Қозоғистондаги воқеаларнинг сиёсий оқибатлари

203
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Қозоғистондаги воқеаларнинг сиёсий оқибатлари

Савол:

Президент Қосим Жўмарт Тўқаев суюлтирилган газ нархи икки баравар кўтарилиши ортидан бирданига аланга олган норозилик намойишларини бостириш учун ёрдам сўрагач, Россия Қозоғистонга КХШТ номидан аралашди… Россия ташқи кучларни, хусусан, Американи мамлакат ишларига аралашишда ва норозиликларни қўзғашда айблади. Кейин эса, Миллий Хавфсизлик қўмитаси раҳбари давлат тўнтаришига уринишда айбланди. Савол шуки, норозилик намойишларининг асл сабаби нима? Нима учун Россия КХШТ номидан бунчалик тез аралашди? АҚШнинг бу борадаги позицияси қандай?

Жавоб:

Юқоридаги саволлар жавоби тушунарли бўлиши учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:

  • Марказий Осиёдаги Ғарбий Туркистоннинг бир қисми бўлган Қозоғистон 2,7 миллион км2.дан ортиқ кенг майдонга эга бўлган исломий юртдир. Лекин унинг аҳолиси майдонига нисбатан оз бўлиб, тахминан 19 миллионни ташкил этади. Аҳолининг 75 %дан ортиғи мусулмонлардир. Қозоғистонда катта сондаги рус озчиликлари яшайди. Айтилишича, улар аҳолининг 20 %ини, яъни тахминан 3,5 миллион кишини ташкил этади. Қозоғистон Россия учун иқтисодий ва геосиёсий жиҳатдан муҳим юрт ҳисобланади. У Совет Иттифоқи даврида 1991 йилда ўз мустақиллигини эълон қилгунига қадар бевосита Россия ҳукмронлиги остида бўлган. Лекин у Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Коллектив Ҳамкорлик Шартномаси Ташкилоти, шунингдек, Шанхай шартномаси доирасида Россияга боғланиб қолди. Байконурда Россия космодроми жойлашган бўлиб, космик кемалар ўша жойдан учирилади. Россия Қозоғистоннинг улкан бойликларини эгаллаб олган. Қозоғистон нефтга бой мамлакат. Нефть мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 21 фоизини ташкил этади ва кунига 1,5 миллион баррелдан ортиқ нефть қазиб олинади. Дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланган ушбу исломий юрт 1,5 миллион тонна уран захирасига эга. У ерда улкан миқдорда марганец, темир, хром, кўмир, шунингдек, газ бор. Ҳозиргача 2 триллион куб метрга яқин табиий газ топилган. Шундай қилиб, Қозоғистон Россия учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки постсовет ҳудудда Россия ўз таъсири остидаги муҳим минтақа деб ҳисоблаган давлатлар ичида Қозоғистон Украинадан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. Шу боис, Қозоғистонга ўхшаб номига эмас, балки, амалда Россиядан мустақил бўлган Украинадаги каби ҳодисалар такрорланмаслиги учун, уни ўз қўли остида сақлаб қолишга бор кучини сарфлайди.
  • Америка ҳам Қозоғистоннинг аҳамиятини билади. Чунки унинг жойлашуви муҳим аҳамиятга эга. У Россиянинг жанубий чегараларида ва Хитойнинг ғарбий чегараларида жойлашган. Мана шундан келиб чиқиб, Америка бир томондан Россияни қуршовга олиб, унинг минтақадаги таъсирига барҳам бериш, бошқа томондан Хитойни қуршовга олиш учун ушбу мамлакатда ўз нуфузини кенгайтиришни истайди. Қолаверса, бу давлатнинг Россия қўли остидан чиқиши Марказий Осиёдаги бошқа давлатларнинг ҳам Россия таъсир доирасидан чиқишига олиб келиши мумкин. Американинг бу қизиқиши Қозоғистон мустақиллигини эълон қилганидаёқ пайдо бўлди. Шунинг учун Америка Қозоғистон мустақиллигини эътироф этган биринчи давлат бўлди. Кейин Америка компаниялари у ерга кириб, мамлакатдаги кўплаб нефть ва газ саноатини эгаллаб ола бошлади. Масалан, Американинг Шеврон компанияси «Тенгиз» нефть конининг 50 %ига эгалик қилади. Бу кон мамлакат ишлаб чиқаришининг учдан бир қисмини ташкил