнинг феълларига алоқадор бўлган хитобидир. Демак, у иймонга эмас, фақат феълга, амалга алоқадордир. Шаръий аҳкомлар Аллоҳнинг бандалар учун бўлган буйруқ ва қайтариқларидан иборатдир. Шаръий аҳкомлар намоз, рўза, амри-маъруф ва наҳи-мункар, халифани вужудга келтириш, куфр ҳукмронлигини йўқотишга ҳаракат қилиш, дорул куфрни дорул исломга айлантиришга ҳаракат қилиш каби ишларни бажаришни талаб қилишдир. Ёки зино, рибо, куфр билан ҳукм юритиш, кофирларга дўст бўлиш, мусулмонларга қарши урушиш ва шунга ўҳшаган ишларни тарк этишни талаб қилишдир. Ёки юриш, туриш, сафарга чиқиш, ейиш, ичиш, ва шу каби ишлар орасида қилиш билан тарк этиш орасида ихтиёр беришдир.

Ақл тўғри ёки нотўғрилигида баҳс қилиши мумкин бўлган нарсалар бор ва баҳс килиши мумкин бўлмаган нарсалар ҳам бор. Аллоҳ таъоло «Нисо» сурасида марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا آمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَالْكِتَابِ الَّذِي نَزَّلَ عَلَىٰ رَسُولِهِ وَالْكِتَابِ الَّذِي أَنزَلَ مِن قَبْلُ ۚ وَمَن يَكْفُرْ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا بَعِيدًا

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга, Унинг Расулига, У Ўз Расулига туширган китобга ва бундан олдин туширган китобга иймон келтиринг. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, қаттиқ адашган бўладир». [4:136].

Ушбу ояти каримада келган нарсалар ақл уларнинг тўғри ёки тўғри эмаслигида баҳс юритиши мумкин бўлган нарсалардандир. Шунинг учун инсон ё иймон келтиради ё иймон келтирмай кофир бўлади. Масалан, Аллох таъоло мавжуд ёки мавжуд эмас бўлади. Унинг мавжудлиги ақл билан собит бўлган. Малоика-фаришталар ҳам худди шундай. Малоика деган нарса мавжуд ёки ғайри мавжуд бўлади. Уларнинг мавжудлиги Қуръон насси билан яъни асли ақл билан собит бўлган нарса билан собит бўлган. Ояти каримадаги «… ва Унинг китобларига, расулларига ва охират кунига кофир бўлган кимсалар…» га нисбатан ҳам худди сўзларни айтиш мумкин. Бу нарсалар ҳам ақл тўғри ёки хатолигига назар соладиган нарсаларданлир. Дарҳақиқат, буларга иймон келтириш талаб этилган. Бу ердаги хитоб феълга эмас, иймонга алоқадордир.

Аллоҳ таъоло «Моида» сурасида айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

 «Эй мўминлар! Ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор ўйнаш, бутларга сигиниш ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз». [5:90].

«Бақара» сурасида айтади:

وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَارْكَعُوا مَعَ الرَّاكِعِينَ

«Намозни тўкис адо қилинглар, закот беринглар ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинглар». [2:43]

 «Нисо» сурасида айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنكُمْ

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинглар». [4:59].

 «Моида» сурасида айтади:

وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَّكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلٌّ لَّهُمْ

 «Китоб берилган кимсаларнинг таоми сизлар учун ҳалолдир ва сизларнинг таомларингиз улар учун ҳалолдир». [5:5]

