Жапаров: Пул фақат Қозоғистон ва Россия учун сарфланяпти

181
0

Жапаров: Пул фақат Қозоғистон ва Россия учун сарфланяпти

 Хабар: Қирғизистон бош вазири Акилбек Жапаровнинг сўзларига кўра, Евросиё тараққиёт банкининг барча маблағлари фақат Қозоғистон ва Россиядаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга кетяпти.

 Шу сабабли Қирғизистон ЕОИИ давлатлари раҳбарларининг май ойида ўтказиладиган йиғилишида бу масалани кўтаришни режалаштирган.

 “Мазкур инқирозга қарши институт Россия ва Қозоғистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун эмас, балки Арманистон, Қирғизистон ва Беларус каби давлатларнинг иқтисодиётини тенглаштириш учун ишлаши керак ва бу Россия президенти Владимир Путин томонидан бир неча бор таъкидланган. Биз бу масалани кун тартибига олиб чиқамиз. Ҳамкасбларим мени қўллаб-қувватлайди деган умиддаман. Ҳозир эса 99 фоиз маблағ Қозоғистон ва Россияни қўллаб-қувватлашга кетяпти”, – деб таъкидлади Жапаров.

 У шунингдек, 24 феврал куни бўлиб ўтадиган ҳукумат раҳбарлари йиғилишида ЕОИИ ичидаги тўсиқларни бартараф этиш масаласини ҳам кўтариш режалаштирилганини айтди.

 Евросиё тараққиёт банки (ЕОТБ) Евросиё маконида инвестицион фаолиятни амалга оширувчи халқаро молия ташкилоти ҳисобланади. Унга Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзо. ЕОТБнинг устав капитали 7 млрд долларни ташкил этади.

 ЕОТБ асосан транспорт инфратузилмаси, рақамли тизимлар, яшил энергетика, саноат ва машинасозлик соҳаларидаги лойиҳалар билан шуғулланади.

 Изоҳ: Қирғизистон ҳукумати Россия босими остида мамлакатни Евросиё иқтисодий иттифоқига олиб киргунга қадар оддий халқ қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, иттифоққа аъзо бўлишлик билан Қирғизистон қаршисида 170 миллионлик бозор очилиши, иттифоқ ҳудудида товарлар, хизматлар ва ишчи кучининг эркин ҳаракати таъминланиши ва иқтисодиёт соҳасида ягона сиёсат юритишини ваъда қилган эди.

 Россиянинг ЕОИИ ташкил этишдан кўзлаган мақсади ўзида ишлаб чиқарилган ва жаҳон бозорида касодга учраган товарлари учун бозор очиш бўлган бўлса, бошқа томондан аъзо давлатларни ўзига бўлган қарамлигини оширишдан иборат эди. Бошқа мустамлакачи давлатлар каби Қирғизистон ёки бошқа мустамлакаларини ривожланиб кетишини хоҳламайди. Қирғизистон иттифоқа аъзо бўлганидан бери иқтисоди орқага кетса кетдик, асло олдинга силжимади. Қирғизистон иқтисодининг асоси бўлган реэкспорт (Хитойдан товар олиб бошқа давлатларга сотиш) деярли тўхтаб қолди, Дордой ва Қорасув бозорлари инқирозга юз тутди. Мамлакатдаги ун ишлаб чиқариш, паррандачилик соҳалари жиддий зарар кўрди. Давлат ишонган асосий тармоқ – тикувчилик соҳаси ҳам ўз махсулотларини умумий бозорга олиб чиқишда муаммоларга дуч келди. Қозоғистон ва Россия фитосанитария талабларига жавоб бермайди деган баҳона билан Қирғизистон қишлоқ хўжалик ва гўшт махсулотларини ўз ҳудудларига олиб киришга чекловлар қўйди. Қирғиз-қозоқ чегарасида юк машиналари Қозоғистонга кира олмай чегарада ушлаб турилиши оддий ҳолга айланди. Машинасозлик соҳасида ҳам олдинга силжиш ўрнига ортга кетиш бўлди. Аксинча, Қирғизистон ЕОИИга аъзо бўлишидан олдин хорижий давлатлардан олиб келинаётган иккичи қўл машиналар учун бож иттифоққа аъзо бўлганидан сўнг қарйиб 10 баробарга ошиб кетди. Ҳукумат Россия талаби билан ўнг рулли машиналар олиб кирилишини ҳам тақиқлади. Натижада мамлакатда машина нархи кескин қимматлаб, аксар одамлар машина сотиб олишдан маҳрум бўлди.

 Аммо иттифоқдаги Россиянинг якка ҳукмронлиги ва фақат ўз манфаатларини илгари суриши борган сари кўпроқ норозиликларни пайдо қилмоқда. Бир вақтлар Лукашенко ҳам “бу каби иттифоқни бизга нима кераги бор” деб чиққан бўлса, айрим қирғиз расмийлар иттифоқдаги ноҳақликлардан нолий бошлашган эди. Аммо ҳозирча Россия ҳарбий қувватига суяниб, турли ваҳималарни бўрттириб кўрсатиш орқали бошқа аъзоларга деярли таҳдид билан иттифоқни сақлаб турибди. Агар Россия яна озгина қувватдан қоладиган бўлса бу иттифоқнинг келажаги ҳам савол остида қолади.

 Абдураҳмон Одилов

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here