Ўзбекистон хавфсизлик соҳасида Россия билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда

0
550

Ўзбекистон хавфсизлик соҳасида Россия билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда

 Ўзбекистон Россия билан минтақа хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор.

 Бу ҳақда республика мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан музокаралар давомида маълум қилди.

 “Биз Россия билан стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларимизни аниқ амалий мазмун жиҳатдан тўлдириш билан икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларимизни янада чуқурлаштиришдан манфаатдормиз. Шу билан бир қаторда таъкидламоқчиманки, Ўзбекистон, шунингдек, Россия билан мудофаа ва минтақа хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳар томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор”, – дея Қурбонов сўзларидан иқтибос келтирган РИА Новости.

 Қурбонов икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар стратегик ҳамкорликнинг янги сифатли даражасига кўтарилганини қайд этди.

 “Бугун Россия Ўзбекистоннинг йирик савдо ва инвестиция ҳамкоридир”, – дея қўшимча қилди у.

 Изоҳ: АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетишини эълон қилганидан сўнг Россия минтақада ўз ҳарбий нуфузини янада мустаҳкамлаш ҳаракатини бошлаб юборди. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ўтиб бораётган ҳафтада Тожикистон ва Ўзбекистонга сафар қилди.

 Шойгу 26-апрел куни Тожикистонга сафари давомида Россия ва Тожикистон Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларини бирлаштиришга ва давлат чегара хавфсизлигини оширишга келишиб олди.

 Ўзбекистонга расмий сафар билан келган Сергей Шойгу 28 апрел куни Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов билан 2021-2025 йилларга мўлжалланган ҳарбий соҳадаги стратегик ҳамкорликка доир икки томонлама дастурни имзолади. Шунингдек, расмий Кремл Ўзбекистонни КХШТ доирасидаги тадбирларга жалб этмоқчи эканини ҳам маълум қилди.

 Маълумки, АҚШ Афғонистонда олиб борган салкам 20 йиллик уруши давомида катта моддий ва инсоний йўқотишларга дучор бўлди. Амалда АҚШ Афғонистонда мағлубиятга учради. Аммо шундай бўлишига қарамай у минтақадаги ҳарбий иштирокини сақлаб қолишга интилмоқда. У афғон заминини тарк этар экан у ерга олиб келган улкан ҳарбий техника ва қурол-яроқларни яна ортга қайтариб олиб кетиш ниятида эмас. Шу сабабли ҳам у ўзи учун минтақада бир ҳарбий база барпо этиш ҳаракатида юрипти. Шу сабабли ҳам у тожик, қозоқ ва ўзбек расмийлари билан ҳарбий база бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Ушбу музокаралар Россияга ёқмаслиги аниқ. Россия АҚШнинг минтақада ҳарбий жиҳатдан қолишига рози бўлмайди. Ўз вақтида АҚШни Қирғизистондаги “Манас”, Ўзбекистондаги “Хонобод-Қарши” ҳарбий базаларини йўқ қилишига эришганидан кейин, яна қайта бундай базалар барпо этилишига йўл қўймасликка интилади. Россия минтақада ҳарбий иштирокини кучайтириш учун эса одатдагидек, “диний экстремизм” ва “терроризм” таҳдидини бўрттириб кўрсатиш орқали иш олиб боради.

 Абдураҳмон Одилов

NO COMMENTS