Америка ва ичдан портлаш

116
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Америка ва ичдан портлаш

Доктор Муҳаммад Жийлоний қаламига мансуб

Aмерикалик сиёсатчилар, шарҳловчилар ва етакчилар деярли бир овоздан 2021 йил 6 январ ҳодисасини демократияга қарши кучли ва қасддан қилинган ҳужум, дея таъкидлашди. Байден АҚШ президентлигини эгаллаган пайтда қилган мурожаатида «Бугун мен алам, бўлиниш ва тарангликдан эзилган бир давлат президентлигини қабул қилиб олдим… 2021 йил 6 январ ҳодисаси демократияни ер билан яксон этган ҳужумдир… Биз 200 йил аввал қурганимиз демократияни сақлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз», каби сўзларни айтди.

Хўш, ҳақиқатдан ҳам демократия хавфсиз ва соғлом ҳолатдами? Ёки сўнгги икки асрда шаклланган Америка жамиятининг чоки сўкилиб-парчаланяптими?

Бунга жавоб беришдан олдин демократиянинг негизини тушуниб олмоғимиз лозим. Яъни насроний черков Европада ўрта асрларда узоқ давом этган инқилобий ва эволюцион жараёнда мағлубиятга учраганидан кейин капитализм идеологияси пайдо бўлди ва демократия айни идеологиянинг ажралмас бир қисми сифатида ривожланди. Француз инқилоби ва Европанинг насронийлик гегемонлигидан халос бўлиши давлат билан черков ўртасининг ажратилишига ва асосий тўрт эркинлик қонунийлаштирилишига олиб келди. Бу эркинликлар сўз, шахс, мулк ва эътиқод (виждон) эркинлиги эди. Шахс эркинлиги билан эътиқод эркинлиги черковни мағлубиятни қабул қилиб, қўлини кўтаришга ва черковни зиёрат қилувчиларга рози бўлишга мажбур қилди. Руҳонийлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун «аъзолик бадаллари» белгиланди.

Сўз эркинлигига келсак, ундан янги демократик тушунчалар пайдо бўлди. Демократияга кўра, одамлар ўз вакилларини сайлаш ҳуқуқига эга бўлишади. Бу вакиллар ҳам қонун чиқариш, давлатни ҳимоя қилиш ва бошқаришда эркин бўлади. Яъни ушбу сўз эркинлигидан бошқарув тузуми ва жамиятлар бошқаруви қоидаси сифатида демократия пайдо бўлди. Шунингдек, сўз эркинлигидан капиталистик тушунчалар келиб чиқди, ўз навбатида, бу тушунчалар жамият учун иқтисод ва молия низомини шакллантирди.

Бироқ, парадокс шундаки, демократия ва капитализм ўз табиатига кўра нифоқ уруғини кўтариб юрадиган бир-бирига зид ғояларга айланиб қолди. Хусусий мулк ғоясига ва нисбий танқислик назариясига асосланган капитализм ер ресурсларини бошқалардан кўра тезроқ, эртароқ ва кўпроқ қазиб олиш имкониятига эга бўлган ўта бой одамларни келтириб чиқарди. Бу эса, тарихда энг катта тафовутни пайдо қилди. Яъни 1 % одамлар юрт бойлигининг 70 %дан кўпроғига эга бўлишига олиб келди… Улар бу бойликка камбағал ва оч шахсларнинг нон топиш учун бой компания ва муассасалар фойдасига кечаю кундуз тер тўкиб меҳнат қилишлари эвазига эга бўлишди. Дунё аҳолисининг 1 %га етмаган ўта бой кишилар йирик корпорацияларга эгалик қилади. Бу эса, уларга оммавий ахборот воситалари, хусусий клублар, йирик саноат тармоқлари ва булардан бошқа жамиятнинг асосий таркибий қисмларига таъсир ўтказиш ва уларни назорат қилиш имконини беради.

Мана шу бир сиқим гуруҳ шундай йирик восита ва қуролларга эга бўлдики, улар ёрдамида сўз эркинлигига ўз таъсирларини ўтказишга муваффақ бўлишди. Улар инсонларнинг 99 %ини йўналтиришда, баъзан ҳатто бўйсундиришда сўз эркинлигидан фойдалана билишди. Бинобарин, сўз эркинлиги тушунча сифатида, мулк эркинлигининг ҳам, мулкдор синфнинг ҳам асосий душманига айланди. Зотан, бу мулкдор олигархлар Америка ва бошқа давлатларда ҳаёт бўғинларига ҳукмронлик қиладиган бўлишди. Бу давлатлар динни ҳаётдан ажратиш принципини татбиқ қилиб, шу асосда тузум қабул қиладиган, аҳолининг катта қисмини яшаш, бойиш ва эркин бўлиш каби асосий ҳуқуқларидан маҳрум этган давлатлардир. Зотан капиталистик демократиядан бундан бошқа нарса кутилмайди. Бир вақтнинг ўзида, мулк эркинлиги билан ундан пайдо бўлган ғоят мулкдор-олигархлар сўз эркинлигининг бош душмани бўлиб қолишди. Моҳиятан олганда, ҳозирги замон-янги демократик капиталистик давлатлардаги асосий мафкура ўзгарди, яъни битта қутида турган қарама-қарши кучларга айланди. Бу қути эса, жамият, дея аталади. Бу ҳолат қарама-қарши зарядли заррачаларни ўз ичига олган атом ядросида кузатиладиган ҳолатга ўхшайди. Ушбу қарама-қарши заррачалар улкан ташқи куч туфайлигина атом ядроси доирасида мавжуд бўлиб тура олади… Бошқача айтганда, ҳар қандай вақтда кучли портлаш содир бўлиши мумкин.

