БМТнинг Судандаги инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича эксперти муаммоларимизни ҳал қиладими ёки янада кўпайтирадими?!

183
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

БМТнинг Судандаги инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича эксперти муаммоларимизни ҳал қиладими ёки янада кўпайтирадими?!

БМТнинг Судандаги инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича эксперти Адама Диенг Суданга қилган иккинчи сафарини тамомлади. Сафари чоғида бир қатор суданлик расмийлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан учрашиб, мамлакатдаги «инсон ҳуқуқлари» мавзусини муҳокама қилди. Бурҳон БМТ расмийсига Суданинг инсон ҳуқуқлари масалаларига бўлган эътибори ва содиқлиги Судан халқининг эътиқоди, урф-одати анъаналарининг ажралмас қисми эканини таъкидлади. У БМТ расмийсини инсон ҳуқуқлари масалаларини сиёсийлаштирмасликка ва холисона ҳал қилишга чақирди. (https://sudantribune.net, 2022 йил 4 июн).

Инсон ҳуқуқлари Кенгаши БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 15 мартда 251\19 сонли резолюцияси билан ташкил этилган. Бу кенгаш инсон ҳуқуқларига хавф туғдиряпти, деб ҳисоблаган мамлакатларда худди полиция каби фаолият қилиб, назорат ўрнатади.

Масаланинг хатарлилиги шундаки, айни кенгаш ҳимоя қилишини даъво қилган инсон ҳуқуқлари қуйидаги масалаларда гавдаланади: Уюшмалар ва йиғинлар эркинлиги, сўз эркинлиги, эътиқод ва дин эркинлиги, хотин-қизлар ҳуқуқлари, гомосексуалистлар ҳуқуқлари, ирқий ва этник озчиликлар ҳуқуқлари.

Ушбу эркинликлар шариат чекловларидан қутулиш ва динни – айниқса, давлат ва жамият қонунлари бўйича – инсонлар ҳаётидан ажратишга чақиради. Айни эркинликлар сабабли мусулмон юртларида илмоний жамият ва партиялар кенг тарқалди, уларнинг барчаси Исломга ва унинг ҳокимиятга келишига қарши курашмоқда… Улар шунингдек, инсонни пул, шаҳват ва ҳокимият каби Аллоҳ Субҳанаҳудан бошқа ҳамма нарсага қул қилувчи шахс эркинлигига чақиришмоқда. Шунинг учун ҳам Ғарб давлатлари шахс эркинлиги, эътиқод эркинлиги, фикр эркинлиги ва мулк эркинлигига тарғиб қилиб, шу асосда бутун оламда анархия тарқатмоқда.

Бу эркинликлар асло мусулмонлар учун эмас. Чунки қачон улар Ислом билан ҳукм юритишни истасалар, ўлимга дуч келмоқдалар… Мустамлакачи давлатлар уларга ўз армиялари ва малайлари билан аралашишяпти, Миср, Жазоир, Фаластин ва бошқа юртларида бўлгани каби.

Ҳа, Судан ўтиш даври ҳукумати юрт конституциясига ўзгартиришлар киритиш орқали бир қатор ҳаромларни мубоҳ қилиб, диндан чиқиш, судхўрлик қилиш, гомосексуализм ва фоҳишабозлик билан шуғулланиш, маст қилувчи ичимликлар ичиш каби жиноятларга рухсат берди. Ўшанда бош вазир Ҳамдук «бундай қонун ва ўзгартиришларнинг қабул қилиниши юртимиз адлия тизимини ислоҳ этиш йўлидаги катта қадамлардир», деган ва «Судандаги бутун ҳуқуқий тизимлар бўйича бузилишлар бартараф этилгунга қадар мана шундай қонуний ўзгартириш ва қайта кўриб чиқишларни давом эттириш»га ваъда берган. Адлия бош вазири ҳам бундай деган: «Ушбу ўзгартиришлар тўғрисидаги қонун бир қанча қонунларни инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлар тамойилларига мувофиқ ислоҳ қилишга қаратилган». (Шарқул Авсат, 2020 йил 12 июл).

Агар юртимиз аҳли ушбу Инсон ҳуқуқлари Кенгашига тўлиқ ваколат берса, унинг хавфи янада ортади. Масалан, 2019 йил 25 сентябрда Судан ташқи ишлар вазираси Асмо Абдуллоҳ БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет билан битим имзолади. Олий комиссар томонидан тарихий, дея баҳоланган бу битимда Суданда БМТга қарашли инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатхона очиш, шу жумладан, унинг Дарфур, Мовий Нил, Жанубий Кордофан ва Шарқий Суданда тўртта дала бўлимларини ташкил этиш кўзда тутилган. Имзо маросими Нью-Йоркдаги БМТ қароргоҳида бўлиб ўтган. Ташқи ишлар вазираси Асмо ушбу ваколатхона «Судан халқининг инсон ҳуқуқларига асосланган замонавий демократик миллий давлат қуриш истакларига жавобан очилган»ини таъкидлаган. Маросимда иштирок этган Ҳамдук бундай деган: «Янги Суданнинг инсон ҳуқуқлари масаласида яширадиган нарсаси йўқ. Аксинча, биз инсон ҳуқуқларига риоя қилиш халқимизнинг ажралмас ҳуқуқидир ва ундан фойдаланмоғи шарт, деб биламиз». (БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармасининг расмий сайти).

