Бишкек ҳавоси ифлосланган шаҳарлар рейтингида яна етакчи

348
0

Бишкек ҳавоси ифлосланган шаҳарлар рейтингида яна етакчи

 Хабар: World Air Quality (Дунё ҳавоси сифати) ташкилоти тадқиқотлари натижасига кўра, 7-ноябр куни Бишкек ҳавоси ифлос шаҳарлар бўйича биринчи ўринни эгаллади.

Бу билан Қирғизистон пойтахти Ҳиндистоннинг Деҳли, Покистоннинг Карачи шаҳарларини ортда қолдирди.

 8-ноябрда Бишкек ҳаво энг ифлосланган шаҳарлар орасида учинчи ўринни эгаллади.

 Бутунжаҳон ҳаво сифатини ўрганиш ташкилоти сайтидаги маълумотда, Бишкекдаги вазиятга хавфли деб баҳо берилган.

 Индекс (AQI) ҳозир 261ни кўрсатмоқда. Кўрсаткич 50 дан паст бўлса ҳаво тоза эканлигини англатади.

 Изоҳ: Бир неча йиллардан бери Бишкек шаҳри ҳавоси ифлосланган шаҳарлар орасида “етакчиликни” қўлдан бермай келмоқда. Ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ вазият охирги 4 йил ичида янада кескинлаша бошлади. Мутахассислар бунга бир неча сабабни келтиришмоқда: биринчидан, Бишкек иссиқлик электр станциясининг сифатсиз реконструкция қилиниши; иккинчидан, шаҳарда шамоллар айланишини ҳисобга олмаган ҳолда кўп қаватли уйларнинг бетартиб қурилиши; учинчидан, автомобилларнинг кўплиги.  

 Пойтахт ҳавоси Бишкек ИЭС 386 миллион долларга реконструкция қилинганидан сўнг янада ёмонлашиб кетди. Бунга сабаб шунча маблағ эвазига реконструкция қилинган ИЭС аввал кўмир ва мазут билан қандай ишлатилган бўлса яна шундайлигича қолди. Уни газ ёки бошқа экологик жиҳатдан зарари кам бўлган ёқилғи турларига ўтказиш тўғрисида ўйлаб ҳам кўрилмади. Натижада Бишкек бир неча йиллардан бери ҳавоси ифлосланган шаҳарлар бўйича дунёда 1-ўринни эгаллаб келмоқда.

 Мутахассислар томонидан олиб борилган кўплаб тадқиқотлар натижасига кўра, инсоннинг қониқарсиз сифатга эга ҳаводан нафас олиши юрак-қон томир тизими ва нафас олиш органларининг бир қатор касалликларини келтириб чиқаради. Аҳолининг нисбатан заиф гуруҳига саломатлиги заиф инсонлар, болалар ва катта ёшли кишилар тааллуқлидир. Аниқланишича, нафас олинувчи ҳаводаги заҳарли моддаларнинг таъсири анча кенг ва у асаб тизимида ҳам ўз изларини қолдиради. Расмий ҳукумат оддий халқ зиммасига улкан қарзларни юклагани етмаганидек халқ,  келажак авлод соғлигини ҳам хатар остида қўймоқда. 

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here