Тожикистонда АҚШ марказий қўмондонлиги томонидан ташкил этилган машқлар бошланди

113
0

Тожикистонда АҚШ марказий қўмондонлиги томонидан ташкил этилган машқлар бошланди

 Хабар: 10 август куни Тожикистонда АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги томонидан ташкил этилган ҳарбий машғулотлар бошланди. Бу ҳақда АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси хабар берди.

 АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммершейм 20 августга қадар давом этадиган “Минтақавий ҳамкорлик-2022” ҳарбий машғулотлари иштирокчиларини қутлади.

 Поммершейм бу АҚШнинг Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари иштирокидаги энг йирик ҳарбий машғулотлари эканлигини таъкидлади.

 “Ушбу машғулот минтақадаги ҳамкорларимиз билан муносабатларни мустаҳкамлаш учун ноёб имконият яратади”, – деди у.

 Элчихона хабарига қараганда, олти кунлик қўмондонлик-штаб машғулотларида АҚШ, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Покистон ва Мўғулистон ҳарбийлари иштирок этади.

 Шунингдек, Тожикистон ва АҚШ Фахрободдаги ўқув марказида беш кунлик икки томонлама дала машғулотларини ҳам ўтказади.

 Изоҳ: Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган босқинчилик уруши чўзилиб, Россия ҳарбий ва иқтисодий ҳолдан тойгани сари Марказий Осиёда АҚШ ва Хитой фаоллига кучайиб бормоқда.

 АҚШ минтақа давлатларини иқтисодий томондан “ТАПИ” ва “CASA-1000”, “Термиз-Мазори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йўл лойиҳалари орқали ўзига боғлаб олишга уринаётган бўлса, сиёсий томондан “С5+1”, Туркия бошчилигидаги “Туркий давлатлар ташкилоти” орқали минтақадаги туркийзабон давлатларда нуфузини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиб келмоқда. Америка минтақани фақат ҳарбий ва сиёсий томондан ўзига тортиш билан кифояланмай минтақа давлатларига ҳарбий ёрдам кўрсатиш билан уларнинг ҳарбий қарамлигини ҳам кучайтириб бормоқда. Масалан, 2018-йили АҚШ ҳукумати тожик хавфсизлик идораларига умумий қиймати 8 миллион долларлик жиҳозлар топширган эди. Бу Америка ҳукуматининг бир йил давомида тожик ҳукуматига кўрсатган ҳарбий ёрдами бўлса, ўтган 26 йил ичид АҚШ Тожикистонга 1,8 миллиард долларлик “ёрдам” кўрсатган. Америка 2015-йили Ўзбекистонга 300 дан ортиқ зирхли ва пистирмадан ҳужумга ўтувчи транспорт воситалари (MRAP) ҳамда зирхли қутқарув машиналари (ARV) етказиб берган бўлса, жорий йилда Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига умумий қиймати 2 миллион 250 минг доллар бўлган 50 та “Toyota Hilux” ва “Fortuner” русумли автомашина етказиб берди. Маълумки, ҳарбий техника ва қурол-яроқ билан бирга ундан фойдаланишни ўргатувчи мутахассислар, маҳаллий ҳарбийларни тайёрловчи инструкторлар, техникалар учун эҳтиёт қисмлар, ўқ-дорилар зарур. Бу тариқа минтақа давлатлари ҳарбий томондан ҳам АҚШга боғланиб бормоқда.

 Гарчи, Хитой ҳозирча минтақа давлатларида сиёсий жиҳатдан фаоллик кўрсатмаётган бўлсада, аммо турли иқтисодий лойиҳалар орқали минтақада иқтисодий экспанциясини кенгайтириб бормоқда. “Бир макон – бир йўл” стратегияси доирасида “Янги ипак йўли” лойиҳасини амалга ошириш, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл лойиҳаси ва бу лойиҳани янада кенгайтириш шулар жумласидандир. Бугун, 11-август куни “Ўзбекистон темир йўллари” бошқаруви раиси ташаббуси билан Қирғизистон ва Афғонистон темир йўллари раҳбарлари билан видеоконференция шаклида бўлиб ўтган учрашувда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Афғонистон” янги коридорини ташкил этиш ва ушбу йўлак бўйлаб юк ташиш учун ўзаро манфаатли шарт-шароитлар яратиш, рақобатбардош тарифларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Узоқ йиллардан бери Россия қаршилиги натижасида тўхтаб турган темир йўл лойиҳаси қайта жонлана бошлади. Куни кеча “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши доирасида Бишкек шаҳрида 80 нафар хитойлик эксперт йўл харитасини тайёрлаш ва мазкур темир йўл қурилишининг техник -иқтисодий асосларини ўрганиш учун етиб келди ва ушбу ҳужжат сентябр ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида имзоланиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Хитой минтақа давлатларининг тоғ-кон саноатига сармоя киритиш ва турли грант ва қарзлар бериш орқали ўзининг иқтисодий таъсирини кенгайтириб бормоқда…

 Охиратнинг абадий неъматларининг бу дунёнинг ўткинчи матоҳига алмаштирган минтақа давлат раҳбарлари эса Марказий Осиё аҳолисининг эътиқодидан келиб чиққан Ислом давлати байроғи остида бирлашиш ўрнига, юртларини мустамлакачи давлатлар учун сиёсий ва иқтисодий нуфуз талашиш майдонига айлантириб бериш ва бир мустамлакачидан қутулиш учун бошқа мустамлакачининг қуллик занжирини ўлчаб кўриш билан оворалар.

 Туркистон

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here