Афғонистон билан боғлиқ Ўрта Осиё мамлакатларидаги баъзи воқеъалар далолати
Баъзи вақтларда Ўрта Осиё (Средняя Азия) ва Марказий Осиё (Центральная Азия) сўзларидан синонимлар сифатида фойдаланиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон мамлакатлари жойлашган ҳудудларга нисбатан ишлатилади. Аммо аслида, географик нуқтаи назарда Марказий Осиё кенгроқ ҳудудни қамраб олади. Унинг ҳудудига Ўрта Осиёдан ташқари Афғонистон, Покистоннинг шимоли, Ҳиндистоннинг шимолий-ғарби, шунингдек, Монголия, Россия ва Хитойнинг Монголия томонлари киради. Ҳозирги халқаро сиёсат жиҳатидан олганда эса Марказий Осиёга нисбатан сиёсат дейилганда асосан Афғонистонга қаратилган сиёсат тушинилади.
АҚШ ва НАТО Афғонистондан ҳарбий контингентини олиб чиқишини маълум қилгани ортидан Ўрта Осиё мамлакатларида ҳам бир қатор воқеалар бўлиб ўтди. Ушбу темамизда шу воқеалар далолатларини кўриб чиқамиз.
Албатта, ҳар қандай сиёсий муҳокамада, аввало, халқаро сиёсатга эътибор қаратиш зарур. Ҳозир Марказий Осиё борасидаги халқаро сиёсатга назар ташласак, унда асосан учта йирик ўйинчилар фаол рол ўйнамоқда. Булар: АҚШ, Россия ва Хитой. Булардан ташқари, маълум даражада Британия ҳам бор.
АҚШ. У Афғонистонга кириб келганидан бери ўзи истагандек давлат қуришга муваффақ бўлмади. Бунга Толибоннинг қаттиқ қаршилиги сабаб бўлди. Шу сабабли, чиқиб кетишини эълон қилди. Бироқ ҳақиқатда у Афғонистонни чиқиб кетиш учун босиб олмаган эди. Фақат у босқинчиликдаги бир услубнигина ўзгартирмоқда. У ҳозир Толибон вакиллари ҳукумат таркибига киритилган, айрим қонунлар шариатга мувофиқ бўлган, эҳтимол исломий номга эга янги бир дунёвий давлат қурмоқчи (ҳозирги дунёвий Афғонистон республикаси номига ҳам ислом сўзи қўшиб қўйилган). Ва бу АҚШ манфаатлари йўлида келишувларни амалга оширадиган ҳукумат бўлади. Бундан мақсад, АҚШнинг амалдаги асосий стратегиясига мувофиқ, Хитойнинг кенгайишини олдини олишдан иборат. Бошқача айтганда, Хитойнинг кенгайишини тўсиб, ўраб турган Америкага қарашли давлатлар сафига Афғонистонни ҳам қўшиш. Афғонистонда вазиятни барқарорлашиши ва кейинги ҳаётида Ўрта Осиё мамлакатларининг ўрни катта, АҚШнинг Ўрта Осиё ва Афғонистон интеграцияси борасида йирик лойиҳалари бор. Бу лойиҳа “Катта Марказий Осиё” (Большая Центральная Азия) деб номланган. Бунинг учун аввало “С5+1” (Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон + Америка) лойиҳаси орқали Ўрта Осиё республикалари ўзаро интеграциялашиши зарур. Кейинчалик улар Афғонистон, сўнгра Покистон, Ҳиндистон ва кейин Жанубий-Шарқий Осиё билан интеграциялашиши керак. “С5+1” лойиҳаси Ўрта Осиё республикаларини Россия чангалидан чиқариб олиш ва Хитойни бу ҳудудга кириб келишини олдини олишга қаратилган бўлса-да, ҳозирча “Катта Марказий Осиё” лойиҳаси доирасида Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш учун ишга солинмоқда.
