Акилбек Жапаров: НКМ қўйишни вақтинча тўхтатиб турамиз

111
0

Акилбек Жапаров: НКМ қўйишни вақтинча тўхтатиб турамиз

 Бишкекда 13-июнда 200га яқин тадбиркор назорат-касса  машинани ўрнатишга қаршилигини билдириб ҳукумат уйи олдида норозилик намойишига чиқишди. Улар НКМ қўллаш орқали ҳисоб-фактура топширишни йўқ қилиб, патент билан ишлашни давом этдиришни талаб қилишди.

Тинчлик намойишига тўпланганлар ҳар бир товардан 4%лик солиқ тўлаш оғирлик қилаётганини билдиришди. Уларнинг сўзларига кўра, ҳукумат савдогарларнинг ҳаражатларини хисобга олмаган.

 Намойиш иштирокчилари ҳукуматдагиларга бунгача ҳам мурожаат қилишгани билан уларни ҳеч ким тингламаётганини айтишди. Шунинг учун акцияга йиғилганлар Вазирлар маҳкамасининг бошлиғи Акилбек Жапаров ўзи чиқиб, уларнинг саволларига жавоб беришини талаб қилишди.

 Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров тадбиркорлар билан учрашув вақтида ҳисоб -фактура ишлаб чиқарувчи ёки товарларни импорт қилган  компаниялар учун киритилишини айтди.

 “Сизлар патент билан ишлашингларни мен кўриб чиқмайман. Хисоб-фактурани сизларга нима зарурати бор. Мен уни ишлаб чиқарувчилардан сўраяпман. Агар ароқ заводи 12 машина ароқ чиқариб, менга бир фурани кўрсатиб қўяётса, нима қилишим керак? Менга сизлар ёрдам беринглар. Биз уларни текшириб, ҳаммасини ўз ўрнига қўямиз. Унгача НКМни қўйишни, жарима солишни ҳам тўхтатиб турамиз”, – деди у.

Шу билан бирга  Жапаров озиқ-овқат, ун шакар сотганларни НКМдан озод бўлишини таъкидлади.

 “Биз Божхона ва Солиқ хизматини тартибга соляпмиз. Энди “Коко-кола”, “Шоро” ҳам бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг ҳаммасини тартибга келтирамиз. Хисоб-фактура ўшаларда бўлиши керак. Хисоб -фактура — бойларники. Шулар товар тўғри эканлигини исботлаб бериши керак. Тоза эканини, уни ичгандан кейин болалар касал бўлмасилигини. Ароқ, тамаки, дори воситалари,  нефт, олтин сотганлар НКМни ҳам, хисоб-фактурани ҳам қўллайди”, – деди Акилбек Жапаров.

Тинчлик акция якунида Вазирлар маҳкамасининг раиси 10 савдогарлардан иборат уюштирув комитети тузиб, улар билан бирга ишлаб айтилган талабларни қараб чиқишга тайёр эканини айтди.

 Изоҳ: Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров ташаббуси билан ишлаб чиқилган Солиқ кодексининг янги таҳрири тадбиркор ва савдогарлар томонидан салбий кутиб олиниб, жамоий норозилик кайфияти пайдо қилди. Янги таҳрир ишлаб чиқилганидан бери мамлакат бўйлаб тадбиркорлар гоҳ у вилоятда, гоҳ бошқа вилоятда норозилик акциялари ўтказиб келишмоқда.

 Президент Жапаровнинг “йиллик товар айланмаси 8 миллион сомдан юқори бўлмаган фуқороларни солиқдан озод қилиш” хақидаги фармони, ушбу қонунни кучга киритилишига асос бўлди. Табиийки, 8 миллионлик чегарани аниқлаш ва уни солиқдан озод қилиш учун, албатта хар бир савдогар дўконига НКМ ўрнатилиши талаб қилинади. Аммо, НКМ ўрнатиш ва ундан фойдаланиш масаласи борасида тадбиркорлар тўлиқ маълумотга эга бўлмаганлари сабабли назорат-касса машиналарини ишга тушириш вақт талаб қилгани сабабли жорий йилнинг апрел ойи охирларида Фискал ахборот операторлари уюшмаси (ФФД) раиси Юрий Почтарев Жогорку Кенешнинг тармоқ қўмитаси йиғилишида тадбиркорлар номидан назорат-касса машиналарини (НКМ) ишга тушириш муддатини узайтиришни сўраган эди.

 “НКМ дастурий таъминотидан фойдаланадиганлар тезда янги талабларга мослашишади. Уларга ошиб кетса 1,5-2 ой керак бўлади. Аммо, қўшимча қурилмалардан фойдаланадиганлар учун тўсиқлар мавжуд. Сабаби уни ўрганиш ва янги солиқ кодексига мувофиқ иш олиб боришга вақт керак бўлади”, – деган эди Юрий Почтарев. Аммо, Давлат солиқ хизмати раиси Алтинбек Абдувапов 8-апрелда Вазирлар маҳкамасининг қарори чиққанини, кечиктириш масаласини муҳокама қилиш учун асос йўқлигини маълум қилган эди.

 Ушбу йиғилишдан кейин ҳам Бишкек,Ўш ва бошқа шаҳарларда тадбиркорлар томонидан норозилик акциялари ўтказилгани ва тобора норозилик кучайиб бораётгани сабабли расмий ҳукумат вақтинчалик НКМ ўрнатиш ва жарима солиш амалиётини тўхтатиб туришга мажбур бўлмоқда. Вақт ўтиб норозилик кайфияти пасайганидан сўнг бу масала қайта кўтарилиши мумкин. Чунки, ҳукуматнинг бўшаб қолган бюджетни тўлдириш ва адо этилиши зарур бўлган қарзларни халқ зиммасига юклашдан бошқа йўли йўқ.

 Абдураҳмон Одилов     

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here