Демократия билан капитализм ҳам шунга ўхшаш, ўзларининг табиий қарама-қаршиликларига қарамай битта қутида бўлишлари шарт бўлган. Шунингдек, жамият ва хусусан Американинг иттифоқини сақлаб қолиш учун мана шундай фавқулодда куч бўлиши шарт бўлган. Чунки бу юртда жамиятининг таркибий қисмларида аниқ ва муқаррар қарама-қаршилик бор.

Сўнгги пайтда «давлат ортидаги давлат», дея аталаётган кучлар ёки «нуфузли кучлар», «йирик компаниялар вакиллари», «WASP» (англо-саксон протестант оқ танлилар), дейилаётган кучлар Америка жамияти ва иттифоқи бирлигини сақлаб қолиш ҳамда атом портлашига ўхшаш нарса йўқлигига ишонч ҳосил қилиш устида қаттиқ ва маҳорат билан ишлади. Атомнинг бирлиги ва барқарорлигини таъминловчи яширин кучлар каби, жамиятнинг яхлитлиги ва барқарорлигини таъминловчи кучлар (капитализм ва демократия) ҳам кучли, нозик ва изчилдир.

Texник жиҳатдан, ядро қудратининг парчаланиши ҳам, ядронинг албатта портлайдиган нарса эканлиги ҳам ҳеч қандай шубҳасиз исботланган. Худди шунга ўхшаш, Америка жамияти ичидаги қарама-қаршиликка мойилликни ҳамиша сақлаб турувчи оқимлар кучлари ҳам албатта бир кун портламай қолмайди, бунга ҳам шубҳа йўқ. Тўғри, қарама-қарши фикрлар ўртасидаги зиддиятни мажбуран бирлаштириш мумкин. Бироқ, у ҳам ёрилиш, бўлиниш, ҳатто портлашга мойилдир. Чунки бир-бирига зид нарсани мажбуран елимлаб-ёпиштирилган тақдирда ҳам елими қуриб-синиши мумкин. Шунинг учун, таъкидлаш лозимки, ташқи кучни сақлаб қолмоқ ва қарама-қарши фикрлар билан шаклланган жамиятда барқарорликни тинимсиз сақлаб турмоқ шарт. Чунки бусиз бўлиниш, вазият таранглашиши ва портлаши табиий натижа бўлади ва президент Байден ҳам буни биринчи мурожаатида таъкидлади.

Америка ўз иттифоқини сақлаб туриш учун узоқ вақт ташқи кучлардан ўзини муҳофаза қилишга муваффақ бўлди. Аммо бу иттифоқни демократик ва капиталистик қарама-қарши фикрлар билан юзаки суратда қурди. У шунингдек, сўз эркинлиги билан мулк эркинлигига асосланди. Америка ўз федерациясини сақлаб туриш жараёнида асосан давлат ортидаги давлат, дейилган йирик нуфузли шахсларнинг чангалига ва уларнинг катта молия ва имкониятларига таянди. Дунё тартиби ва жаҳон сиёсатининг ташқи вазиятидан самарали фойдаланилди. Taшқи душманга қарши курашиш Aмериканинг барқарор иттифоқини сақлаб қолишнинг энг самарали усули бўлиб, бу унинг нуфузли кучлари маданиятига асосланган. Америкадаги тарихчилар ўз юртларининг ташқи урушлардан фойдалангани ҳақида ёзишган, масалан, Иккинчи Жаҳон уруши, Корея уруши, Вьетнам уруши, Форс кўрфази уруши ёки Совет Иттифоқи билан совуқ уруш каби.

Бугун Америка икки-уч йил ёки ундан кўпроқ вақт давомида тўқнашиши муқаррар бўлган душманни тинимсиз изламоқда. Вариантлар чекланган, аммо бутунлай йўқ эмас ва бу ё Ислом ёки Хитой ёхуд Россия ёки илгари гувоҳ бўлинмаган бошқа янги вариант бўлиши шубҳасиз. Бугунги кунда биз бир пайтлар барча мухолиф кучларни ўз ичига олган қутининг парчаланиш оловига 150 йилдан бери биринчи марта гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу портлаш ядровий портлашдан кам бўлмайди, бунинг учун протонлар атом ядросидан ажралишни-парчаланишни бошласа, бас… албатта портлаш содир бўлади. Чунки Америкадаги бу бўлинишлар қирғинбарот бўлиши, ҳатто президент Байден айтганидек ҳалокатли бўлиши мумкин. Шунинг учун ушбу эҳтимолли портлашни олдини олиш ҳар қачонгидан кўпроқ катта куч талаб қилади.

Хўш, Америка бундай структуравий инқилобни олдини олишга қодир бўладими? Биз буни диққат билан кузатмоғимиз ва тайёр турмоғимиз керак.

Роя газетасининг 2022 йил 2 феврал чоршанба кунги 376-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here