Тожикистоннинг энг катта давлат қарзи Хитойдан эканлиги маълум қилинди

485
0

Тожикистоннинг энг катта давлат қарзи Хитойдан эканлиги маълум қилинди

 Иккинчи ярим йиллик бошида Тожикистон давлат қарзи 3,8 млрд долларни ташкил этди, бу республика ЯИМнинг 44,6 фоизига тенг, деб маълум қилди мамлакат молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода.

 Йил бошига солиштирганда, давлат қарзи 100 млн долларга ўсган.

 Вазирнинг сўзларига кўра, давлат қарзининг 3,3 млрд доллари ташқи қарз (87 фоиз) ҳисобига тўғри келади, ички қарз миқдори эса 500 млн долларни (13 фоиз) ташкил этади.

 Унинг қайд этишича, давлат қарзи даражаси мамлакатнинг стратегик ҳужжатлари меъёрлари ва халқаро молия институтлари тавсияларига мос келади.

 Тожикистоннинг ташқи қарз бўйича энг катта кредитори Хитой бўлиб турибди (1,2 млрд доллар), халқаро молия бозорларида давлат облигациялари (евробондлар) жойлаштирилиши ҳисобидан қарзлар 500 млн долларни ташкил этади.

 Шунингдек, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва Халқаро валюта фондидан ҳам нисбатан йирик қарзлар мавжуд.

 Изоҳ: Бошқа халқаро молиявий ташкилотлардан фарқли равишда Хитой ажратаётган қарзлар, уларнинг фоиз ставкалари тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмайди ва қарз олувчи давлатдан турли демократик ислоҳотлар ўтказиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш каби шартларни қўймайди. Шу сабабли ҳам сўнгги йилларда Хитой Ўрта Осиёдаги диктатор режимлар учун асосий кредиторга айланиб бормоқда. Аммо шу билан бирга Хитойнинг ўз бизнес манфаатлари бор. Имтиёзли кредитларнинг асосий шарти хитойлик компанияларнинг молиялаштириладиган лойиҳаларда иштирок этишидир. Шунингдек, айрим манбаларда келишича, Хитойнинг инвестицияга доир шартномасида бир махсус банд мавжуд бўлиб, унга биноан давлатлар Хитойдан олган қарзлари эвазига ўз мустақиллигининг бир қисмидан воз кечишлари лозим, шу жумладан Хитой билан халқаро судда тортишиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўладилар.

 Иқтисодий жиҳатдан Марказий Осиёдаги энг заиф бўлган Тожикистон Хитойнинг “Эксимбанк”идан олган қарзлари эвазига Хитой компаниялари учун ўз эшигини катта очиб қўйди.  Расмий маълумотларга кўра, айни вақтда Тожикистондаги олтин конларини ярмидан кўпроғини  ўзлаштириш учун Хитой компанияларга ўтказиб берган. Хитой компаниялари бундай конларнинг 60 фоиз акцияларига эгалик қилмоқда.

 Бундан ташқари, тожик ҳукумати Хитой олдидаги қарзини узиш учун ўз ерларини бериб юбормоқда. Ўтган йилнинг декабр ойида Тожикистон парламенти ХХР билан Тоғли Бадахшон ҳудудини Хитойга ўтказиш тўғрисида 2011 йил январ ойида тузилган давлатлараро битимни ратификация қилди. Помир ерининг 1,1 минг квадрат километри учун Хитой Тожикистоннинг ташқи қарзининг муҳим қисмидан кечган. Шуни таъкидлаш керакки, парламент томонидан 100 фоиз маъқулланганига қарамай, бу факт кенг жамоатчиликдан яширилган эди. Тожикистон фуқаролари ўз ерларининг Хитойга берилиши тўғрисида фақат октябр ойида Хитой газеталаридан билиб олишди.

 Ачинарли жойи шундаки, қариндош-уруғчилик ва коррупция ботқоғига ботган бу ҳукуматларда халқ ҳисобига олинаётган улкан қарзлар ўз ўрнига сарфланмай талон-тарож қилиб юборилади. Бу тоғутлар олинаётган қарзларининг ҳеч бўлмаганда бир қисмини иқтисодий ривожланиш асоси бўлган станоксозлик, машинасозлик каби оғир саноат тармоқларга сарфлаш ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўришмайди. Улар олинаётган қарзлар ва юрт бойликлари ҳисобидан ўз ҳокимиятларини мустаҳкамлаш, шахсий ҳаётлари ва фарзандлари келажагини таъминлаш йўлида фойдаланиш ҳақидагина ўйлашади. Натижада, оддий халқнинг хали туғилмаган фарзанди ҳам бўйнида қарз билан туғимоқда.

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here