Хитой Қирғизистонга ун, шакар ва ўсимлик ёғи беради

685
0

Хитой Қирғизистонга ун, шакар ва ўсимлик ёғи беради

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Қирғизитонга Хитойдан озиқ-овқат ва грант ёрдами келади.

 Ёрдам доирасида Хитойдан 40 минг тонна ун, 20 минг тонна шакар, 20 минг тонна ўсимлик ёғи ва 350 миллион юан (54 миллион АҚШ доллари) миқдорида маблағ грант шаклида берилади.

 Бундан ташқари, Хитой яна инсонпарварлик ёрдами сифатида коронавирусга қарши “Sinopharm” вакцинасидан 150 минг доза тақдим этади.

 “Қирғизистоннинг Хитойдан бўлган давлат ташқи қарзи бўйича тўловларни кечиктиришда қўшимча тўловларни ҳисобламаслик, COVID-19 пандемияси сабабли вақтинча тўхтатилган ишларни давом эттириш, грант лойиҳаларини амалга ошириш учун Қирғизистонга хитойлик мутахассисларни жўнатиш масаласи ҳал этилди”, – дейилади расмий хабарда.

 Изоҳ: Бош вазир вазифасини бажарувчи Артём Новиков 2020-йил 25-ноябр куни парламентда қилган чиқишида давлат ташқи қарзи масаласида Хитой билан музокаралар давом этаётганини маълум қилган ва “Хитой қарзни тўлаш муддатини траншларга бўлиб тўрт йилга узайтиришни таклиф қилмоқда. Бундай муддатни узайтириш учун фоиз ставкаси 2 фоиз этиб белгиланди. Таклиф ҳукумат томонидан имтиёзлар бўйича белгиланган параметрлардан ошмайди. Ушбу сумманинг ортиқча тўлови 2,9 миллиард сом (34 миллион 118 минг доллар)ни ташкил этади”, – деган эди.

 Кейинчалик, Садир Жапаров агар расмий Бишкек Хитойдан олган ташқи қарзини вақтида тўламаса, мамлакатдаги муҳим объектлар – Бишкек иссиқлик электр станцияси, Датка-Кемин электр узатиш линияси ҳамда республиканинг шимоли ва жанубини бирлаштирувчи йўл Хитой назорати остига ўтиб кетиши мумкинлигини айтган эди.

 Жорий йилнинг май ойи ўрталарида Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаевга Хитой ҳукумати Қирғизистоннинг давлат қарзларини қайтаришини ортга суриш ва қўшимча маблағ ажратишини маълум қилди.

 Бугунга келиб эса Хитой Қирғизистонга кўрсатадиган ёрдам билан бир қаторда тўхтаб қолган грант лойиҳаларини қайта тиклаш масаласи ҳам ҳал этилгани айтилмоқда. Ушбу грант лойиҳалари жумласига – “Хавфсиз шаҳар”, Хитой гранти эвазига таъмирланадиган Бишкек йўллари, бир вақтлар аҳолининг кескин қаршилиги ортидан тўхтаб қолган Баткен вилояти Қадамжой туманидаги Шамбесой олтин кони, Нориндаги Жетим-Тоо темир конида хитойлик компаниялар фаолиятини қайта тиклаш киритилган бўлишининг эҳтимоли катта. Демак одатдагидек, Хитой ҳукумати гўёки Қирғизистонга ёрдам бераётгандек кўриниб, ер ва табиий бойликларни қўлга киритишга уринмоқда. Буни ун, шакар ва ўсимлик ёғи билан ёрдам бериш пардаси ортига яширмоқда. Бу худосиз коммунистларнинг “ошқозонни тузоқ қилиб” халқни бошқариш услуби бўлиб, шу орқали иқтисодий қийинчиликлар исканжасига тушиб қолган халқни алдаш ва ўтган йиллар мобайнида ўзига қарши шаклланган нафратни йўқ қилишга уринишдан иборат.

Абдураҳмон Одилов 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here