Бишкекда “Евроиттифоқ-Марказий Осиё” иқтисодий форуми бўлиб ўтади

230
0

Бишкекда “Евроиттифоқ-Марказий Осиё” иқтисодий форуми бўлиб ўтади.

 Хабар: 5-ноябр куни Бишкекда “Евроиттифоқ-Марказий Осиё” биринчи иқтисодий форуми бўлиб ўтади. Бу ҳақда вазирлар маҳкамасининг биринчи ўринбосари Азиз Аалиев матбуот анжуманида маълум қилди.

Матбуот анжуманида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терҳи Ҳакала ва Қирғизистоннинг Белгиядаги элчиси Мухтар Жумалиев иштирок этди.

 Форумга Қозоғистон, Ўзбекистон бош вазирлари, Тожикистон ва Туркманистон бош вазир ўринбосарлари келишади. Европа Иттифоқи номидан ташкилот вице-президенти, Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари ва бизнес вакиллари иштирок этади.

 Изоҳ: Европа Иттифоқи 2019 йили Марказий Осиё бўйича янги стратегияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш борасида қарор қабул қилган эди. Мазкур стратегия доирасида ЕИ минтақа давлатлари билан сиёсий, иқтисодий, инвестицион, барқарор ривожланиш, иқлим ўзгариши, атроф-муҳит, сув манбалари ва хавфсизлик жабҳалари ҳамда таълим соҳасида ҳамкорликни кучайтириш режалаштирилган эди.

 Айни мана шу стратегия доирасида Европа Иттифоқи минтақа давлатларига асосан, қишлоқ хўжалиги, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва таълим соҳасига маблағлар ажратишни бошлади. 2019-йили ЕИ ва Қирғизистон ҳукумати ўртасида таълим соҳасини қўллаб-қуввалаш учун 35,7 миллион евролик шартнома имзоланди ва иттифоқ расмийлари бирин кетин митнақа бўйлаб сафарларини бошлаб юборишди.

 Масалан, 10-октябр куни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терҳи Ҳакала Қирғизистонга келди. Ҳакала икки кунлик сафари доирасида президент Садир Жапаров, Вазирлар маҳкамасининг биринчи ўринбосари Азиз Аалиев, ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев, Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Таалатбек Масадиков ва омбудсман Токон Мамитов билан учрашди. Ҳакаланинг ташрифида сиёсат, демократия, қонун устиворлиги, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги каби қадриятларга алоҳида эътибор қаратилди. Гарчи ҳозирча ЕИнинг минтақа давлатларига сиёсий таъсири сезиларли бўлмасада аммо иқтисодий жиҳатдан кириб келиш ва таъсирини ўтказиш йўлидаги ҳаракатидан тўхтагани йўқ. Шу билан бирга минтақа давлатлари таълим соҳасига ёрдам ажратиш орқали ўзининг сақофий таъсирини ҳам кенгайтиршга интилиб келмоқда.

 Маълумки, Россиянинг Марказий Осиё республикалари устидаги сиёсий, сақофий ва иқтисодий таъсири тобора камайиб бормоқда. Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар раҳбарлари олиб бораётган авторитар бошқарув ҳамда амалдорларнинг коррупция ботқоғига ботиб кетгани сабабли юрт бойликлари талон-тарож қилинмоқда. Натижада мамлакатлардаги иқтисодий вазият издан чиқиб, давлат ғазнаси бўшаб қолди. Бу давлатлар ҳатто оддий бир ислоҳот ўтказишлик учун ҳам хорижий давлатларнинг молиявий қўлловига муҳтож бўлиб қолишди. Россия ҳозирги иқтиодий аҳволида уларга молиявий кўмак кўрcатиш имконига эга эмас. Россиядаги бу иқтисодий инқироздан фойдаланган Ғарб давлатлари минтақадаги давлатларга турли кўринишдаги грант ва молиявий ёрдамлар ажратиб келишмоқда. Табиийки, ғарб давлатлари ажратадиган грантлар ортидан ўз манфаатларига мос бўлган талабларни ҳам қўйишади. Бу эса минтақа давлатларини Россиядан узоқлашига олиб келади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here