Тўқаев қозоқ нефти учун Россияни четлаб ўтадиган транзит ташкил этишга топшириқ берди

88
0

Тўқаев қозоқ нефти учун Россияни четлаб ўтадиган транзит ташкил этишга топшириқ берди

 Хабар: 5 июл куни Россиянинг Приморье туман суди Қозоғистоннинг Каспийбўйи қувурли ўтказгичи фаолиятини тўхтатиб қўйди. Сабаб сифатида “Ространснадзор” томонидан қайд этилган қоида бузилиши келтирилган. Қозоғистонда қазиб олинадиган нефтнинг 80 фоизи айнан мана шу ўтказгич орқали ўтади. Ўтказгичнинг йиллик нефт ўтказиш қуввати 67 миллион тоннани ташкил этади.

 Россия судининг бу қарори ортидан Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев нефтни сотиш учун Россияни четлаб ўтадиган янги йўналишлар, хусусан, денгизни кесиб ўтадиган йўналиш қуришга кўрсатма берди. “Қозоғистон ҳеч қачон денгиз давлати бўлмаган, аммо ҳозир замон бошқача”, – деди Тўқаев.

 Қозоғистон Европага нефт етказиб берадиган асосий давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат нефти асосан Россия орқали ўтадиган Каспий бўйи консорциумидан оқиб Европа давлатларигача боради. Аммо яқинда Россия суди ушбу ўтказгич фаолиятини тўхтатиб қўйди.

 Президент Тўқаев Қозоғистон транспорт-транзит тизимини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда қозоқ нефтини сотиш учун янги йўналишларни ташкил қилиш керак эканини айтди.

 “Транскаспий маршрути биз учун устувор вазифа бўлади. “КазМунайГаз”га ушбу маршрутни амалга ошириш бўйича мос келувчи таклиф тайёрлашни буюраман. Шунингдек, Тенгиз лойиҳасига инвесторлар жалб қилишни ҳам. Ҳукумат “Самрук-Казина” билан ҳамкорликда Атирау-Кенгқиёқ ва Кенгқиёқ-Қумкўл нефт ўтказгичларининг қувватини ошириш устида ишлаши керак”, –  деди Тўқаев.

 Транскаспий халқаро транспорт маршрути нефт ва бошқа маҳсулотлар ўтказишга мўлжалланган бўлиб Хитой, Қозоғистон, Каспий акваторияси, Озарбойжон, Грузия, Туркия ва Европа давлатларидан ўтади, Россияни эса четлаб ўтади.

 Изоҳ: Июн ойи охирида бўлиб ўтган Петербург иқтисодий форумидаги чиқишида Тўқаев Кремлнинг асосий тарғиботчиси Маргарита Симоняннинг саволларига жавобан: “Биз на Тайванни, на Косовони, на Жанубий Осетияни, на Абхазияни тан оламиз. Шу принцип, бизнинг фикримизча, Луганск ва Донецк каби квазидавлат ҳудудларига ҳам тааллуқлидир. Бу – сизнинг очиқчасига берган саволингизга очиқчасига жавоб”, – деган эди.

 Қозоғистон президентининг бу жавоби ортидан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Тўқаевни танқид қилиб, Қозоғистон ва КХШТга аъзо давлатларни санкциялардан қўрқиб “жим туришда” айблаган ва “Қозоғистон суверенитетини йўқотишни бошлаганида, ким ёрдам берди? Россия санкциялардан қўрқмайди. Ва агар давлатни тан олиш керак бўлса, сиз давлатларни тан оласизми, тан олмайсизми бизга аҳамияти йўқ”, – деган эди. Қодировнинг бу баёнотини Россиянинг Қозоғистонга нисбатан сиёсий босим ўтказиш ўрнида қабул қилинган бўлса, қозоқ нефти экспортининг асосий йўлаги бўлган Каспийбўйи қувурли ўтказгичи фаолиятини тўхтатиб қўйишини Қозоғистонга нисбатан иқтисодий босим сифатида қабул қилиш мумкин. Расмий Кремл бу орқали бир томондан Қозоғистонни иқтисодига зарба бермоқчи бўлаётган бўлса, бошқа томондан қозоқ нефтини чеклаш орқали жаҳон бозорида ўз нефтига бўлган талабни қисман оширишни кўзлаётгани аниқ. Ушбу қувур орқали қозоқ нефтини ўтишини тўхтатиб қўйилиши натижасида жаҳон бозорига кунига 1 миллион баррел нефт кирмай қолади, бу эса дунёда истеъмол қилинадиган нефтнинг 1 фоизини ташкил этади. Табиийки, Россия бу камомадни ўз нефти орқали ёпишга ҳаракат қилади. Путин ҳукуматининг бу қарори Россия ишониб бўлмайдиган ҳамкор эканлигини яна бир бор ошкор этиб қўйди.

  Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here