Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини кучайтиради

726
0

Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини кучайтиради

 Россия президент Владимир Путин 8 май куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан Москвада бўлиб ўтган учрашув чоғида Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини кучайтириш ва мустаҳкамлаш масаласида бош қотираётганини маълум қилди.

 Путин, шунингдек, Россия “Тожикистон армиясининг қудратли бўлишига ҳам кўмаклашиш” ниятида эканини таъкидлади.

 Айни пайтда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон АҚШ Афғонистондан ҳарбийларини олиб чиқиб кетиши ортидан мазкур мамлакатда вазият кескинлашиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

 Маълумот учун, Тожикистондаги учта ҳарбий базага Россия 201-дивизиясининг 7 мингдан ортиқ ҳарбийси жойлашган.

 Изоҳ: Россия узоқ йиллардан бери Афғонистондаги беқарорлик ва Толибон “таҳдидини” рўкач қилиб, Ўрта Осиёда ўзининг ҳарбий иштирокини кучайтиришга интилиб келади. Чунки, бугунги кунда Россия суяниши мумкин бўлган ягона куч бу – унинг ҳарбий қувватигина бўлиб қолди. Ҳолбуки, АҚШ Афғонистонга бостириб киришидан олдин мамлакатда тўлиқ назорат ўрнатган Толибон ҳаракати бирор марта қўшни давлатларга “таҳдид” туғдирмаган, қўшни давлатлар билан чегараларни бузиб ўтишга ҳаракат ҳам қилмаган эди. Минтақа президентлари буни билиб турсаларда Россияни минтақадаги “тинчлик гаранти” сифатида қабул қилиб, ўз ерларидан унга ҳарбий базалар учун ер ажратиб беришди. Ўз навбатида Россия ушбу базаларни кучайтириш баҳонасида минтақага ҳарбий жиҳатдан тўлиқ ўрнашиб олди.

 Рус ҳукумати кейинги ўн йилликда ўзининг Тожикистондаги ҳарбий базасини кучайтириб келмоқда. “Коммерсант” нашри 2015 йили Россия Бош ҳарбий штабидаги манба маълумотига таянган ҳолда, Россия яқин йиллар ичида Тожикистонга 70 миллиард рубл (1 миллиард 230 миллион долларга яқин) ҳажмидаги ҳарбий-техник кўмак кўрсатишини хабар қилган эди. Тожикистон кўмак доирасида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) линияси бўйича алоқа воситалари, ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилардан тортиб, авиация, артиллерия ва зенит-ракета қурилмаларигача бўлган кенг турдаги қурол-яроғларга эга бўлган эди.

 2017-йили Россия Тожикистон Қуролли кучларига ўқотар машина, артиллерия, зирхли танклар БТР-80, жанговар пиёда машиналари БМП-2, Т-72 русумли танк воситалари, Ми-8 ва Ми-24 русумидаги вертолётлар тақдим этди. Бундан ташқари, Россиянинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа комплекси, тиббий ва топографик вазифаларни бажариш учун мўлжалланган техникалар ҳам юборилди.

 2019-йилда Россия Тожикистон қуролли кучларига беғараз асосда умумий қиймати 320 млн рубллик (5 млн доллар) ҳарбий техника ва қурол-яроғлар партиясини тақдим этди. Аммо ушбу қуролларнинг бирортаси “асосий душман” Толибонга қарши ишлатилмади. Аксинча, бу қуроллар қўшни мамлакатлар билан бўлган чегара можароларида, хусусан, 28-29-30 апрел кунлари тожик ҳукуматининг Россия рухсати ва қўллови остида Қирғизистонга нисбатан қилган ҳарбий тажовузида фойдаланилди. Рус ҳукумати чегара можароси ортида ўзи турганини яширишга ҳаракат ҳам қилмади. Шу сабабли қирғиз ҳукумати ҳатто тожик ҳукуматидан қуролли зиддият натижасида кўрилган моддий зарарни қоплаб беришни талаб қилишга ҳам журъат қилмади.

 Хулоса қилиб айтганда, рус ҳукуматининг ҳарбий базаларини кучайтириши минтақада ўз ҳарбий иштирокини кучайтиришга қаратилган ҳаракатдан бошқа нарса эмас.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here