Жаҳон банки Қирғизистонга 150 миллион доллар ажратади

235
0

Жаҳон банки Қирғизистонга 150 миллион доллар ажратади

 Жаҳон банки Қирғизистонга 150 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда ташкилотнинг Қирғизистондаги ваколатхонаси маълум қилди.

 Хабар қилинишича, АҚШда вазирлар махкамаси раиси Акилбек Жапаров иштирокида янги молиявий келишув имзоланди. Боткен вилоятини ривожлантириш лойиҳасига 50 миллион доллар ажратилади. Аввалроқ маблағнинг ярми грант шаклида, қолгани йиллик 0,75 фоиз устама билан 38 йилга берилиши хабар қилинганди.

 Сув хўжалиги ва иқлим ўзгаришини олдини олиш учун 100 миллион доллар қандай шартлар асосида ажратилиши номаълум. Фақатгина маблағнинг 50 миллион доллари грант эканлиги маълум.

 Маълумки, халқаро молиявий ташкилотлар оламий мустамлакачилик тузумининг асосий қуролига айланиб қолган. Бошқача айтганда, бу ташкилотлар қарз ва кредитларни маълум шартлар асосида бериш орқали қашшоқ мамлакатлар ривожланишининг олдини олади.

 Бунга қадар Жаҳон банки Қирғизистон ҳукумати билан биргаликда мамлакатда электр энергияси тарифини қайта кўриб чиқишга қарор қилганди. Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бьерденинг сўзларига кўра, тарифлар энергетика тармоғи ҳаражатларини қоплаш учун ўзгартирилмоқда. “Бу ҳаражатларни қоплаш учун ташланган қадамлар бўлгани сабабли Жаҳон банки қўллаб-қувватлади. Арзон тарифлар керагидан ортиқ истеъмол қилишга олиб келади. Биз унинг ўзгаришини қўллаб-қувватлаймиз”, – деди Бьерде.

 Бундан кўриниб турибдики, Жаҳон банки қарз бериш орқали Қирғизистоннинг экспортга мўлжалланган, импортга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришига тўсқинлик қилмоқда. Чунки, свет нархларининг ошиши маҳсулотнинг тан нархи ошишига олиб келади. Натижада арзон хорижий маҳсулотлар билан рақобат қила олмайдиган маҳаллий компаниялар банкрот бўлади. Шу мақсадда Жаҳон банки 1997-йилдан бери энергетика тармоғини реформа қилишга маблағ ажратиб келмоқда. Натижада хусусий компаниялар энергетика тармоғига аралашиб, тарифлар кўтарила бошлади. 1992-йилдан шу вақтга қадар энергетика тармоғига хорижий кредитлар, ссудалар, грантлар ва маҳаллий бюджетдан 2 миллиард долларга яқин маблағ ажратилган. Бироқ, шу кунгача тармоқ электр қуввати тақчиллигидан чиқа олмади.

 Демак, халқаро ташкилотлардан олинган маблағлар мамлакат тараққиёти учун эмас, аксинча, давлатнинг қўл-оёғини боғлаб, ўз манфаатларини амалга ошириш мақсадидагина берилади. Айрим грантлар, енгиллик қаторида кўрсатилган битимлар эса кўзбўямачилик бўлиб, унинг ортида махфий талаблар қўйилади.

 Мумтоз Моварауннахрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here