– Апрелда АҚШ давлат котиб Энтони Блинкен Қозоғистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилгани;
– Нуфузли Америка оммавий ахборот воситаларининг АҚШ Афғонистондаги кучларининг бир қисмини Ўрта Осиёда жойлаштириш мумкинлигини ёзиб чиқиши;
– АҚШ давлат котибининг 1-июнда Тожикистон ТИВ билан телефон орқали боғланиши;
– Тожикистон президентининг 2-июнда Покистонга бориши ва Америкага малай ҳукумат билан Афғонистон масаласини муҳокама қилиши;
– Май ойида АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзодни Тожикистонга келиб президент Имомали Раҳмон билан учрашиб кетгани;
– Шунингдек, Халилзодни Қозоғистон президенти Косим-Жомарт Токаев билан учрашгани;
– Америка малайи бўлган Туркия хукуматининг мудофаа вазири Хулуси Акардни 28-июнда Қирғизистон ва Тожикистонга ташриб буюриб ҳарбий ҳамкорликни муҳокама қилиши;
– АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 1-июлда Ўзбекистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари билан учрашиши;
– 15-июл куни Ўзбекистонда “С5+1” форматидаги йиғилишда Афғонистондаги сўнгги ходисаларни муҳокама қилиниши;
– 16-июлда Тошкентда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзуидаги халқаро конференция бўлиб ўтиши;
– Мазкур конференцияда Ўзбекистон, АҚШ, Афғонистон ва Покистон Афғонистонда тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш учун янги маслаҳат майдонини ташкил этишга келишиб олиши;
Шуларнинг барчаси АҚШнинг “Катта Марказий Осиё” лойиҳаси амалга оширилаётганига далолат қилади.
Россия. У АҚШнинг ҳозирги ҳаракатлари Хитойга қарши қаратилганини англаб турипти. Бироқ, унинг учун энг муҳими Ўрта Осиёдаги ўз мустамлакаларини сақлаб қолиш. Ўрта Осиё республикалари АҚШ лойиҳаси орқали ўз чангалидан чиқишга уринмаслиги учун у минтақага қайтадан ҳарбий томондан кириб келиш ҳаракатига тушиб қолди. Аслида Россия ҳукумати “Толибон” делегациясини давлат даражасида кутиб олиб, ундан ҳеч қандай таҳдид йўқлигини расман эълон қилди. Бироқ, шунга қарамай сунъий ваҳима пайдо қилмоқда. Айни шу соҳта ваҳима ортидан Тожикистонга КХШТ доирасида ёрдам беришини маълум қилди. Шунингдек, Ўзбекистонни август ойи бошида ўзи билан бирга ҳарбий машғулотлар ўтказишга мажбурлаяпти. У ўзини минтақага жарбий томондан кириб келишига Ироқ ва Суриядан келган жангарилар Афғонистонда тўпланишаётганини баҳона қилмоқда.
Хитой. 27-июлда “Толибан” делегациясини давлат даражасида қабул қилди. “Толибон” ҳаракатининг расмий вакили Муҳаммад Наим учрашув ҳақда шундай деди: “Ислом Амирлиги Хитойни Афғонистон ҳудуди бошқа давлатларнинг хавфсизлигига қарши ишлатилмаслигига ишонтирди. Хитой эса Афғонистоннинг ички ишларига аралашмасликка ва бунинг ўрнига муаммоларни ҳал қилиш ҳамда тинчлик ўрнатишда ёрдам беришга ваъда берди”. Бу – эртага “Толибон” ҳокимият тепасига келса Американинг сўзига кириб Хитой хавфсизлигига таҳдид уйғотмаслиги, Хитой эса у билан мустақил давлат сифатида алоқа ўрнатиши кераклигини билдиради.
Яна бир эътиборга лойиқ жиҳат шундаки, юқорида айтиб ўтилган халқаро сиёсатдаги мисоллар “терроризм” атамаси нақадар ёлғон эканлигини аниқ кўрсатиб турипти. Масалан, АҚШ “терроризмга қарши курашни” айнан Толибондан бошламаганмиди. Россия эса Толибонни террорчи ташкилотлар қаторига киритиб, ўз ҳудудида уни фаолиятини тақиқлаган эди. Хитой аввалдан Толибонни уйғур “экстремистларини” қўллаб-қувватлашда айблаб келган ва ўтган йили Трамп Толибондан “террорчи” деган номни олиб ташлаганда Хитой бунга жиддий эътироз билдирган эди…
Энди Ўрта Осиё республикаларидаги ҳукуматлар сиёсатига тўхталамиз.
