Шойгу: Россиянинг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базалари тўғридан тўғри тажовуз ҳолатида КХШТ чегараларини ҳимоя қилади

444
0

Шойгу: Россиянинг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базалари тўғридан тўғри тажовуз ҳолатида КХШТ чегараларини ҳимоя қилади

 “Тожикистондаги базамиз анча қудратли, кучли. Агар керак бўлса, тўғридан тўғри тажовуз қилинган тақдирда, у КХШТ чегараларини ҳимоя қилишга жалб этилади. Қирғизистондаги базамиз бўйича ҳам худди шундай. У ерда ҳам бундай эҳтиёж пайдо бўлиши мумкин”, – деди Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

 Шу билан бирга, Сергей Шойгу КХШТга аъзо давлатлар ўз миқёси ва мудофаа салоҳияти жиҳатидан Россия билан тенг бўла олмаслигини ҳамда Афғонистон йўналишида ёрдамга муҳтожлигини, сабаби гап Россиянинг ҳарбий хавфсизлиги ҳақида кетаётганини таъкидлади.

 “Умид қиламизки, Толибон билан тузилган келишувлар амалга ошади. Аммо, аввалги тажрибага эга бўлган ҳолда, албатта, бунга бирданига ишониш қийин. Буларнинг барчаси мамлакатимизга келмаслиги учун шундай қилиш керак. КХШТ аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам бериш лозим”, – деди Россия мудофаа вазири. 

 Россиянинг бу йўналишдаги молиявий харажатлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, мудофаа вазири деди: “Биз ҳал қилаётган бундай масалаларда ишлатилаётган пул ҳақида ўйлашимиз керак”.

 Сергей Шойгу, шунингдек, Москва ва Душанбе Тожикистон армиясини қайта қуроллантириш бўйича қўшма дастурни амалга ошираётгани, лекин ҳозир республика чегара қўшинларининг жанговар салоҳиятини кучайтириш зарурати борлигини қўшимча қилди.

 “Дастур катта, деярли 2040 йилгача мўлжалланган. Аммо ҳозир нафақат армия, балки чегара билан ҳам шуғулланиш керак”, – дея таъкидлади Россия мудофаа вазири. 

 Изоҳ: Россия бир томондан Толибон ҳаракатини Москвада расмий ҳукумат даражасида кутиб олиб, музокаралар натижасида ҳаракат Марказий Осиё давлатларига таҳдид уйғотмайди, деб баёнот берган бўлса, бошқа томондан Толибон ҳаракати ваҳимасини бўрттириб кўрсатиш орқали минтақада ўз ҳарбий иштирокини янада мустаҳкамлаб олишга ҳаракат қилмоқда. Бунга сабаб, Россиянинг минтақада нуфузини сақлаб қолишида ҳарбий қувватига суянишдан бошқа йўли қолмаяпти. Чунки, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан имкониятни АҚШ бой бериб бўлди. АҚШ минтақани Россия чангалидан суғуриб олиш учун турли лойиҳалар орқали иш олиб бораётган бир вақтда Россия минтақа давлатлари билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтакиш уларга ҳарбий ёрдам ажратиш ва бу орқали ўзини “тинчлик гаранти” қилиб кўрсатишга зўр бермоқда. Россия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Тошкентда ўзбекистонлик ҳамкасби Шуҳрат Холмуҳамедов билан учрашувда: “Россия Афғонистонда вазият кескинлашгани ортида террорчилик таҳдидларига тегишли жавоб бериш учун Марказий Осиё давлатларига қурол ва техника етказиш ҳажмини оширади”, – дея маълум қилди.

 Сергей Шойгунинг КХШТ доирасида бериладиган ёрдам масаласида алоҳида тўхтаб ўтган, “молиявий ҳаражатлар” масаласига эътибор қаратиладиган бўлса, Россия бунинг учун сарфланадиган маблағларни ҳам минтақа давлатлари зиммасига юкламоқчи бўляпти. Демак, минтақа давлатлари Россияга ҳарбий база учун ер беришлари билан бирга “ҳимоя учун” ҳам ҳақ тўлашларига тўғри келади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here