Қумтор бўйича музокаралар давом этмоқда
Хабар: Қирғизистон ва Канаданинг “Центерра Голд” компанияси ўртасида Қумтор олтин конига тааллуқли шартнома бўйича музокаралар давом этмоқда. Бу ҳақда президент матбуот котиби Эрбол Султанбаев маълум қилди.
Султанбаев барча музокаралар тартиб-қоидаларга мувофиқ давом этаётганини таъкидлаб, натижалар ҳақида жамоатчилик хабардор қилинишини қўшимча қилди.
“Буюк кўчманчилар мероси” миллий холдинги матбот хизмати ходими Назира Ахмедованинг маълум қилишича, бугун (25-июл куни) “Центерра Голд” директорлари кенгашининг йиғилиши онлайн режимда бўлиб ўтади. Йиғилишда қандай масалалар кўриб чиқилиши маълум қилинмаган.
Изоҳ: Қирғизистон президенти Садир Жапаров жорий йилнинг 10-май куни “Қумтор” олтин конидаги кейинги бир йиллик фаолиятга оид маълумотлар икки ойдан кейин жамоатчиликка тақдим қилинишини айтган эди. Жапаров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Ҳисоб палатасига “Қумтор”нинг бир йиллик молиявий ва бошқа фаолиятини текшириш топширилгани ҳақида ёзиб, “Текширувдан сўнг (таҳминан икки ойдан кейин) жамоатчиликка маълумот берилишини” қўшимча қилганди. Мана орадан икки ярим ой вақт ўтган бўлишига қарамай бу масала бўйича жамоатчиликка бирорта ҳисобот тақдим қилинмади.
Аввалроқ, аниқроғи, 4-апрел куни Садир Жапаров халққа мурожаат қилиб, “Центерра” билан суд даъвосидан воз кечиш ва низони ҳал қилиш бўйича келишув имзолангани, Қирғизистон ундаги 26 фоизлик акцияларини ўтказиб бериши, ҳар икки томон даъволардан воз кечишини ва бундан буён Қирғизистон “Қумтор Голд Компани”нинг 100 фоиз акцияларига эгалик қилишини маълум қилган ва худдики, Жапаров жамоатчилик онгида бу келишувда Қирғизистон ютиб чиққанидек тасаввур уйғотишга ҳаракат қилган эди. Аслида эса Қирғизистон ҳукумати бу келишувга Бишкек шаҳар Октябр туман суди “Кумтор Голд” ширкати зиммасига давлат ҳисобига 261 миллиард 719 миллион 674 минг сўм (3 миллиард доллардан ошиқ) тўлаш мажбурияти ва бундан ташқари, Канада компанияси 1 миллиард 300 миллион сўм миқдорида бадал тўлаши ҳақида даъвосидан воз кечиш эвазига эришган эди. Аслини олиб қараганда Қирғизистон ҳукумати “Центерра Голд” компанияси “Қумтор” олтин конидан олтин қазиб олишни бошлаганидан бери “мардлик қилиб” воз кечиб юборган маблағидан икки баробар оз фойда кўрган. “Кумтор Голд” компанияси фаолиятини текширган давлат комиссияси томонидан тайёрланган фильмда Қумтор олтин конидан Қирғизистон 1,5 миллиард доллар, “Центерра” эса 11,5 миллиард доллар фойда олгани айтилганди.
Маълумки, Қумтор олтин конини миллийлаштириш ташаббуси мухолифатда юрган вақтда ҳам, президент бўлиб сайлангандан кейин ҳам Садир Жапаров кўтариб чиққан энг асосий мавзулардан бири бўлиб келди. Жапаров президентликка келгунга қадар берган бирорта ҳам ваъдасини бажармагани каби “Қумтор” бўйича берган ваъдаларини ҳам бажаришни уддасидан чиқмаяпти. Бугун маълум бўлганидек, “Қумтор” бўйича масалага ҳали охирги нуқта қўйилмаган. Қирғиз ҳукумати компания фойдасига шунча даъволардан воз кечганига қарамай музокаралар давом этмоқда. Бу музокараларда “Центерра Голд” компанияси имкон қадар кўпроқ фойда билан чиқмагунга қадар баҳслар давом этаверади, иш яна қайта халқаро судга қайтарилиши ҳам мумкин. Халқаро қонун ва халқаро судлар эса мустамлакачи давлатлар манфаатларини ҳимоя қилиш асосига қурилган бўлиб, улар ҳеч қачон учинчи дунё давлатлари манфаатларини ҳимоя қилиб чиқмайди. Қирғизистон халқи эса шукунга қадар “Қумтор” фойдасини кўргани йўқ. Токи, устимизда капиталистик тузум ҳукм юритар экан бундан кейин ҳам кўрмаслиги аниқ.
Абдураҳмон Одилов