Россиянинг Украина чегаралари бўйлаб ўз кучларини сафарбар қилиши

128
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Россиянинг Украина чегаралари бўйлаб ўз кучларини сафарбар қилиши

Устоз Ҳасан Ҳамдон қаламига мансуб

Россия агар Америка ва унинг иттифоқчилари Москвага хавфсизлик кафолатларини беришни жиддий кўриб чиқмасалар, Ғарб билан кескин қарама-қаршиликка дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. У шунингдек, Европада ракета инқирози юз бериши мумкинлигига ишора қилиб ўтди. Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябковнинг Moсквадаги матбуот брифингида берган ушбу баёнотлари Украина масаласида Россия билан Ғарб ўртасида муносабатлар кескинлашган ҳамда Украина чегаралари яқинида Россия армияси сафарбар қилинган бир манзарада янгради.

Сешанба куни бўлиб ўтган мулоқотда Россия президенти Владимир Путин кескинликни юмшатиш мақсадида америкалик ҳамкасби Жо Байдендан НАТОнинг шарқ томон кенгайишини тўхтатиш билан Россияга хавфсизлик кафолати берилишини талаб қилди.

Гарчи Россия айни талабига жавоб кутишини маълум қилса-да, аммо Рябков – бу кафолатни кутиш соддаликдир, деди. Бунинг муқобили ўлароқ, Байден айни урушнинг оқибатлари 2014 йилдаги Қрим уруши оқибатларидан анча ёмон бўлишини таъкидлади. Яъни, Америка Москвага нисбатан оғир санкцияларни қўллашга тайёрлигига, Россияга илгари учратмаган иқтисодий санкцияларни жорий қилиниши уни Жаҳон молия тизимидан чиқиб кетишига олиб келиши мумкинлигига ишора қилди. Maълумки, Россия иқтисодиёти анчадан бери, Қрим инқирозидан кейин АҚШ ва Европанинг турли санкцияларига учраб келмоқда. Инқироз моҳиятини ўрганмоқ учун – Аллоҳнинг тавфиқи ила – қуйидагиларни баён қиламиз:

Украина инқирози жуда мураккаб, у Россия-АҚШ-Европа ўртасидаги кураш билан боғлиқ. Бу инқироз Россия учун асосий ва хавфли стратегик ҳаётий масаладир. Хавфли ва муҳим бўлгани учун ҳам у мана шундай ҳарбий сафарбарликни амалга оширяпти ва шу орқали ўзига мувофиқ келадиган дипломатик ечимга эришмоқчи бўляпти. Бошқача ибора билан айтганда, бундай ҳарбий сафарбарлик амалий уруш учун эмас, акс ҳолда, Путин кутиб турмасдан уруш қилган бўларди. Балки, Путин шундай ҳарбий сафарбарликни баҳона қилиб, сиёсий мақсадларни амалга оширмоқчи бўляпти.

Россия амалга оширмоқчи бўлаётган бу мақсадларга келсак, улар Украинани НАТОга аъзо бўлишига йўл қўймасликдан иборат. Украинанинг НАТОга қўшилиши Россия учун қизил чизиқ ҳисобланади, чунки уни Россия ўзининг ҳам табиий таъсири доирасида, ҳам миллий хавфсизлигининг бир қисми, деб ҳисоблайди. Нафақат шундай ҳисоблайди, ҳатто Украинани рус халқининг умумий этник, тарихий ва маданий туғилган жойи, деб билади. Дарҳақиқат, Путин Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш истагини реал таҳдид ҳисобланишини бир неча бор такрорлаган. У АҚШ ва Европанинг бу масаладаги босимларидан сўнг энди ён беришга мутлақо асос кўрмаяпти. Маълумки, НАТОнинг кенгайиши босқичма-босқич амалга оширилган. Масалан:

Биринчи кенгайиш: 1999 йил 12 март куни бўлди. Ўшанда Чехия, Венгрия, Польша НАТОга қўшилган. Айниқса, Польшанинг қўшилиши катта рамзий маъно касб этади. Чунки Полша илгари Варшава шартномасининг штаб-квартираси бўлган.

Иккинчи кенгайиш: 2004 йил 29 март куни бўлди. Унда Болгария, Эстония, Латвия, Литва, Руминия, Славакия, Словения қўшиб олинди.

