Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акар бошчилигидаги Туркия делегацияси 29-30-июн кунлари Қирғизистонда бўлди.
Ташриф доирасида Ҳулуси Акар Туркиянинг Бишкекдаги элчихонасида бўлиб, у ерда Туркия ва Қирғизистон барча соҳаларда, жумладан, сиёсат, маданият, иқтисодиёт ва мудофаа соҳаларида стратегик алоқаларни ривожлантираётганини таъкидлаган. Вазир Туркиянинг Қирғизистондаги дипломатик ваколатхонаси фаолиятидан мамнунлигини билдирган.
Ташриф доирасида Ҳулуси Акар президент Садир Жапаров ва Қирғизистон Мудофаа вазири Таалайбек Омуралиев билан учрашди. Унда икки мамлакат мудофааси ва ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди.
Изоҳ: АҚШ Афғонистондан чиқиб кетар экан минтақадаги ўз иштирокини Туркия воситасида сақлаб қолишга интилмоқда. АҚШ Афғонистонда 1000га яқин ҳарбийларини қолдиришга қарор қилиб, НАТОга аъзо давлатлар бирин-кетин афғон заминидан ўз қўшинларин олиб чиқиб кетишни бошлаётган бир вақтда Туркия зиммасига Қобул аэропортини қўриқлаш вазифаси топширилди. Ироқ, Ливия, Сурияда АҚШ манфаатларини ҳимоя қилаётган Туркияга Афғонистон ва унга қўшни бўлган исломий юртларда ҳам айни вазифа юклатилди.
Қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган навбатдаги қонли можародан кейин Туркияга расмий ташриф билан борган Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қирғизистон ҳукумати Туркия билан мудофаа ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истагида эканлигини маълум қилганди.
Жапров бошчилигидаги делегация таркибида бўлган Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Казакпаев: “Садир Жапаров ва Ражаб Эрдўғон учрашувида ҳарбий-техник ҳамкорлик ва Қирғизистон Мудофаа вазирлигига грант асосида харбий-техник ёрдам кўрсатиш масаласи” муҳокама қилинганини айтган эди.
Расмий маълумотларга кўра, 2018 йилга қадар Туркия Қирғизистонга йилига 1 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатган бўлса, 2019 йилдан бошлаб бу кўмак миқдори 2 миллион долларга етказилган. Икки давлат раҳбарларининг сўнгги учрашувида кўмак миқдори янада оширилишига келишиб олинди.
Қирғизистондаги сафаридан сўнг Ҳулуси Акар Тожикистонга бориб, Мудофаа вазири Шерали Мирзо билан учрашди ва икки давлат ҳарбий ҳамкорлиги масаласини муҳокама қилди. Каримовдан сўнг Туркия билан муносабатларини яхшилаётган Ўзбекистон ҳам Туркий тилли давлатлар парламентлари ассамблеясига (ТУРКПА) аъзо бўлиш тўғрисида қарор қабул қилди. Маълумки ушбу ассамблеяга Туркия бош бўлиб, туркий тилли давлатларни бирлаштириш орқали уларни Россия таъсири остидан чиқаришни мақсад қилинган. Бу АҚШ лойиҳаси бўлиб Туркия воситасида Марказий Осиёда ўз таъсирини кенгайтиришга қаратилган. Хулоса қилиб айтганда, Туркия расмийларининг минтақа давлатларига амалга ошираётган сафарларидан кўзланган мақсад – минтақада Америка гегемонлигини кучайтиришга қаратилган.
Абдураҳмон Одилов