Россияда “жуда кўп” қирғиз ёшлари қамалмоқда

232
0

Россияда “жуда кўп” қирғиз ёшлари қамалмоқда

 Хабар: 7-июн куни Жогорку Кенешнинг конституциявий қонунчилик, давлат тузилиши, суд-ҳуқуқ масалалари ва парламент регламенти қўмитасида Омбусманнинг йиллик ҳисоботи чоғида Россияда курьер бўлиб ишлаб, узоқ йилга озодликдан маҳрум қилинган қирғизистонлик ёшлар масаласи кўтарилди.

 Омбусман Атир Абдрахматова Россияда 18-25 ёшдаги қирғизистонлик ўғил-қизлар “жуда кўп қамалаётгани”ни маълум қилди.

 “Кўпчилиги гиёҳванд моддалар билан қамалган. Курьерлик хизмати деб онлайн ўқитишар экан, етказиб борган жойда эса полиция “гиёҳванд модда сотдинг” деб қамоққа оляпти”, – деди Абдрахматова.

 Депутат Жусупбек Коргонбай ўғли ота-оналар ва маҳаллий ҳокимиятлар ишлаш учун хорижга кетаётган фарзандларини бу хавфдан огоҳлантириш кераклигини айтди;

 “Ҳатто тамаки чекмайдиган қизлар ва ўғил болалар тушинмовчилик сабабли қамалиб кетяпти. Етказиб бериш хизматига қизиқиб, 3-5 минг рубл оламан деб…”

 Бош прокуратура вакили бу масала сўнгги икки йил мобайнида кескинлашгани, қирғизистонлик ёшлар Россияда “узоқ муддатларга” қамоқ жазосига ҳукм қилинаётгани, муаммо “жуда катта” эканлигини таъкидлаб, у ерда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш имкони йўқлиги, улар фақат жазо муддатини ватанида ўташ учун Қирғизистонга экстрадиция қилишда ёрдам беришлари мумкинлигини айтди.

 Изоҳ: Ҳокимият тепасига келишидан олдин “бир йилда мамлакат иқтисодини оёққа турғизаман, беш йилда Қирғизистонни қарз олувчи давлатдан қарз берувчи давлатга айлантираман” деб катта ваъдалар берган Жапаров иқтидорга келганидан бери бирорта ваъдасини бажармади. Аксинча, у ҳокимиятга келганидан бери нарх-наволар тўхтовсиз ошиб, оддий халқнинг турмуш даражаси тушиб боряпти, ишсизлик ўсиб, иқтисодиёт фалаж ҳолатга келиб қолди. Ёшлар иш излаб хорижга, асосан, Россияга кетишга мажбур бўлишяпти. Қирғизистон ЕОИИга аъзо бўлиб киришидан аввал расмийлар мамлакат ташкилотга аъзо бўлса, “тўрт эркинлик” –  ишчи кучи, капитал, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиш имкони очилиши ҳақида айтишган бўлсада, рус ҳукумати меҳнат муҳожирлари учун турли тўсиқ ва қийинчиликлар яратиб келди. Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳақ-ҳуқуқлари, меҳнат ва яшаш шароитлари, бошқа масалалар борасида деярли ўзгариш бўлмади. Меҳнат муҳожирлари, шу жумладан қирғизистонликлар ҳам Россияда энг ҳимоя қилинмаган қатлам бўлиб қолди. Меҳнат муҳожирлари полиция ва Федерал миграция хизмати (ФМС), миллатчи тақирбошларнинг осон ўлжасига айланди. Полиция соҳта ва уюштирилган ишлар орқали муҳожирларни қўлга олиб қамоққа ташлаётган бўлса, ФМС арзимаган сабаблар билан уларни “қора рўйхат”га тиркаб қўймоқда. Тақирбошлар ва меҳнат хавфсизлиги таъминланмагани сабабли ҳар йили юзлаб қирғизистонлик ватанига “юк 200”да қатмоқда. Масалан, 2021-йили Қирғизистонга хорижда вафот этган 540 қирғизистонликнинг жасади олиб келинган бўлса, шундан 489таси Россиянинг Москва, Екатеринбург, Новосибирск вилоятларидан олиб келинди. Бу дегани 2021-йилда ҳар куни хорижда камида бир қирғизистонлик вафот этганини англатади. Жорий йилнинг январ ойида биргина Москванинг ўзидан олти нафар қирғизистонликнинг жасади олиб келинган бўлса, апрел ойида Россиядан 15та “юк 200” келди…    

 Амалдаги ҳукумат, президент Жапаров эса завод-фабрикалар очиш, иш ўринлари яратиш ўрнига президент учун янги қароргоҳ, “Осмон” шаҳар, ўйингоҳ ва кўнгилочар масканлар қуриш, қиморхоналарни қайта очиш билан овора.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here