Қирғизистон Россияга санкция қўйилган товарларни ўтказиши мумкин бўлган давлатлар рўйхатига киритилди

139
0

Қирғизистон Россияга санкция қўйилган товарларни ўтказиши мумкин бўлган давлатлар рўйхатига киритилди

 Хабар: АҚШ Молия вазирлиги санкция қўйилган товарлар Россия ва Беларусга олиб кирилиши мумкин бўлган давлатлар рўйхатини тузди. Бундай давлатлар қаторига Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари қатори Қирғизистон ҳам киритилди. Рўйхат АҚШ Молия вазирлигининг икки бўлими – Молиявий жиноятларга қарши кураш тармоғи (FinCEN) ва Саноат ва хавфсизлик бюроси (BIS) тавсиялари асосида эълон қилинган.

 Унга Қирғизистондан ташқари, Грузия, Арманистон, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Исроил, Қозоғистон, Ўзбекистон, Мексика, Никарагуа, Сербия, Сингапур, Жанубий Африка, Тайван, Тожикистон, Туркия ва БАА давлатлари ҳам санкция қўйилган товарларни транзит қилиб ўтказиши мумкин бўлган давлатлар киритилган. 

 Қайд этилишича, назорат қилинадиган товарлар қонуний равишда ушбу давлатларга хомашё сифатида экспорт қилиниши мумкин, бироқ уларни кейинчалик Россия Федерацияси ёки Беларусга “қўшимча юк ташиш пунктлари ҳисобидан” экспорт қилиш айрим ҳолларда тақиқланади. 

 BIS ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган алоҳида “ташвишга сабаб бўлувчи” товарлар санаб ўтган: самолётлар учун эҳтиёт қисмлари, гидроакустика тизимлари, антенналар, спектрофотометрлар, синов ускуналари, GPS тизимлари, вакуум насослари ва нефт конларида фойдаланиладиган ускуналар. 

 Изоҳ: Россиянинг Украинага қарши бошлаган босқинчилк уруши ортидан АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатларининг Россияга қарши қўллаган санкциялари у билан яқин иқтисодий алоқаларга эга Марказий Осиё давлатларига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Дастлаб, рубл ортидан минтақадаги миллий валюталар кескин қадрсизланиб, нарх-наво кўтарилиб кетган бўлса, кейинчалик Россиянинг рубл курсини сунъий ушлаб туриш ҳаракати натижасида доллар курси Россия босқинидан аввалги ҳолатга қайтди, ҳатто ундан ҳам пастга тушиб кетди. Аммо, нархлар тушмади, аксинча тобора кўтарилиб бормоқда. Аҳоли даромади эса кундан кунга ошиб бораётган нархга мутаносиб бўлмагани сабабли одамлар қора қозонини қайнатишда қийинчиликларга дуч келишмоқда. Расмий ҳукуматлар, хусусан, Қирғизистон ҳукумати ҳам аҳоли даромадини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳақида бош қотириш ўрнига турли туман солиқ турларини жорий этиб, шундоқ ҳам иқтисодий қийинчиликлар исканжасида яшаётган одамларни янада қийин ҳолатга солмоқда.

 Улардан фарқли равишда Россия ўзида озиқ-овқат хавфсизлиги баҳонаси билан минтақа давлатлари учун зарур бўлган дон ва бошқа маҳсулотлар экспортига чеклов жорий қилди. Сакнцияга учраган товарларни ўз ҳудудига олиб кириш учун эса минтақа давлатларида рўйхатдан ўтган, аммо асл эгаси россиялик бўлган компаниялардан фойдаланмоқда. Маслан, АҚШ Давлат департаменти санкцияларни бузгани учун Ўзбекистондаги Promcomplektlogistic компаниясига қарши чекловлар жорий қилди. Ушбу компания Россияга электрон қисмлар, хусусан микросхемалар етказиб берган.Санкциялар рўйхатига тушган Promcomplektlogistic Тошкент шаҳрида хусусий корхона сифатида рўйхатдан ўтган. Очиқ маълумотларга кўра, корхонанинг 100 фоиз улуши Олег Грабилинга тегишли.

 АҚШ ҳозирча хусусий компанияларга нисбатан санкция жорий этаётган бўлсада, Укарина уруши чўзилиб боргани сари минтақа давлатларининг Россия билан алоқаларини узиш мақсадида минтақа давлатларига қарши ҳам санкциялар жорий этиши эҳтимолдан узоқ эмас. Бу ҳолатда расмий ҳукуматлар икки ўт орасида қолишади. Биринчиси, АҚШ босимларига бўйсуниб Россия билан алоқаларда масофаланиш. Бунда минтақа давлатлари Россия томонидан бўладиган таҳдид ва босимларга дош беришлари керак бўлади. Иккинчиси, Россия таҳдидидан қутулиш учун у билан зимдан алоқаларни давом эттришади. Бунда АҚШ ва Европа давлатлари иккиламчи санкциялар билан чекланиб қолмайди.

  Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here