Ташиев: МХДҚ томонидан ҳамма нарса ва ҳамма тўлиқ назорат қилинади

254
0

Ташиев: МХДҚ томонидан ҳамма нарса ва ҳамма тўлиқ назорат қилинади

 Хабар: Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев “Новые лица” нашрига берган интервьюсида айрим сиёсий кучлар мамлакатда “қандайдир тартибсизликлар” уюштиришга интилаётганини айтди. Шу билан бирга, у махфий хизмат мамлакатдаги ҳамма нарсани назорат қилишидан огоҳлантирди.

 Ташиевнинг айтишича, МХДҚ мамлакатда нотинчлик бўлмаслиги учун барча комплекс чораларни кўрмоқда. Жумладан, қўзғолон ва инқилоблар.

 “Нега? Чунки кейинги инқилоб ҳеч қандай яхшиликка олиб келмаслигини бутун жамият ва оддий, фикрлайдиган одамлар тушунади. Биз ривожланишимиз керак. Биз барча сиёсий кучлар билан, ҳатто инқилоб қилмоқчи бўлган одамлар билан ҳам муроса топишимиз керак. Ҳаммаларини таклиф қиламан: “Ўртоқлар! Нега сизга инқилоб керак?”” – деди Ташиев.

 Қўмита фуқароларни тинглаяптими, деган саволга Ташиев махфий хизмат “ҳаммани, ҳамма нарсани ва тўлиқ” назорат қилишини такрорлади.

 Изоҳ: Жапаров-Ташиев тандеми бошқаруви инқирозга учраб, халқ ичида амалдаги ҳукуматга нисбатан ишончсизлик ва нафрат кучайиб боргани сари МХДҚ раиси Ташиевнинг таҳдидли ва одамлар қалбига қўрқув ҳиссини солишга қаратилган баёнотлари кўпаймоқда. Чунки, Жапаров амалга ўтирганидан бери берган бирорта ҳам ваъдасини бажармади. Иқтисод кундан-кунга чўкиб, қимматчилик ва ишсизлик халқ тинкасини қуритиб бормоқда. Давлат қарзи озайиши ўрнига ортиб, ҳукумат бюджет ташкилоти ходимлари иш ҳақларини қарз олиш билан тўлаяпти, халқ зиммасидаги солиқ юкини ошириб боряпти. 

Мухолифатда юрган вақтда ҳукуматни давлат ерларини ноқонуний сотишда айблаб келган Ташиев ўзи амал курсисига ўтиргач ўнлаб гектар ерни қўшни давлатларга бериш қарорига келган. Бунга нисбатан маҳаллий аҳоли кескин қаршилик қилиб чиққач эса Ташиев ўзини гўлликка солиб, келишилган ерлар харитаси билан яхши танишиб чиқмагани, билмасдан “бўпти” деб юборганини айтиб чиқди. Ўтган йили Қирғизистоннинг Қора-Сув туманидаги Савай қишлоқ аҳолиси Кампиробод сув омбори атрофидаги 50 гектар ерни Ўзбекистонга берилишига қарши митингга чиқишганида улар билан учрашган Ташиев “Ўйлайманки, бошқача қилиш мумкин – улар тўсиб қўйган 20 гектар ерни алмаштириш. 50 эмас, балки 20 гектар”, – деб халқни тинчлантиришга уринганди. Бошқа бир учрашувда эса норозилик билдирган одамларни “тилини суғуриб олиш” билан қўрқитган эди. Бундан бошқа “қўлингни синдирб қўяман”, “у қиламан, бу қиламан” деган таҳдидлари ҳам кўпайиб бормоқда. Энди эса бутун Қирғизистон халқини қўрқитишга уриниб, “МХДҚ ҳаммани ва ҳамма нарсани назорат қилаётгани”ни айтиб чиқди.

 Бакиев бошқарув даврининг охирги вақтларида ҳам халқ норозилигини пасайтириш ва қўрқитиш учун куч ишлатар органлари раҳбарлари таҳдидли баёнотлари билан чиқиши кўпайган эди. Ўша вақтдаги ички ишлар вазири, марҳум Молдамуса Кангантиев “норозилик намойишига чиққанлар қаттиқ жазоланиши” билан таҳдид қилган эди. Орадан кўп ўтмасдан халқ ўзидан кетган президент ва амалдорларнинг “қаттиқ” жазолаб қўйган эди.

 Қўрқитиш ва шантаж устига қурилган ҳукумат узоққа бормаслигига Қирғизистонда содир бўлган уч давлат тўнтариши мисол бўла олади. Амалдаги ҳукуматнинг ҳам паймонаси тўлиб боргани сари бошқарувда фақат қўрқитиш ва одамларни жим бўлишга мажбурлаш йўлини тутмоқда.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here