Биринчи оятда Аллоҳ таъоло муайян ишларни тарк этишга буюради. Бу ерда фақат итоат этилади ёки итоатсизлик қилинади яъни Аллоҳ таъоло қайтарган феъл тарк қилинади ёки қилинади. Иккинчи оятда Шореъ намоз ўқишга, закот беришга ва рукуъ қилгувчилар билан бирга рукуъ қилишга буюради. Яъни бу ерда шореъ муайян амални бажаришга буюради. Ушбу амрнинг қаршисидан ҳам итоат ёки итоат қилмаслик келади.  Учинчи оятда Аллоҳ таъоло Ўзига итоат этишга, Расулига итоат этишга ва мусулмонларнинг амирларига итоат этишга буюрмокда. Мана буларнинг ҳаммаси мусулмонлар ўзлари амр этилаётган ёки наҳи қилинаётган  ёки уларга ихтиёр берилаётган ўринларда итоат этишга қаратилган талабдирлар. Тўртинчи оятда Шореъ аҳли китобнинг таомларидан ейишнинг жоизлигини ёки уларга ейиш билан емаслик орасида ихтиёр берилганлигини баён қилади. Демак, ушбу тўрт оят бандаларнинг феълларига алоқадор бўлган оятлардир. Чунки бу оятларда бир ишни қилиш ёки бошқа бир ишни қилмаслик талаб этилади ёки  қилиш ва қилмаслик орасида ихтиёр берилади.  Ушбу оятларнинг иймонга алоқаси йўқ. Бу оятларнинг қаршисида уларда келган амрга итоат этиш ёки итоат этмаслик туради.

Бу ва бунга ўҳшаган «Намозни коим қилинглар!», деган оятларда бир феълни бажариш талаби ҳам, иймон талаби ҳам бор, деб айтилмайди. Феъл намозни қоим қилиш, иймон эса, Аллох таъоло намозни қоим қилишни талаб қилганлигига иймон келтиришдир, дейиш тўғри эмас.  Негаки, Аллоҳ таъолонинг «Коим килинглар!», деган сўзи намозни қоим қилиш феълига бўлган амрдир. Аммо бу талабнинг Аллоҳ томонидан эканлигига бўлган иймон бу оятнинг Қуръон эканлиги, Қуръонга эса, иймон келтириш вожиблиги томонидан келади. Шунинг учун бошка оятлар каби ушбу оятга ҳам иймон келтириш вожиб бўлади.  Ушбу оятнинг далолати катъий бўлгани учун бу оятда келган нарсага – намознинг фарзлигига иймон келтириш ҳам вожиб бўлади. Шунинг учун шаръий ҳукмга бўлган иймон насснинг мантуқидан эмас, насснинг Аллоҳнинг ваҳийси эканлиги томонидан бўлади.

Шунга кўра, шаръий аҳкомларда тўғри ёки хатолик баҳс қилинмайди. Чунки шаръий ҳукм амр, наҳи ва ихтиёр беришдир. Тўғри ва хатолик хабарнинг воқеъга мос келиши ёки мос келмаслигидир. Амр, наҳи ёки ихтиёрийлик қаршисида уни ўзига лозим тутиш билан итоат қилишлик ёки ўзига лозим тутмаслик билан фақат итоат қилмаслик туради. Шаръий аҳкомлардаги ақл вазифаси аввало уларнинг ваҳий орқали келганлигини таъкидлаш сўнгра эса, ваҳийнинг муродини фаҳмлаб етишдир. Ваҳийни муноқаша қилиш ақлнинг иши эмас.

Юкоридагилардан ҳулоса қилиш мумкинки, ақл тўғри ақидаларни ботилларидан ажратиб олишда ҳукм чиқаришнинг асосидир. Ақидадан ақлнинг баҳс қилишига буйсунмайдиганлари қаршисида то уларнинг асли билинмагунича жим турилади. Асли маълум бўлгандан кейигина ақл бу нарсаларда ҳукм чиқаради. Шаръий аҳкомлар буйруқ ва қайтариқлар бўлиб, буларда тўғри ёки нотўғрилига қаралмайди. Балки уларга итоат этиш вожибми ёки вожиб эмасми деб қаралади. Шунинг учун уларнинг масдарига-манбаъсига қаралади. Агар бу шаръий аҳкомларнинг масдари ваҳий бўлса, албатта уларга итоат қилиш вожиб бўлади. Аллоҳ таъоло «Ҳашр» сурасида марҳамат килади:

وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا ۚ

«Пайғамбар сизларга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар». [59:7].

Битта масала қолди. У ҳам бўлса, ақл ва дин орасидаги қатъий зиддият масаласи.(давоми бор).

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here