Умматнинг салтанатсиз ҳеч қандай ҳайбати йўқдир

237
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Умматнинг салтанатсиз ҳеч қандай ҳайбати йўқдир

Устоз Абдуллоҳ Али қаламига мансуб

Америкалик журналист Томас Фридман яна фавқулодда бонг урди. Лекин у бу сафар капиталистик Европа ва унинг халқига қарата бонг уриб, уларни агар чора кўрмайдиган бўлсалар бу қиш совуқдан ўлиб кетиш мумкинлигидан огоҳлантирди. У шунингдек, иситиш воситаларига жавобгар бўлган томонларни энергия захираларига эътибор қаратишга ва ҳозирги янги вазиятдан фойдаланиб қолишга чақирди. Унга кўра, бундай вазиятда жаҳон энергия бозорида, хусусан, Россия ва Қатардан олиб келинадиган табиий газ борасида тебранишлар юзага келган бўлиб, бундан оқилона фойдаланиб қолиш лозим.

АҚШнинг «Нью-Йорк таймс» газетасида нашр қилинган «A Scary Energy Winter Is Coming. Don’t Blame the Greens» сарлавҳали ўз мақоласида Фридман «Blain’s Morning Porridge» (Молиявий бюллетен) хабаридан ҳайрон қолганини билдирди. Хабарда молия бозорлари бўйича стратег Билл Плейн Британия ва Европадаги вазият ҳақида сўз юритиб, энергия нархлари ортаётган бир вазиятда «камбағал одамлар олдида икки вариант қолмоқда: ё қўлларидаги маблағларига еб-ичишади ёки совуқдан ўлишади», деди. Фридман ўз мақоласида одамларнинг бундай тақдири ҳақида гапирар экан, бу нарсани одамларни альтернатива билан таъминлашдан олдин тоза энергияга ўтиш мажбуриятини зиммасига олган Ғарб ҳукуматлари сиёсатига боғлади. У шунингдек, ҳукуматларнинг ҳозирда мавжуд идеал альтернатива «табиий газ»га бирданига ёпирилишлари дунё бўйлаб газ нархининг табиий ўсишига сабаб бўлганини таъкидлади. Маълумки, журналист бу ерда Эроннинг Қатар гази экспортига тўсқинлик қилиб, ўзининг «АҚШ билан бўлган можаросида» айни вазиятдан фойдаланаётганига ишора қилмоқда.

Фридманнинг геосиёсий воқелик ҳақидаги ҳамда халқаро доираларнинг ўз миллий манфаатларини таъминлаш учун олиб бораётган курашлари тўғрисидаги кузатувлари ғоят муҳим нарсага эътиборимизни тортди. Яъни, Ислом Уммати ўз юртларида содир бўлаётган бу ҳодисаларга нисбатан қандай позицияда турибди?! Нега бу яҳудий капиталист журналист икки миллиардни ташкил қилаётган бир Уммат ҳақида миқ этмаяпти, ахир, бу Уммат дунёдаги географик жиҳатдан энг муҳим ерларда яшамоқда ва беҳисоб бойликларга эга Уммат ҳисобланади, жаҳон савдосининг катта қисми унинг ерларидан ўтади, ер юзидаги ҳеч бир халқда топилмайдиган бирдамлик ва куч-қудрат омиллари шу Умматда мавжуд?!

Хўш, Ислом Умматини ҳайбати йўқ ва ҳеч ким ҳисоблашмайдиган умматга айлантирган нарса нима, ахир, у мозийда, эндигина оёққа тураётган бир даврида бутун инсониятга ҳайбат солиб, Форс ва Румдек икки империяни мағлубиятга учратган бўлса?! Аниқроғи, бу Уммат нимасини йўқотдики, инсоният ҳазорати ва ҳозирги замон тараққиётида фаол миллатларга эргашувчи тобе умматга айланиб қолди?!

Ҳа, Умматнинг бугунги кундаги аҳволидан ҳамда унинг қанчалар заифлашиб, душманларининг наздида эътибори йоқолганидан ажабланишга ҳаққимиз бор. Аслида эса, Умматда буюклик, улуғворлик ва куч-қудрат омиллари мавжуд. Унда юксак мавқега эришиш учун моддий воситалар муҳайё. Ҳатто дунёни фатҳ қилган боболаримизда йўқ имкониятлар ҳозирги Умматда бор. У ҳамон ўз дини, Қуръони, суннатини маҳкам ушлаб келмоқда, бинобарин, унда руҳий жиҳат ҳам мавжуд. Бироқ, Умматда етишмаётган нарсаларнинг асоси-ўзаги Ислом давлатида гавдаланувчи салтанатидир.