этади. Европа компаниялари ҳам Қозоғистондаги энергия ресурсларининг бир қисмини эгаллаб ола бошлади. («Қозоғистон экспортининг тахминан 90 фоизини нефть ва газ каби энергия ресурслари ташкил этади. Уларнинг барчаси деярли чекланган бўлиб, Ғарб сармоядорларига ҳамда Америка ва Европанинг йирик нефть компанияларига тегишли»… Россия Спутник агентлиги 2022 йил 8 январ). Американинг уринишлари фақат нефть ва газ компаниялари билан чегараланиб қолмади, балки ундан ташқарига чиқиб, мамлакатни 1989 йилдан бошлаб 2019 йил март ойида истеъфога чиққанини эълон қилгунга қадар бошқариб келган Назарбоев бошқаруви даврида баъзи ҳарбий шартномаларни имзолашгача етиб борди. Кейин унинг вориси даврида, уларнинг Россия билан яқин муносабатлари Американинг самарали ҳарбий шартномалар тузишига тўсқинлик қилди. Шундай бўлса-да, Америка ўз уринишларини давом эттиришдан умид узгани йўқ. «2019 йил феврал ойида АҚШ марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Вотел сенатга берган кўрсатмасида АҚШнинг Қозоғистон билан муносабатлари ҳақида: («Марказий Осиёдаги энг етук муносабатлар…», деди. Ал-Жазирадан олинган иқтибос, 2022 йил 6 январ). АҚШ ва Қозоғистон армиялари ўртасидаги алоқалар икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг муҳим жиҳатини ташкил этади. 2003 йилдан бошлаб Қозоғистон кўп томонлама ҳарбий машғулотларга, жумладан, 2019 йил июн ойида Қозоғистон жануби-шарқида бўлиб ўтган, унда АҚШ кучлари ҳам иштирок этган ҳарбий машғулотга мезбонлик қилди. Ҳатто бу машғулотлар оддий машғулотларга яқин бўлса ҳам, лекин бу Американинг Қозоғистонга бўлган қизиқишидан далолат беради. Россия эса, шубҳасиз, унинг бу қизиқишидан қўрқади…
  • Норозиликлар юз бериб, кутилмаганда кенгайиб кетгач Россиянинг қўрқуви кучайди. Ушбу воқеалар ўз-ўзидан табиий бошланди. Маълум бўлишича, 2022 йил 5 январда мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Актау шаҳарлари аҳолисининг суюлтирилган газ нархининг икки бараварга кўтарилишига қарши норозилик намойишлари кенгайиб, Олма-Ота шаҳарига етиб борди. Олма-Ота мамлакатнинг эски пойтахти бўлиб, Қозоғистоннинг энг катта шаҳри, шунингдек, энг муҳим тижорий, иқтисодий ва молиявий шаҳарларидан бири ҳисобланади. Ахборот агентликларининг маълум қилишича, ёнғин шаҳардаги президент қароргоҳини, шунингдек, шаҳар мерлиги биносини қамраб олган. Россиянинг Спутник агентлиги хабарига кўра, «Хавфсизлик кучлари пойтахт Нурсултон (собиқ Остона) маъмурияти биноси атрофига хавфсизлик ҳалқаси ўрнатган. Интернет узилиши туфайли нақд пулсиз тўловлар тўхтаб қолган бир манзарада, пойтахт аҳолиси банклардан ўзларининг катта миқдордаги пулларини олиб чиқиб кетишга шошилишган». Маҳаллий Оммавий ахборот воситалари берган хабарга кўра, шарқий Балхаш вилоятидаги кон ишчилари норозиликларга қўшилиб, ишни тўхтатиб қўйган. Шундай қилиб, намойишлар зўравонликка айлана бошлади… Қозоғистоннинг Анқарадаги элчиси ўз мамлакатидаги воқеаларга изоҳ бериб шундай деди: (Намойишларнинг бошланиши турмуш шароитини яхшилашни талаб қилишга ва суюлтирилган газ нархининг кўтарилишига қарши чиқишга қаратилган эди. Олма-Ота шаҳрига ўтганидан кейин, намойишлар бошқача тус олди ҳамда иғвогарлик ва ғайриқонуний ишлар билан аралашиб кетди… Анадолу, 2022 йил 6 январ). Вазиятни тинчлантириш учун 2022 йил 5 январда Козоғистон ҳукуматининг истеъфога чиққани эълон қилинди ва суюлтирилган газ нархи пасайтирилди. Бироқ намойишлар тўхтамади, балки, кенгайиб ривожланди.
  • Намойишларнинг бу тарзда кенгайиши Қозоғистондан олдин Россияни айбловни икки томонга қаратишга ундади:

