Нархлар ошиши ҳақида фейк хабар тарқатганлар жазоланади

81
0

Нархлар ошиши ҳақида фейк хабар тарқатганлар жазоланади

  Хабар: Қирғизистон ички ишлар вазири Улан Ниязбеков озиқ-овқат ва зарурий маҳсулотлар нархи ошиши ҳақида ёлғон маълумот тарқатган шахсларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш ҳақида топшириқ берди.

 Вазир бу мамлакат иқтисодий даражасини сақлаб қолиш ва барқарорлигини таъминлаш учун зарур, деб ҳисоблайди. Ушбу масалани ҳар бир раҳбар ўз назоратига олиши бўйича топшириқ берилган. Шу билан бирга, Улан Ниязбеков ички ишлар ходимлари қаерда ёлғон маълумот борлиги ва ҳақиқий нарх ошиши қандай эканини аниқлаши бўйича масалага аниқлик киритмади.

 Бундан ташқари, у ИИВ мутасаддиларига президентнинг ҳудудлардаги вакиллари ва маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда озиқ-овқат маҳсулотлари нархини сунъий равишда ошириш, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга олиб чиқиб кетишни тақиқловчи хавфсизлик чоралари бўйича иш режаларини тасдиқлаш ҳақида топшириқ берди.

 Шунингдек, вазир оғир иқтисодий вазиятдан фойдаланиб, контрабанда, жисмоний шахсларнинг ноқонуний бойиб кетишининг олдини олиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

 “Бугун Қирғизистон халқи ўртасида кенг кўламли маърифий ишларни олиб бориш зарур. Хавотирга ҳеч қандай асос йўқлигини, мамлакат барча иқтисодий синовларга тайёрлигини, омборларда озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси етарли эканлигини тушунтириш керак”, – дея хулоса қилди Улан Ниязбеков.

 Изоҳ: Сўнгги ойларда Қирғизистонда озиқ-овқат махсулотлари нархи кескин қимматлади. Ун, ўсимлик ёғи, шакар, кейинчалик бошқа махсулотлар нархининг кескин ошиши халқ ичида ваҳима келтириб чиқарди. Расмий ҳукумат бу ҳолатни “асосий савдо-ҳамкор давлатлардаги иқтисодий вазият” билан оқлашга ҳаракат қилди. “Ҳамкор давлатлар” валютасини кескин қадрсизланиши миллий валюта сомга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Сом ҳам рубл ортидан ўз қадрини йўқотди. Ва бир АҚШ доллари 100 сомдан ошиб кетди. Товарини доллар курсига қараб сотадиган “тадбиркорлар” ҳам нархни оширишди. Натижада озиқ-овқат махсулотлари нархи ҳам ошди. 24-февралга қадар бир қопи (50 кг) 1700-1800 сом бўлган қозоқ уни 2200 сомдан ошган бўлса, бир литри 140-150 сом бўлган ўсимлик ёғи 200 сомга чиқди, шакар эса 100 сомга етди. Орадан вақт ўтиб, доллар курс пастлаб, ҳатто 24-феврал кунигача бўлган курсдан ҳам пастга тушиб кетган бўлишига қарамай озиқ-овқат махсулотлари нархи тушмади.

 Бу ўринда расмий ҳукумат ҳар бир тармоқни, шу жумладан, озиқ-овқат махсулотларини монополия қилиб олган “тадбиркорларга” қарши курашиш, янги ҳамкорлар топиш, мамлакатда тақчил бўлган махсулотларни олиб келиш ўрнига, одамларни нарх ошишидан норозилигини бостиришга, қўрқитишга ҳаракат қилмоқда. Гўёки, Қирғизистонда нарх ошмаган, ҳамма нарса рисоладагидек. Ҳукумат одамларни “оғзини ёпиш” орқали ўзи тушиб қолган иқтисодий вазиятни беркитмоқчими ёки одамларнинг ҳукуматга нисбатан ортиб бораётган норозилигини қўрқтиш орқали пасайтиришга ҳаракат қилмоқдами?  

 Аслида бундай ҳолатда талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатни тиклаш зарур. Ислом дини нархларнинг ҳаддан ташқари қимматлашиб кетишини олдини олиш борасида энг тўғри ечимлар берган. Бунинг учун аввало, ҳеч бир соҳа монополия қилиб олинишига йўл қўйилмайди. Юртнинг ички имкониятларидан оқиллик билан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш учун кенг шароитлар яратиб бериш керак. Фабрика ва заводлар очишга, уларни хом-ашё билан етарли даражада таъминлашга катта эътибор берилади. Агар шундан кейин ҳам тақчиллик юзага келса, нархлар арзонлашмаса четдан маҳсулот олиб келиш орқали тақчилликни зарур даражада камайтириш ёки тугатишга ҳаракат қилинади. Бу ўринда “асосий савдо-ҳамкорларнинг” қош-қовоғига қараб ўтирилмайди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here