Ҳокимияти тортиб олинган ҳеч бир Уммат қудратли бўлмаган. Ҳар қандай Уммат албатта ҳокимият билан ҳайбатга эга бўлган. Ҳокимият бўлмаса, на номус, на жон ва на мол ҳимоя қилинади. Бу ўлчов Ислом Умматига ҳам тегишли. Албатта у бошқа умматлардек эмас, чунки у инсонлар учун чиқарилган энг яхши Умматдир, маъруфга буюради, мункардан қайтаради, Аллоҳга имон келтиради. Шунинг учун ҳам у асрлаб барча умматлар ислоҳи учун туз бўлиб келди. Аммо бугун тузнинг ўзи бузилса, ким уни тузатади?!

Исломий Уммат ҳолига назар ташлаган кишига шу нарса аниқ кўринадики, у бугунги кунда хор заиф аҳволга тушиб қолди, қони, номуси ва молининг дахлсизлиги қолмади, булар борасида на аҳдга ва на бурчга боқиляпти. Уммат инсониятнинг энг пасти саналган ва пешоналарига хорлик битиб қўйилган кимсалар қўли билан, ҳатто санам ва сигирларга сиғинувчи мушриклар томонидан ўлдирилмоқда. Мусулмонлар қаерда, қай давлатда яшамасинлар, аҳволлари мана шундай. Бир сўз билан айтганда, мусулмонлар ўз биродарларининг қирғинга, қочқинликка ва хорликка учраётганини ижтимоий тармоқлар ёки оммавий ахборот воситалари орқали гувоҳи бўляптилар. Бу аянчли манзараларни кўрар эканлар, мусулмон биродарлари ҳолига алам ва ҳасрат чекиб, қўлларидан келганча уларга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқдалар. Лекин улар ўзларининг бўлинишлари ва парчаланишларининг асл ҳақиқатидан, биродарларига ҳақиқий нусратни беролмаётганининг сабабидан бутунлай ғафлатдалар.

Аммо исломий юртларни парчалашдан асосий манфаатдор бўлган мустамлакачи кофир бу ҳақиқатни яхши билади. Лекин бу парчаланган юртларни давлат дейишга ҳам ярамайди, чунки улар нафақат инсонлар манфаатини таъминлашга, ҳатто ўзини босқинчи душмандан ҳимоя қилишга ҳам ожиз. Шундай қилиб, Ғарб мусулмонлар бирлигини бўлиб ташлади. Ваҳоланки, бундан олдин Росулуллоҳ ﷺ уларни битта дин, битта имом ва битта байроқ остига бирлаштирган эди.

Ҳа, Ислом ва мусулмонларни ёмон кўрувчи бу мустамлакачи ўз оёқлари остида тиз чўкаётган хоинларни кўрмаганида эди, мусулмон юртларига кирмаган, ҳатто бунга журъати ҳам етмаган бўларди. Зеро, бу хоинлар Ғарбнинг миллатчилик ва ватанпарварлик каби бузуқ фикрларидан суғорилиб, одамларнинг динларини ҳам, дунёларини ҳам бузишди. Куфр миллатига ўзининг бузуқ қонунларини исломий юртларга ҳеч қандай тўсиқ ва эътирозсиз киритишига ёрдам беришди ва шу кофирлар манфаати учун разил хизматкорлар бўлишни ўзларига раво кўришди. Ва ниҳоят, мустамлакачи кофир Халифалик давлатида гавдаланувчи ҳокимиятларини ағдаришга муваффақ бўлди, чунки ҳокимият мусулмонларнинг қудрати ва азизлик манбаи эди. Дарҳақиқат, буни ўша пайтда Британия ташқи ишлар вазири бўлган лорд Керзон ҳамма мустамлакачидан яхшироқ тушунди. Британ жамоатчилик кенгашида депутатлардан бири унинг Туркия мустақиллигини эътироф этганига норозилик билдирган пайтда, «масала шуки, Туркия мағлуб этилди, у қайта оёққа туролмайди, чунки биз унинг маънавий қудратини – Халифалик ва Исломни йўқ қилдик», дея жавоб қилган эди.

Роя газетасининг 2021 йил 20 октябр чоршанба кунги 361-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here