Биринчи томон, маҳаллий хавфсизлик хизмати ходимлари:

а)    Бунга баъзи хавфсизлик хизмати ходимларининг норозилик намойишлари ва тартибсизликларга кўз юмаётгани сабаб қилиб кўрсатилди. Шундан сўнг мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган Миллий Хавфсизлик қўмитаси (разведка хизмати) раҳбари Карим Масимов айбдор деб топилди. Гўёки бу одам ҳокимиятни эгаллаш учун вазиятдан фойдаланган қилиб кўрсатилди. Шунинг учун у 2022 йил 8 январда истеъфога чиқарилиб, хиёнатда айбланди. (Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси ўзининг собиқ раҳбари Карим Масимовнинг «ватанга хиёнат»да гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилди. Миллий Хавфсизлик қўмитаси баёнотига кўра, «Жорий йилнинг 6 январида Миллий Хавфсизлик қўмитаси томонидан давлатга хиёнат қилиш факти бўйича Қозоғистон республикаси жиноят кодексининг 175 моддаси биринчи қисмига асосан жиноий иш қўзғатиш мақсадида тергов ишлари бошланган. RT, 2022 йил 8 январ). Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ маслаҳатчиси Эрмуҳаммад Эртисбоев (Мамлакатдаги инқирознинг сабабларидан бири – айрим юқори лавозимли расмийлар хиёнатидир, деган эди. У мамлакатдаги сўнгги воқеаларни «давлат тўнтаришига уриниш ва қуролли исён», деб атади. Эртисбоев яна бундай деди: «Давлат тўнтаришига қаратилган ушбу уриниш ва қуролли исённинг ҳажми жуда ҳайратланарлидир. У уюшган ва кучли уринишдир. Уни ҳокимиятнинг юқори поғонасидаги, айниқса, ижроий ҳокимиятдаги хоинларсиз амалга ошириш мумкин эмас». RT, 2022 йил 8 январ).

б)   Қозоғистон президенти Қосим Тўқаев Россия бошчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг аралашувини талаб қилганини оқлаб, («ўз мамлакати террорчилик ҳужумига, хорижлик жангарилар иштирокидаги қасддан уюштирилган агрессияга учраганини айтди. У қўшимча қилиб «Террорчилар томонидан содир этилган зўравонликлар натижасида хавфсизлик хизмати ходимлари ва тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонлар бўлди, 1300га яқин тадбиркорлик объекти зарар кўрди, 100дан ортиқ савдо маркази ва банкларга ҳужум қилинди, 500та полиция машинаси ёқиб юборилди, кўрилган зиён 2 ва 3 миллиард атрофида», деб айтди. У яна «Ўн мингга яқин одам ҳибсга олинди, вазият барқарорлашди ва назоратга олинди. Террор таҳдиди марказлари зарарсизлантирилди. Айниқса, муҳим стратегик объектлар, қурол ва ўқ-дори сақланадиган жойлар ҳимояланди», дея қўшимча қилди. (RT, 2022 йил 10 январ).