Учинчи кенгайиш: 2009 йил апрелдан 2017 йил 5 июнгача давом этди. Унда Албания, Харватия, Черногория қўшилди. Бу орада Украина ҳодисалари, Қрим ярим оролининг аннекция қилиниши ёки қайтариб олиниши ва Россия-Украина ўртасидаги муносабатларнинг деярли барбод бўлиш даражасида ёмонлашиши кузатилди.

Бугун Путин ва давлат ичидаги давлат – Украинанинг Россияга яқин жойлашгани ҳамда Қора денгизнинг илиқ сувлари билан боғлиқлиги сабабли – Украинанинг НАТОга қўшилишини ҳам, ушбу денгизнинг ҳарбийлаштирилишини ҳам, Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши масаласи қайта кўриб чиқилишини ҳам, буларнинг барчаси хавфли эканини тушуняпти. Чунки бу Россияни жиғилдонидан бўғаётган ҳаёт-мамот масаласи ҳисобланади.

АҚШ мақсадларига келсак, буни қуйидагиларда кўриш мумкин:

1 – Россияга биқинидан пичоқ уриш, унга регионал майдонида таҳдид қилиб, жиғилдонидан олиш, бу давлатларни сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан АҚШ нуфузи остига ўтказиш ҳамда Россияга ўзининг регионал майдонида шантаж қилиш мақсад қилинган. Ҳақиқатдан ҳам бу Американинг Совет Иттифоқи меросига бурнини суқаётганидан очиқ кўриниб турибди.

2 – Россияни Хитой билан иттифоқчи бўлишдан қайтариш ҳамда уни Хитойни жиловлаш стратегиясида ўзига ҳамкор қилиш кўзланган. Америка руслар менталитетининг ҳақиқатини билгани учун ўзининг бу мақсадини амалга ошириш мумкинлигини тушуниб турибди. Чунки русларни ўйлантирган асосий савол буни эвазига Американинг нимани таклиф қилишидир. Шунинг учун ҳам, Путин Америкадан у рози бўлмайдиган нарсаларни сўрамади, масалан, Американинг Қрим аннексиясини тан олишини талаб қилгани йўқ, чунки бунга рози бўлмаслигини билади. Бу Қрим аннексияси масаласини Америка бироз кечиктирилишига ёки Россияга баъзи кафолатларни беришга рози бўлиши мумкин, ҳатто бу Украина ёки Европанинг нуфузи ва манфаатларига зид бўлса ҳам. Айниқса, Россия Финляндиянинг ўша пайтдаги икки гигант ўртасидаги келишув билан НАТОга қўшилмаганлиги масаласини мисол тариқасида ташлайди.

3 – Россия-Европа яқинлашувига ҳамда газ ташиш бўйича «Шимолий оқим 2» лойиҳасининг амалга ошишига тўсқинлик қилиш. Буни Америка европалик иттифоқчилар учун улкан геосиёсий хавф, деган баҳона билан амалга оширмоқчи.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ғарб давлатлари на инсоний қадриятга боқади ва на инсон ҳаётини қадрлайди. Шу боис, кризисга учраган давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олмасдан, фақатгина ўз манфаатларини амалга ошириш учун урушларни алангалатади. Демакки, Украина ҳам ўзининг ғарбий қисмининг ажраб чиқиши билан бўлиниб кетиши мумкин, худди Грузияда бўлгани каби. Ёки у ерда шундай бир федератив бошқарув ўрнатилиши мумкинки, Россия унда ўзига қарши ҳар қандай қарорни бекор қила олувчи сиёсий улушга эга бўлади. Ҳатто Украина фуқаровий урушга ботиши ҳам мумкин. Чунки бу икки йирик давлат ўртасидаги мақсадларда на юрт ва на унинг аҳолиси ҳисобга олинади. Чунки бу масалада ҳозирча кескинлик пасайиброқ турган бўлса-да ёки нисбатан тинчликка эришиладиган бўлса-да, бироқ маълум вақт ўтгач, бўҳроннинг қайта алангаланиши турган гап. Ҳозир у ердаги воқеа-ҳодисалар кризисни Американинг мақсадларини рўёбга чиқарадиган босқичга кўчириш ва ундан самарали фойдаланиш сари кетмоқда. Зеро, Америка мақсадларининг Украина бирлигига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бундай ҳолатда то халқлар ўзлари устида ўйин олиб борилаётганини англаб етмагунларича, у ердаги малайлар қалби ҳасратга тўлишда ва доим лаънатдан бошлари чиқмасликда давом этаверади.

Роя газетасининг 2021 йил 15 декабр чоршанба кунги 369-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here