Қирғизистон ҳарбийлари Қозоғистонни 14 январда тарк этади

300
0

Қирғизистон ҳарбийлари Қозоғистонни 14 январда тарк этади

 Хабар: КХШТнинг Қозоғистондаги тинчликпарвар миссиясида иштирок этаётган қирғизистонлик ҳарбий хизматчилар 14 январда ватанига қайтади, деб хабар берди Қирғизистон мудофаа вазирлиги матбуот хизмати РИА Новостига.

 “Қирғизистон қуролли кучларининг тинчликпарвар ҳарбий контингенти Алматидан 14 январда, куннинг иккинчи ярмида ватанига қайтади”, – деб баёнот берди матбуот хизмати вакили.

 КХШТнинг Қозоғистондаги тинчликпарвар миссиясида Қирғизистондан 150 нафар ҳарбий хизматчи ва 19 та махсус техника иштирок этди. Улар Алматида стратегик муҳим объектларни қўриқлашгани айтилмоқда.

 Изоҳ: Қирғизистон парламенти аксар одамлар қарши бўлишига қармай, Россия бошчилигидаги КХШТ таркибида Қозоғистонга ҳарбий қўшин юборишни маъқуллади ва шу кунинг ўзида президент Садир Жапров томонидан имзоланди. Расмий ҳукумат ўзининг бу қарорини “Ташкилотга аъзо бўлгандан кейин унинг уставига сўзсиз итоат этишимиз керак” деган баҳона билан оқлашга уринди.

 Аслида Қирғизистонни Қозоғистонга қўшин юбориши шунчаки расмиятчиликдан бошқа нарса эмас эди. Қирғизистон 150 ҳарбий, Арманистон 70 нафар, Тожикистон 200 нафар ҳарбий жўнатиши Россиянинг Қозоғистонга ҳарбий қўшин киритишини оқлаш учунгина амалга оширилди. Россия Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ёрдам сўраб мурожаат қилганидан сўнг беш-олти соат ичида мамлакатга қўшин киритиши орқали Ғарбдаги рақибларига ўзини нақадар тезкор ўйинчи эканлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Бошқа томондан бундай тезкор ҳаракат орқали Россия минтақа давлатлари учун ўзини яна бир бор “тинчлик гаранти” сифатида кўрсатиш имконига эга бўлди.

 Абдаруҳмон Одилов  

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here