в)    Шундай қилиб, Қозоғистон президенти Тўқаев Россиядан аралашишни сўради. Руслар унинг талабидан олдин аралашишга қарор қилгандек, сўровга тезда жавоб беришди. Россия 1992 йилда таъсис этилган Коллектик Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти орқали Қозоғистонга ҳарбий аралашувни бошлади ва 2022 йил 6 январда биринчи ҳарбий батальонни юборди… (Ал-Жазира Нет, 2022 йил 6 январ). Кейинги икки кун ичида 2500та аскар ҳарбий жиҳоз ва машиналар билан ҳаво орқали жўнатилди. Ушбу фавқулодда миссияда, шу жумладан, Арманистон ва Қирғизистон кучларини Қозоғистон ичкарисига етказишда 70дан ортиқ Россия ҳарбий юк самолётлари иштирок этди. Шунинг учун Тўқаев шундай деди: (Мен Россия президенти Путинга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Чунки у менинг ёрдам сўраб қилган мурожаатимга тезда жавоб қайтарди. RT, 2022 йил 7 январ). Шундан сўнг Путин 2022 йил 10 январ куни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти хавфсизлик кенгашининг видеоконференциясида шундай деди: («Айрим ташқи ва ички кучлар Қозоғистондаги иқтисодий вазиятдан ўз мақсадларига эришиш йўлида фойдаланди. КХШТ Қозоғистондаги вазиятнинг издан чиқишига йўл қўймаслик учун муҳим чоралар кўришга муваффақ бўлди ва ўз вақтида керакли қарорни қабул қилди. Бу кучлар шу давлат президенти белгилаган муддатгача Қозоғистонда қолади. Қозоғистондаги воқеалар ташқи аралашувнинг биринчиси эмас ва охиргиси ҳам бўлмайди. Зеро, КХШТга аъзо давлатлар рангли инқилобларга йўл қўймасликларини кўрсатдилар. Қозоғистондаги сўнгги воқеалар баъзи кучларнинг экстремист ва террорчиларни жалб қилишда, жангариларнинг ухлаб ётган ячейкаларини ташкил қилишда кибермакондан ва ижтимоий тармоқлардан ҳеч иккиланмай фойдаланишини тасдиқлади». RT, 2022 йил 10 январ).

Россия бу ҳодисаларда айблаган иккинчи томон, яъни ташқи кучларга келсак:

Путин КХШТ конференциясида Американинг бу воқеаларга алоқадорлигини тилга олмаган бўлса-да, бироқ, у айтган сўзларнинг ифодасидан буни тушуниш мумкин. Бундан олдин Россия оммавий ахборот воситаларида айтилган гаплар бу тушунчани тасдиқлайди… Чунки Россия оммавий ахборот воситаларида намойишларда Американинг роли бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирилган… Буни Оқ уй матбуот котиби Жен Псакининг бунга қарши берган баёнотлари ҳам тасдиқлайди. У Қозоғистонни ларзага солган тартибсизликларда Қўшма Штатларнинг роли бўлиши мумкинлиги ҳақида Россия оммавий ахборот воситаларида берилган даъволарни «Россия томонидан қилинган телбанамо даъволар», деб атади. Шунингдек, бу даъволарнинг «мутлақо ёлғон»лигини ва улар «Россиянинг дезинформацион стратегияси»ни фош қилишини таъкидлади. (Индепендент арабий, 2022 йил 7 январ). Россиянинг КХШТ орқали аралашувини оқлаш учун ташкилотнинг амалдаги раҳбари, Арманистон бош вазири Никол Пашинян (коалиция «ташқи аралашув» борасида келган сўровга жавоб қилган»ини таъкидлади. Индепендент арабий, 2022 йил 7 январ). Бу баёнотларнинг барчаси шунга далолат қиладики, Қозоғистон, шунингдек, унинг ортида ва қолаверса олдида турган Россия бу воқеалар нафақат ички сабабларга кўра юз берди, балки, Американинг ҳам қўли бор, деб билади. Американинг ушбу воқеалардаги роли, унинг қуйидаги баёнотларини кўриб чиқиш билан аён бўлади:

а)    Блинкен қозоғистонлик ҳамкасби билан телефон орқали мулоқоти чоғида («Қозоғистондаги нотинч вазиятга тинч йўл билан ечим топишга ҳамда оммавий ахборот воситалари эркинлигини ҳурмат қилишга» чақирди. АҚШ давлат департаменти воизи Нед Прайс «Блинкен Қўшма Штатларнинг Қозоғистон конституциявий муассасаларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади. У инқирозга инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда тинч йўл билан ечим топиш тарафдори», деди. У яна бундай қўшимча қилди: «Америка Қозоғистондаги воқеалардан хавотирда. Лекин у мамлакатнинг КХШТ ёрдамисиз мустақил равишда вазиятни изга сола олади, деб ишонади». Франс Пресс, 2022 йил 6 январ).

б)   Блинкен Қозоғистон президенти Қосим Тўқаевнинг намойишчиларни отиб ташлаш ҳақидаги баёнотларига изоҳ берар экан: («Мен бу баёнотларни қоралайман, агар бу миллий сиёсат бўлса, мен уни қоралайман…», деди. Си-Эн-Эн, 2022 йил 9 январ). Қозоғистон президенти: «Мен террорчиларни огоҳлантирмасдан отиб ташлашга буйруқ бердим», деган эди. У яна: «Олма-Ота шаҳрига қилинган ҳужумда 20 минг террорчи иштирок этди», дея қўшимча қилганди.

