“Қамбарота -1” ГЭС қурилиши бошланди

387
0

Қамбарота -1 ГЭС қурилиши бошланди

 Хабар: 8 июн куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Жалолобод вилоятида “Қамбарота -1” ГЭС қурилишини бошлади.

  Маросим тўғридан-тўғри трансляция қилиниб, давлат раҳбари мазкур объект қурилишининг дастлабки босқичига қарийб 1,5 миллиард сом маблағ ажратилганини таъкидлади.

 Унинг сўзларига кўра, қўшни Қозоғистон ва Ўзбекистон ушбу лойиҳага сармоя киритишга тайёрлигини билдирган. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, “Датка-Кемин юқори вольтли линияларининг яқинлиги “Қамбарота -1” ГЭСга электр энергиясини тақсимлаш схемаси, республика аҳолисини энергия билан таъминлаш масалалари бўйича энг кам харажат қилиш имконини беради”.

 “Қамбарота -1” ГЭС қурилиши лойиҳасида баландлиги 256 метр бўлган тўғон, 5,6 миллиард киловатт/соат қувватга эга 1860 мегаватт қувватга эга гидроэлектр станция ва 5,4 миллиард куб метр қувватга эга сув омбори қурилиши кўзда тутилган. Объектни қуриш муддати 8-10 йилни ташкил этади, биринчи гидроагрегатни эса “доимий молиялаштириш мавжуд бўлган тақдирда” тўрт йил ичида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Изоҳ: 2012 йилда Қирғизистон ва Россия ҳукуматлари “Қамбарота-1” ва тўртта ГЭСдан иборат Юқори Норин каскадини қуриш бўйича келишув имзолаган эди. Бироқ, 2016 йил август ойида Россия ҳозирги иқтисодий ҳолатида келишувдаги йирик лойиҳаларни молиявий жиҳатдан таъминлай олмаслигини тан олганидан сўнг Қирғизистон ҳукумати 31 декабр куни “Қамбарота -1” ва Юқори Норин ГЭС каскадларини қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича Россия билан эришилган келишувни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилган ва ГЭСларни қурилишига сарфланган 37 миллион долларни Россияга қайтариб бериш лозимлигини билдирган эди.

 Садир Жапаров 2021-йил 11-12 март кунлари Тошкентга қилган сафари чоғида “Қамбаота-1” ГЭСини ҳамкорликда қуриш борасида келишувга эришилди.

 “Биз “Қамбаота-1” ГЭСини Ўзбекистон билан бирга қуриш тўғрисида шартномага эришдик. Ҳозир иш бошланди. Ҳудо ҳохласа, “Қамбарота-1” ГЭСини уч йил ичида қуришни мақсад қилдик. Бу лойиҳа тўлиқ амалга ошади. 30 йилдан бери амалга ошмай қолиб кетаётган бу лойиҳа уч йилда қуриб битказилади”, – деган эди Садир Жапаров. Шу йилнинг май ойида эса Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев ҳамкорликда қурилишга қизиқиш билдиргани хабар қилинди.

 Гарчи Россия “Қамбарота-1” ва Юқори-Норин ГЭСларини қуриш бўйича келишувни бажара олмаслигини маълум қилган бўлишига қарамай, ўзидан бошқа томонидан бу лойиҳа амалга оширилишига зимдан тўсқинлик қилиб келмоқда. Масалан, 2017-йили Қирғизистон ҳукумати Юқори-Норин ГЭС мажмуасини қуриш бўйича тендер эълон қилган эди. Тендерда Чехиянинг Liglass Traiding CZ компанияси ютиб чиқди. Liglass Traiding CZ компанияси ва “Электр станциялари” ОАЖ билан инвестиция шартномасини тасдиқлаганидан кейин бир ой ичида Россияга 37 млн доллар тўлаши кераклиги белгилаб қўйилди. Бироқ, компания иш фаолиятини бошламай туриб битим бекор қилинди.

 Худди, 2000-йилларнинг бошларида кўтарилган “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл лойиҳасида Россия иштироки таъминланмагунга қадар унга турли тўсиқлар қўйиб келгани каби. Хитой-Россия музокаралари натижасида лойиҳада Россия ҳам иштирок этиши ва темир йўл унинг назорати остида бўлиши шарти билан рози бўлди. Хитой томонидан унинг талаблари қисман қабул қилинганидан сўнг, 2019-йили Россия лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тайёрлаш учун 200 миллион рубл ажратди. Шундан сўнг лойиҳани амалга ошириш ишлари қайта жонланди. 8-июн куни Садир Жапаров темир йўл қурилиши 2023-йилда бошланишини маълум қилди.

 Темир йўл каби “Қамбарота-1” ГЭСи ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлиб, қайси давлат буни ўз қўлига оладиган бўлса биринчидан улкан даромадга, иккинчидан расмий ҳукуматга бўлган таъсирини оширишга муваффақ бўлади. Шу сабабли ҳам минтақа давлатлари ўзаро бирлашиб бу лойиҳани амалга оширишга киришишар экан бу лойиҳаларда бирор мустамлакачи давлат ёки мустамлакачилар қуроли бўлган халқаро молиявий ташкилотлардан ёрдам олмай ўз имкониятларидан келиб чиқиб барпо этишлари керак бўлади. Акс ҳолда “Қумтор”, “Жеруй” олтин конлари ва бошқа табиий бойликлар каби ҳузурини мустамлакачилар кўриб, зиёни ва зарари халқ зиммасида қолаверади.  

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here