БМТ вакиллари, АҚШ вакиллари, Британия, Франция ва бошқа барча давлатлар вакиллари ҳам Суданга муаммоларимизни ҳал этиш учун келишмайди. Балки фақат қонунларни ва шариат аҳкомларини ўзгартириш ҳамда мусулмонларни Ғарб «шариати»дан ҳукм сўрашга мажбурлаш каби ўзларининг мустамлакачилик режаларини амалга ошириш учун келишади. БМТнинг Судан масалалари бўйича собиқ эксперти Аристиде Нононси 2017 йил 22 январда ўтказган матбуот анжуманида бундай деган: «Судан ҳукумати асосий конституциявий ва ҳуқуқий ислоҳотлар билан боғлиқ бизнинг 244та тавсиямизнинг 180тасига рози бўлди… Судан парламенти менга конституция ва бир қатор қонунларга қўшимча тузатишлар киритиш ва уларни халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига мувофиқлаштиришни кўриб чиқишга ваъда берди».

Биз шуни англаб етишимиз лозимки, дунёни бошқараётган капиталистик тузум остида инсонларнинг бирорта ҳуқуқи исломий юртларда таъминланмайди, фақатгина юртларимиз Аллоҳ Таоло яратган фитратга зид келувчи гомосексуалистларнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлайдиган халқаро қонунларга эргашсагина таъминланиши мумкин. Агар бунинг акси бўлса, у ҳолда, Хитой ва Ҳиндистондаги мусулмонларнинг ҳуқуқи қаерда қолди?! Тириклайин ёқиб юборилиб, гўштлари ейилган Роҳинга мусулмонларининг ҳуқуқи қаерда қолди?! Яҳудийлар қамоқхоналаридаги ўнлаб муслима опа-сингилларимиз ва оналаримизнинг ҳуқуқи қани?! Францияда рўмол ўрашдан тақиқланган муслималар ҳуқуқи қайда қолди?! Швецияда бағирларидан фарзандлари юлиб олиниб, манякларга ва жинсий бузуқларга сотиб юборилган муслималар ҳуқуқи қани?!

Пикет қурбонлари оилаларига ҳамдардлик билдириш тўғрисидаги гапларга ёки Бурҳоннинг БМТ расмийсини холисона ҳал қилишга чақирганига келсак, бу одамларни адаштириш ва лақиллатишдан бошқа нарса эмас. Масалан, БМТ Ироқ ва Афғонистондаги хонавайрон қилиш ва қириб ташлаш хусусида шу пайтгача нима қилди?! Бушни ёки Клинтонни ёхуд Блэрни ва ё бошқасини судга тортдими?! Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари яҳудийларнинг Фаластин аҳлига қарши босқинчилик, хонавайрон ва қирғин жиноятларини томоша қилиб турмаяптими?!

Бурҳоннинг БМТ расмийсига Суданнинг инсон ҳуқуқлари масалаларига бўлган эътибори ва содиқлиги Судан халқининг эътиқоди, урф-одати анъаналарининг ажралмас қисми эканини таъкидлаганига келсак, Ғарб назаридаги инсон ҳуқуқлари Ислом ақидасига батамом зид келади ва бу узоқдагиларга ҳам, яқиндагиларга ҳам яққол маълум. Масалан, мусулмон юртларида гомосексуализм билан шуғулланиш ҳуқуқини ким берди?! Аёл кишига БМТ тиқиштирган CEDAW конвенцияси қонунига мувофиқ валийсиз ўзини никоҳлашига ким рухсат берди?! Маст қилувчи ичимликларга, фоҳишабозликка ва муртадликка ким рухсат берди?! Булар шундай жиноятларки, Ислом дини бу ишларни содир этганларга жазо тайинлаган. Шундай экан, Бурҳон бу масалаларни ва уларнинг шаръий ҳукмидан хабардорми? Ёки у БМТни, унинг мустамлакачи давлатларини ва элчихоналарини рози қилиш учун шаръий ҳукмни бир четга улоқтириб ташлайдими?! Зотан, Судан аҳлига ва Исломга қарши макр тўқиётган ёвузлик уялари мана шу элчихоналар бўлса…

Бас, генерал Бурҳон эс-ҳушини йиғсин ва динига, имонига қайтиб, Аллоҳ Субҳанаҳу буюрган шаръий позицияни, яъни Ислом аҳкомларини барпо этиб, бошқарув ва сиёсатда шариатни татбиқ қилиш позициясини эгалласин. Ана шунда Уммат ўз ҳокимиятини қайтариб олиб, ораларидан солиҳ тақволи покиза бир инсонга мусулмонларнинг халифаси сифатида шаръий байъат беради ва шу билан Аллоҳ Субҳанаҳунинг ваъдаси ва Росулимиз ﷺнинг башоратлари рўёбга чиқади. Зеро, у зот бундай марҳамат қилганлар:

«وَإِنَّهُ مَنْ يَعِشْ مِنْكُمْ فَسَيَرَى اخْتِلاَفاً كَثِيراً فَعَلَيْكُمْ بِسُنَّتِى وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الرَّاشِدِينَ الْمَهْدِيِّينَ عَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ»

«(Мендан кейин) яшаганларингиз кўп ихтилофларни кўради. Бас, менинг суннатимни ҳамда ҳидоят топган рошид халифаларнинг суннатларини маҳкам тутиб, оғиз тишларингиз билан тишланглар».

Роя газетасининг 2022 йил 22 июн чоршанба кунги 396-сонидан

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here