в)    Америка Россия кучларининг Қозоғистондан чиқиб кетишини талаб қилди. АҚШ давлат департаменти воизи шундай деди: («КХШТ кучлари Қозоғистонни тарк этиши керак… Уларнинг иштироки саволлар туғдирмоқда. КХШТнинг иштирокига ҳеч қандай асос йўқ»… Новости, 2022 йил 11 январ).

Булардан кўриниб турибдики, Америка Россия кучларининг Қозоғистонга чақирилишига қарши чиқди. У муаммоларнинг Россия аралашувисиз ва намойишчиларга қарши куч қўлланмасдан ҳал этилишини талаб қилди… Чунки у бу аралашув Россиянинг Қозоғистондаги иштирокини ва режимнинг Россияга боғланиб қолишини кучайтиришини тушуниб турибди… Америка ўзининг воқеаларга аралашганлиги ҳақидаги айбловларни рад этди. Бироқ унинг рад этиши намойишларни бостирмасликни ва инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини талаб қилиш оҳангида бўлди…

Хулоса:

а)    Юқоридагилардан Россиянинг Қозоғистонга қанчалик аҳамият бериши кўриниб турибди. Зеро, КХШТ бандларининг фаоллаштирилиши ортида Россия турди. Бу эса, Қозоғистондаги намойишларни куч билан бостиришга қаратилди. Аслида, ташкилот 1992 йилда айни шу ном остида таъсис этилганидан бери намойишларнинг ташкилот аралашуви билан бостирилиши биринчи бор юз берди. КХШТга аъзо давлатлардаги бу каби воқеаларда бундан олдин унинг аралашуви кўринмаган эди. Бу эса, Қозоғистонга қанчалик аҳамият беришини кўрсатади.

б)   Бошқа томондан, Қозоғистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг беқарорлашиши Россиянинг постсовет ҳудуддаги таъсирининг янги заиф нуқталарини кўрсатди. Бу эса, Ғарбни Россияни Марказий Осиёдан Белоруссиягача бўлган инқирозлар ҳалқаси билан қуршаб олишга илҳомлантириши мумкин.

в)    Бироқ, Америка Қозоғистонда ўз таъсирини кенгайтиришга қаратилган уринишларидан кўзлаган нарсаларига эриша олмади. Кўриниб турибдики, Америка намойишларнинг авж олишидан мамнун эди. У мамлакат ичкарисига ўз одамларини киритиб, кейин ҳам ичкаридан ва ҳам ташқаридан босим қилишни истаган эди…

г)    Биз шуни таъкидламоқчимизки, Қозоғистондек исломий юртда душманларнинг ўзаро курашаётгани, юрт бойликларини талон-торож қилиб, юртнинг мавқеи ва имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишаётгани, бир вақтнинг ўзида юрт аҳли орасидаги малайларни тахт ва юқори лавозимларни эгаллаш йўлидаги курашдан бошқа нарса ташвишлантирмаётгани, улар юрт аҳолисини – мамлакат кенг ер майдонлари ва бойликларга эга бўла туриб – қашшоқлик ва азоб-уқубатларга гирифтор қилишаётгани ҳамда мамлакат аҳолисининг кўпчилиги мусулмон бўлишига ва Ислом кофирлар учун мўминлар устига йўл бермасликка буюрганига қарамай, юрт аҳолисини душманларга ташлаб қўйишгани ачинарли ҳолдир. Шу сабабдан юрту фуқарони қутқариш учун пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифаликни барпо этиш йўлида ҳаракат қилишнинг зарурлиги яна бир бор ўз тасдиқини топди. Зеро, Халифаликнинг барпо этилиши билангина Ислом Уммати инсонлар учун чиқарилган энг яхши, кучли ва ғолиб Умматга айланади.

﴿وَلَيَنْصُرَنَّ اللَّهُ مَنْ يَنْصُرُهُ إِنَّ اللَّهَ لَقَوِيٌّ عَزِيزٌ﴾

«Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир»                                                                                                                            [Ҳаж 40]

                                                                                                                                  12 жумодулаввал 1443ҳ

                                                                                                                                                 15 январ 2022м

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here