Сурияликларни ватанига қайтариш лойиҳаси

215
0

Сурияликларни ватанига қайтариш лойиҳаси

Сурияда юзага келган қалтис вазият туфайли Туркиядан қўним топган бир миллион сурияликни ватанига қайтариш лойиҳаси тузилмоқда. Бу ҳақида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Идлибда қурилган брикет уйларининг калитларини топшириш маросимида қилган видео мурожаатида айтиб ўтди.

“…Ҳозир юртимизда меҳмон бўлиб турган бир миллион суриялик биродарларимизнинг ихтиёрий равишда қайтишини таъминловчи лойиҳани тайёрлаш жараёнидамиз. Биз ушбу лойиҳани маҳаллий ва халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлар кўмагида амалга оширамиз”, “Бу лойиҳа уй-жойдан тортиб кундалик ҳаётнинг барча эҳтиёжларга, мактаб ва касалхона, қишлоқ хўжалигидан саноатгача ўзини ўзи таъминлайдиган иқтисодий инфратузилмага эга бўлади. Умид қиламанки, Суриянинг бошқа ҳудудлари бир кун келиб хавфсиз ҳолатга келгач, биз у ерда ҳам шунга ўхшаш тадқиқотлар олиб борамиз ва ихтиёрий қайтиш учун замин тайёрлашга ҳаракат қиламиз”.

Изоҳ: Сурия халқи бошпана топган ўлкаларнинг энг афзали Туркия бўлди. Ҳеч бир халқ Туркия халқидек сурияликларга ёрдам қўлини чўза олган эмас. Буни сурияликларнинг ўзлари ҳам тан олиб гапиришади. Ислом ақидаси билан суғорилган турк халқи мазлум Сурия халқига нисбатан ўз мурувватини етарли даражада кўрсатди.

Аммо давлат жиҳатидан қараладиган бўлса, Туркия ҳукумати муҳожирлар масаласига Исломий нуқтаи назардан эмас, балки сиёсий ва иқтисодий нуқтаи назардан қарайди. Чунки капитализм асосига қурилган давлат бошқа халқлар у ёқда турсин, ўз халқига ҳам текинга марҳамат кўрсатмайди, балки халқдан имкон қадар кўпроқ фойдаланишга ҳаракат қилади. Бу фақат Туркияга хос эмас, барча капиталистик давлатларда аҳвол шундай.

 “Суриялик муҳожирлар ҳам Ислом эътиқодига амал қилади. Шунинг учун улар Ислом ўлкаларининг ҳар бирида, шу жумладан Туркияда ҳам бемалол яшаш ҳақуқига эга. Бу юртлар уларнинг ҳам юртидир. Ғарб мусулмон ўлкалари ўртасида чизиб қўйган чегараларнинг заррача ҳам аҳамияти йўқ”, каби бундай Исломий тушунчалар учун илмонийликка асосланган Туркия ҳукумати назарида ўрин йўқ. Шунинг учун Туркия ҳукумати шу пайтгача муҳожирлар масаласига Исломий ёки инсоний кўз билан эмас, балки сиёсий ва иқтисодий кўз билан қараб келмоқда.

Иқтисодий жиҳати шундаки, нотинчлик туфайли Сурияни тарк этган аҳоли Европага йўл олмаслиги учун Европа давлатлари Туркияга катта маблағ ажратди. Бунинг эвазига Туркия муҳожирлар учун Европага чиқиш йўлакларини ёпиб қўйишни зиммасига олди. Европа пулнинг бир қисмини кечиктирган пайтда Туркия ҳукумати муҳожирлар учун Европа чегарасини ланг очиб қўйиш билан таҳдид қилишининг сабаби ҳам шунда эди.

Сиёсий жиҳати шундан иборатки, Сурия масаласи халқаро масала бўлиб, бу масаланинг асосий тизгини Американинг қўлида. Эрон, Саудия, ва Россия давлатлари каби Туркия ҳам Сурия масаласида АҚШнинг кўрсатмаси билан ҳаракат қилиб келмоқда. Сурия майдонида сурияликлар, тўғрироғи Мусулмонлар устида ўйналаётган ўйин фақат минтақа давлатлари билан чекланиб қолган эмас, балки дунёдаги катта-ю кичик барча давлатларнинг у ерда ўз ҳиссаси бор. Бу шуни англатадики, Туркия олиб бораётган сиёсат халқаро майдонда Сурия масаласида берилган қарорнинг бир парчасидир.

Ўтган ойда президент Эрдоған элчилар учун ташкил қилинган ифторлик дастурхони устида “Суриялик биродарларимизнинг ўз ихтиёри билан ватанларига қайтишлари учун қўлимиздан келган ишни қиляпмиз” деган эди. Бугун эса бир миллион суриялик ватанига қайтиши ҳақида айтилмоқда. Бу сиёсат ортидан, шу пайтгача давлат минбарларидан “ваҳший, қотил”, дея сифатланиб келган Асад режими билан аста-секин муносабатларни яна қайта тиклаш учун қадамлар ташлана бошланиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.

Хуллас сурияликларнинг ватанига қайтариш ҳаракати Сурия масаласининг янги босқичга ўтаётганидан ва Туркия ҳукумати бу борада сиёсий йўналишини секин-секин ўзгартириб бораётганидан дарак беради. Аммо ўз халқини ваҳшийларча қирғин қилишдан тап тортмаган қотил Асад режими ҳокимиятда турар экан, Сурияга қайтарилган муҳожирларнинг тақдири ёмон оқибатлар гирдобида қолиши муқаррар. Сурия разведкасининг раҳбари интернет тармоғи орқали тарқаган видео мурожаатида Суриядан чиқиб кетган муҳожирларга қарата “сизлар барибир бу ерга қайтиб келасизлар. Ана ўша пайтда баъзиларингни ўлдирамиз, баъзиларингни қамоққа ташлаймиз, баъзиларинг эса бўйнини эгиб, бизга итоат қилади”, деган эди. Бундай ҳолатда турли ташвиқотлар билан муҳожирларни Сурияга қайтариб юбориш ғамхўрлик саналмайди.

Қиёмуддин Шариф

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here