Россия, КХШТ давлатлари ва Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилади

526
0

Россия, КХШТ давлатлари ва Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилади

 Россия ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га аъзо давлатлар Афғонистондаги вазиятни муҳокама қиладилар.

 “Биз у ерда тинчлик ва осойишталик бўлишига унча ҳам ишонмаймиз. Бу ҳудудда НАТО контингентининг 20 йил давомида бўлиши барқарорликка олиб келмади”, – деди Шойгу Қозоғистон мудофаа вазири билан учрашувда.

 РФ Мудофаа вазири бу масалани яқин келажакда КХШТ давлатлари – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, шунингдек, Афғонистонга чегарадош Ўзбекистон билан муҳокама қилишни таклиф қилди.

 22 июн куни “Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги Шерхон-Бандар чегара комиссариатига ҳужум қилди. Афғонистон кучларининг 134 нафар ҳарбийлари жангариларга қаршилик кўрсата олмади ва “Панж” чегара отрядининг 3 ва 4-заставалари орқали Тожикистон ҳудудига чекинишга мажбур бўлди.

 Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитасининг баёнотига кўра, тожик-афғон чегарасидаги вазият кескин деб баҳоланмоқда.

 Тожик-афғон чегарасининг Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги қисмини қўриқлаш кучайтирилди.

 Изоҳ: Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам 23 июн куни 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Шўртепа тумани ҳудудидан Ўзбекистонга ўтгани ҳақида баёнот берди. Демак, АҚШ Афғонистондан чиқиб кетар экан Россия ва Афғонистон билан қўшни давлатлар учун катта муаммо – қочқинлар муаммосини қолдириб кетмоқда.

 АҚШ ва НАТО блоки Афғонистонда олиб борган ҳарбий ҳаракатлар давомида улар билан ҳамкорлик қилган амалдорлар, ҳарбийлар ва таржимонлар армияси вужудга келди. Босқинчилар билан ҳамкорлик эвазига ўз халқи ва миллатига хоинлик қилган амалдорлар, босқинчилар таъминоти билан шуғулланган ширкатлар ва босқинчи кучларга таржимон бўлиб ёллланганлар бугун боши берк кўчага кириб қолишди. Яқиндагина босқинчи кучларга таржимонлик қилган 10 мингдан зиёд маҳаллий аҳоли АҚШдан ўзларини бирга олиб чиқиб кетиш ва қочқинлик мақомини беришни сўраб мурожаат қилиб чиқишди. Аммо, на АҚШ ва на НАТО давлатлари ушбу мурожаатга ижобий жавоб қайтаришди. Қисқача айтганда, АҚШ уларни тақдир измига ташлаб қочиб чиқиб кетмоқда. Аслида бу мустамлакачи двлатларнинг иш услубидан бўлиб, бундай малайлардан зарур бўлган вақтда фойдаланади. Улар ўз вазифаларини бажариб бўлганларидан кейин кераксиз латта каби улоқтириб юборишади.

 Толибон ҳаркати бирин кетин ҳудудларни эгаллаб бормоқда. Ҳатто, афғон ҳукумати қўшинлари бутун бошли ҳарбий базаларни жангсиз, бор техникаси ва қурол-яроғи билан ташлаб чиқиб кетмоқда. Бир вақтлар босқинчи кучлар манфаати учун ишлаган амалдор ва бошқалар ўз жонларини сақлаб қолиш учун қочишга мажбур бўлишмоқда. Бу каби қочқинлар Афғонистоннинг жанубига қочиб, у ердан Покистонга ёки бошқа давлатга қочиш имконига эга эмаслар. Сабаби, мамлакатнинг жанубий ҳудудлари анчадан бери Толибон ҳаракати томонидан назорат қилиб келинади. Уларнинг ягона йўли мамлакат шимоли орқали Ўрта Осиё давлатлари – Тожикистон, Ўзбекистон ёки Туркманистонга қолган холос.

 Толибон қўшни давлатларга ҳарбий тажовуз қилмайди. Бу борада Толибон ҳаракатининг Қатардаги сиёсий офиси расмий вакили Муҳаммад Суҳайл Шаҳин расмий баёнот бериб: “Афғонистон еридан Россия ва қўшни давлатларга қарши фойдаланилмаслигини”, таъкидлаб ўтган эди. Толибон маҳаллий ҳаракат бўлиб, мақсади Афғонистонни ҳар қандай босқинчи кучлардан озод қилишдан иборат. Аммо, мана шу озод қилиш давомида босқинчи кучларга ишлаган хоинлардан қасос олиши ҳам аниқ. Хоинлар қасосдан қутулиш учун қочишга мажбурдирлар. Улар учун “нажот йўли” юқорида айтиб ўтилганидек, Ўрта Осиё республикаларидан иборат. АҚШ ҳатто сунъий тарзда қочқинлар оқими имкон қадар кўп бўлишига шароитлар яратиб бериши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.

 Адбураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here