Ўзбекистон. ЎзбекистонАҚШнинг “С5+1” лойиҳасида ҳам, “Катта Марказий Осиё” лойиҳасида ҳам хизмат қилиб келмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида Ўрта Осиё президентларининг йиллик учрашувини ташкил этди. Минтақадаги барча республикалар билан алоқаларни яхшилашга ҳаракат қилмоқда. Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида эса воситачи бўлишни зиммасига олди. У буни бугун ҳам давом эттирмоқда. Лекин, Ўзбекистон Россиянинг жаҳлини чиқармасликни, у чизган қизил чизиқларни иложи борича босмасликни яхши билади.
– Толибон кучли ҳужумларини бошлаган вақтда, яъни, 5-майда 100дан ошиқ оғир юк ташувчи машиналар карвони Покистондан Ўзбекистонга келиб, 15-майда қайтиб кетди. Бу Толибон билан шундай вазиятда ҳам келишувга эришиш мумкин бўлганидан сўнг, кейинчалик ҳукуматга қўшилганидан кейин улар билан алоқа ўрнатишнинг иложи борлигини кўрсатиш эди.
– Толибон чегарадош ҳудудларни эгаллаганда, Ўзбекистон 26-июн куни чегаранинг бу ёғида ҳарбий машғулотлар ўтказди ва бу орқали ўзини ҳимоя қилиш имкониятини намойиш қилди. Аммо бу Толибонга қаратилмаганди. Фақат, чегарамизни Россиянинг ҳарбий ёрдамисиз ҳам ўзимиз эплай оламиз деган маънода эди. Яъни, Толибон баҳониси билан Россиянинг ҳарбий жиҳатдан кириб келишини Ўзбекистон хоҳламайди. Бироқ, Россия Ўзбекистонни август ойида ўзи билан, кейин Тожикистон қўшилиб учаласи биргаликда машғулотлар ўтказишга мажбурламоқда.
– Ўзбекистонни АҚШ, Афғонистон ва Покистон билан бирга Афғонистонда тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш учун янги маслаҳат майдонини ташкил этиш тўғрисида битим тузиши;
– Тожикистон билан эришилган битимни тўхтаб туриши. Ҳатто, энг оддий чегарани очиш масаласи ҳам тўхтаб турипти. Масалан, ҳозир Россия фуқаролигига эга тожикистонликларгина Ўзбекистон орқали Россияга чиқа олишади. Бунинг бир сабаби, Афғонистон масаласида Тожикистон ҳукуматининг Россия этагини тутиб кетганлигига бориб тақалади.
Булар Ўзбекистонни “Катта Марказий Осиё” лойиҳаси билан бирга бораётганига далолат қилади.
Тожикстон. Ўзбекистондан фарқли равишда Тожикистон Афғонистон масаласида Россия ваҳимасига эргашиб кетди. Бунга Имомалининг ўз оиласи ҳокимиятини сақлаб қолишга бўлган ҳаракати сабаб бўлмоқда. Маълумки, Тожикистондаги фуқаролар урушида Имомали Россияга малайлик қилган. Унинг мухолифати асосан ислмий туйғудаги жамолар ва гуруҳлардан иборат эди. Тинчлик келишувидан кейин Имомали уларни жиддий таъқиб остига олган. Улардан баъзилар Афғонистонга чиқиб кетишган, ҳозир улар Толибон сафида. Шу сабабли Афғонистон масаласида Тожикистон ҳар доим Россия этагига ёпишиб келади. Энди бу гуруҳлар Тожикистонда “портлай деб турган бочкани” янада жонлантириб юборишидан қўрқиб, Имомали чегарани Россия қўллови билан маҳкам ёпиб ташлаши керак бўляпти. Бунга қадар, 27-апрелда Россия ва Тожикистон ўртасида ҳарбий шартнома ҳам имзоланган эди. 19-май куни бўлиб ўтган КХШТ йиғилишида ҳам энг муҳим масалас сифатида Афғонистон масаласи кўриб чиқилган.
– Тожикистон президентининг Покистонга амалга оширган ташрифида Афғонистон масаласи кўриб чиқилган ва бирор бир келишувга эришилмагани
– Тожикстон Афғонистон билан чегарасида ҳарбий тайёргарликни кучайтириб, машғулотлар ўтказиши
– КХШТ ва ШҲТ доирасида Россиядан ёрдам сўраши
– Россия билан ҳамкорликда йирик ҳарбий машғулотлар ўтказиши
Буларнинг барчаси Тожикистон Россия этагига осилиб, ундан ҳимоя кутаётганига далолат қилади.
Аввал, хусусан, Сооронбай Жээнбеков даврида 2019-йили Путин Қирғизистонга давлат ташрифи билан келганидан сўнг Қирғизистон Россиянинг Ўрта Осиё мустамлакачилигида таянч нуқтаси бўлиб қолган эди. Бироқ, Ўзбекистоннинг янги Қирғиз ҳукумати билан катта келишувларга эришиши Россиянинг ғазабини келтирди ва Тожикистонни Қирғизистонга қарши гиж-гижлади. Натижада Тожикистон чегарада Қирғизистондан устунлик сиёсатига эришди. Ҳозир Россиянинг мустамлакачилик сиёсатининг таянчи Тожикистон бўлиб қолди. Аммо, чегара воқеасидан кейин Қрғизистонни чегарани ёпиб қўйиши Тожикистонни қийин вазиятга солиб қўйди. Энди буни бартараф этиш учун – Россия қўлловига суянган ҳолда – Тожикистон вақти-вақти билан Қирғизистонга қарши провокацион ҳаракатларни амалга оширмоқда. Масалан;
– баҳсли ҳудудга контейнер ўрнатиш
– Қирғизистон чегарачиларини отиб ўлдирилиши
– Москвада қирғиз-тожик миллати ўртасида оммавий муштлашув чиқиш ва қўлга олинганларнинг жуда кўпчилиги Қирғизистон фуқароларидан иборатлиги
– бунинг натижасида қирғизистонликларни депорт қилиниши
– Тожикистонда Қирғизистон фуқароларини қўлга олиниши
– Помир қирғизларини ортга қайтариб юборилиши
Тожикистонни Россиянинг мустамлакачилик сиёсатида таянч нуқтасига айланганига далолат қилади.
Аммо бу Россия учун муаммо бўлади. Сабаби, Қирғизистон чегарани ёпган, Ўзбекистон очмаяпти, Афғонистон томон Толибонлар қўлида… Бу билан Тожикистон Россия боқиши керак бўлган анклав бўлиб қолмоқда. Агар боқмаса ташаббусни Хитой қўлга олади-да уни таъсири кучайиб кетади.
Қирғизистон. Қирғизистон Афғонистон билан чегарадош бўлмаса-да бу масалада Россияга эргашишга мажбур. МХДҚ раиси 8-июл куни ўтказган матбуот анжуманида шу масалага ҳам тўхталди. Ташиев: “АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан чиқишни бошалагандан бери Марказий Осиёдаги, шу жумладан, Қирғизитондаги террорчи ташкилотлар жонлана бошлади. Бизнинг кузатувларимизга кўра, Сурияга кетганлар ҳам қайтиб келмоқда”, – деди. У бу билан Россия ҳукумати айтиб келаётган айни баҳонани такрорлади. Унинг бу гапи Қирғизистон ҳукумати “терроризм” эртагига қадам-ма қадам эргашишга тайёрлигини белгисидир. Шунингдек, у яна Қирғизистон КХШТга аъзо эканлигини эслатиб, истаймизми-йўқми Россия қарорига қўшилишини айтди ва “Агар КХШТ бу вазиятни изга солмаса турли хил террорчи ҳаракатлар бош кўтариши мумкин. Бизга ҳам зарар кўрамиз деб ўйлаймиз”, – деди.
Қирғизистоннинг амалдаги ҳукумат тепасидагилар Бакиев тарафдорларидан иборат. Бакиев эса Россия ҳукмронлигидан қутулиш йўлини излаб АҚШ ва Хитой билан кенг кўламли алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилган. Бироқ, Россия уни қувлатиб юборди. Ҳозирги ҳукуматдаги баъзи шахслар ҳам Бакиевни “кўп векторли” сиёсати тарафдорлари. Аммо Россия таҳдидини ҳам билишади. Қирғизистон Россиядан ўз ҳаракатлари билан қутула олмаслигига кўзалари етади. Шунинг учун Ўзбекистон орқали ҳаракат қилишмоқчи, бироқ, Россия Қирғизистон-Тожикистон чегара можароси орқали буни тўхтатиб қўйди. Аммо ушбу можародан кейин ҳукумат раҳбарлари Россиядан хафа бўлди. Россиядан қутулиш истаги янада кучайди. Шу сабабли Туркия билан муносабатлар ўрнатишга киришди. (Туркиядан фойдаланиш Американинг минтақага кириш усулларидан бири). Шунингдек, имкон пайдо бўлиши ҳамон Ўзбекистон билан эришилган шартномаларни амалга оширишдан манфаатдор. Аммо Қирғизистон тўлиғича АҚШга оғиб кета олмайди. Чунки Россиянинг Қирғизистондаги мустаҳкам нуфузи бунга йўл қўймайди. Бундан ташқари уларнинг ўзлари ҳам бу ишдан манфаатдор ҳам эмас. Сабаби, АҚШ уларнинг ҳокимияти хавфсизлигини кафолатлаб бера олмайди. Уларни қулатиб, ўрнига АҚШ сақофати билан суғорилган ва ўзига содиқ кадрларни олиб келиш ҳаракатида бўлади. Шунинг учун ҳам амалдаги ҳукумат Хитой билан муносабатларини ривожлантиришдан ўта манфаатдор. Чунки, Хитой ҳозирча ички сиёсатга аралашмайди, ҳукуматнинг иқтисодий чора тадбирларини ўз манфаатлари йўлида қўллаб қувватлайди. Шу сабабли Афғонистон масаласида ҳам Қирғизистон Ўзбекистонга эргашиб Россияни заифлаштиришда иштирок этишни хоҳлайди. Бироқ, жуда кўп занжирлар орқали Росияга қарам бўлгани сабабли бундай қила олмайди. Қирғизистон жуда кўп занжирлар орқали Росияга қарам бўлгани сабабли иложсиз Россияга эргашишини эълон қилмоқда.
Туркманистон. Туркманистон иқтисодининг асоси газ билан. У Аллоҳ берган неъматни арзон гаровга бўлса ҳам сотиб, шу орқали тирикчилик қилади. Россия унинг газини арзон олиб, қиммат нархда Европага сотади. Хитой ҳам ушбу соҳада улкан шартномалар тузган. Шунингдек, мазкур соҳада Американинг ТАПИ (Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Индия (Ҳиндистон)) лойиҳаси мавжуд. Туркманистон ТАПИ амалга ошишидан манфаатдор. Бироқ, бунга Россия тўсқинлик қилиб келади. Шу сабабли Афғонистон масаласи борасида Туркманистон Марказий Осиёга интеграциялашишни истайди.
– Туркманистонни Россияга мурожаат қилмай чагарада мустақил ҳарбий машғулотлар ўтказиши
– Толибон делегациясини қабул қилиши
– Ўтган йили Қирғизистонда ўтмай қолган Ўрта Осиё президентларининг йиллик учрашуви жорий йили Туркманистонда ўтказилиши
шунга далолат қилади.
Қозоғистон. Бу республика Афғонистондан узоқроқда, Россиянинг биқинида жойлашган. Унинг Россияга қарам қилган боғлиқлик жиҳатлари жуда кўп. Шу сабабли у Марказий Осиё интеграциялашуви тарафдори бўлса ҳам, бу борада дадил қадам ташлай олмайди.
Афғонистонга боғлиқ Ўрта Осиё республикаларида ривожланган айрим ходисалар далолатлари шулар эди. Имкониятимиз доирасида фақат айрим муҳим воқеаларгагина тўхталиб ўтдик.
Сўзимиз охирида шуни таъкидлаб ўтиш ўринликки, Марказий Осиё республикаларининг барчаси исломий юртлар. Фақат, улар мустамлакачи кофирлар томонидан босиб олинган, босқинчилар манфаатларига мос равишда ўрталарига сунъий чегаралар тортилган. Шу сабабли ушбу юртлардаги мусулмонлар мустамлакачилар сиёсатининг қурбонлари бўлиб келишмоқда. Аслида бу юртлар шариатда балад ул-Ислом (исломий юрт) деб аталади ва уларни Дорул-Ислом таркибида бўлиши вожиб. Яъни, Ислом билан бошқарилган Ислом давлати соясида бўлиши вожиб. Агар бундай бўлмаса – Аллоҳ ва Росули буйриган тариқат асосида – шунга ҳаракат қилиш вожибдир.
Туркистон