بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
Мьянмадаги ҳарбий тўнтариш оқибатлари
Савол:
(БМТнинг Мьянмадаги махсус вакили Кристин Шранер Бургенернинг видеоконференцияда билдиришича, мамлакатда 1 февралда юз берган ҳарбий тўнтаришдан бери ҳафтанинг ушбу чоршанбаси «энг қонли кун» бўлган ва унда «28 нафар намойишчи ўлдирилган», Мьянма хавфсизлик кучлари ҳарбий ҳокимиятга норозилик билдириб чиққан намойишчиларга қарата ўқ узган… Ал-Жазира нет, 2021 йил 3 март). Маълумки, Мьянма-Бирма армияси 2021 йил 1 февралда мамлакатда ҳарбий тўнтариш содир этди. Ўша куни янги парламент ўзининг биринчи сессиясини ўтказиши керак эди. Тўнтариш ортидан республика президенти, бош вазир, кўплаб вазирлар ва сиёсатчилар қамоққа олинди. Ҳарбий тўнтаришга АҚШ кескин муносабат билдирди ва ҳокимиятнинг зудлик билан қайта тикланишини талаб қилди. Ушбу инқилоб ортида нима турибди? Нега АҚШ бунчалик ғазабланди? Тўнтаришнинг Мьянмадаги мазлум мусулмонларга қандай таъсири бор?
Жавоб: Жавоб аниқроқ бўлиши учун қуйидагиларни баён қилиб ўтамиз:
1 – Сайловга бир ҳафта қолмасдан армия билан ҳукумат ўртасида даҳанаки жанг бошланган эди. Армия бош қўмондони генерал Мин Аун Хлайн хусусий оммавий ахборот воситаларидан бирига берган интервьюсида сайлов комиссияси (UEC)нинг ишончлилиги ва холислиги шубҳа остида эканини таъкидлади. У сайлов комиссиясини овоз беришдан олдинги тартиб-қоидалар ва қонунларни кенг миқёсда бузганликда айблади. Бунга жавобан, ҳукумат матбуот котиби армия қўмондонининг баёнотларини танқид қилиб, уни асоссиз айбловлар, деб атади ҳамда бу баёнотларнинг конституциядаги «Давлат хизматчилари, шу жумладан, ҳарбийлар ва полиция ходимлари партиявий сиёсатдан четда бўлишлари керак», деган матнга зид келаётганидан огоҳлантирди. Шунингдек, армиянинг «Агар Демократия учун Миллий Лига бу сафарги сайловларда яна ғалаба қозонса, армия қўл қовуштириб ўтирмайди…», деган очиқ гаплари ҳам танқид остига олинди. (Ҳадаф ахборот агентлиги, 2021 йил 11 январ). Бундан армиянинг агар Миллий Лига сайловларда ютиб чиқадиган бўлса, аввалдан инқилобга тайёргарлик кўрганлиги аён бўляпти.
2 – Аун Сан Су Чжининг «Демократия учун Миллий Лига» партияси 2020 йил ноябр сайловларида иккинчи марта 83 % овоз билан ғалаба қозонди. Бу кўрсаткич 2015 йилги сайловлардан анча кўп бўлиб, унда 75 % овоз билан ғалаба қозонган эди. Ўшанда армия ўзи тузган «Бирдамлик партияси» парламентдаги жами 476 ўриндан атиги 33 ўринни эгаллаган эди. Шунинг учун армия бу сафар қўл қовуштириб ўтирмаслик тўғрисидаги таҳдидларини йўллаб, 2008 йилда конституцияга киритган ҳамда Су Чжи ва унинг собиқ ҳукумати томонидан қабул қилинган моддадан фойдаланди. Маълумки, айни модда матнида парламентдаги ўринлардан 25 %ини армия эгаллаши ҳамда мудофаа, ички ишлар, чегара қўшинлари вазирликларининг тўғридан-тўғри армияга бўйсуниши айтилган. Шунингдек, унда армия ўзи аралашишни зарур деб билган вазиятда аралашиш ҳуқуқига эга экани ҳам қайд этилган. Куни кеча армия янги парламент йиғинидан бир неча соат олдин конституциядаги мана шу моддадан фойдаланди. Яъни, Парламент йиғинидан ва сайлов натижалари конституциявий тасдиқдан ўтишидан олдин ҳарбий тўнтаришни амалга оширди. Шундан сўнг ҳарбий тўнтаришга қарши оммавий норозиликлар бошланиб, 2021 йил 3 март чоршанба кунги намойиш шу пайтгача бўлган намойишларнинг энг шиддатлиси бўлди: (БМТнинг Мьянмадаги махсус вакили Кристин Шранер Бургенернинг видеоконференцияда билдиришича, мамлакатда 1 февралда юз берган ҳарбий тўнтаришдан бери ҳафтанинг ушбу чоршанбаси «энг қонли кун» бўлган ва унда «28 нафар намойишчи ўлдирилган», Мьянма хавфсизлик кучлари ҳарбий ҳокимиятга норозилик билдириб чиққан намойишчиларга қарата ўқ узган… Ал-Жазира нет, 2021 йил 3 март). Шунга қарамай, норозилик намойишлари алангаси бироз пасайган бўлсада, лекин ўчмади.
3 – Армия бош қўмондони генерал Мин Аун Хлайн, Мьянма армиясининг яна уч қўмондони билан бирга 2019 йил декабрдан АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган. Уларга «инсон ҳуқуқларини жиддий равишда бузганлик» айблови қўйилган. Бу эса, генерални ўз келажаги ва тақдиридан хавотирланишга ундади. Чунки у агар нафақага чиқадиган бўлса, ўзини ҳимоя қилишдан ожиз бўлиб қолади. 2016 йил армия бош қўмондони лавозимидан бўшаши керак эди. Бироқ у ўзининг янги муддатини чўзишни уддасидан чиқиб, 2021 йилнинг ёзида нафақага чиқишга ваъда берди. Унинг нафақага чиққандан кейин ҳам инглизларнинг малайи сифатида сиёсий роль ўйнашни хоҳлаётгани кўриниб турибди. Уни президентликка номзод сифатида кўрсатаётганлар ҳам топилди. Ҳукмрон ҳарбий кенгаш йиғинидан сўнг 2021 йил 1 февралда армиянинг расмий веб-сайтида қуйидаги сўзлар билан шунга ишора қилиб ўтилган: «Армия қўмондони генерал Мин Аун Хлайн ҳақиқий плюралистик демократия тизимини амалга ошириш билан шуғулланишга ваъда берди». Бу эса, унинг мамлакат президентлиги сари ташлаган қадамидир.
4 – Шундай қилиб, армия сайлов натижаларини тан олмади. Чунки сайлов натижалари армиянинг 1962 йилдан бери давом этиб келаётган ҳокимиятдаги ҳукмронлигига таҳдид соларди. Шунинг учун сайловда ўн миллионта фирибгарлик бўлганлигини таъкидлаб, Сан Су Чжи тайинлаган сайлов комиссиясини тил бириктирувда айблади. Аммо Сан Су Чжи бу айбловларга парво қилмай, янги парламентнинг биринчи сессиясини ўтказишга ҳаракат қилди. Натижада, армия қўмондони фавқулодда ҳолат эълон қилишга ва ҳокимиятни эгаллашга рухсат берувчи конституциядаги моддани қўлламоқчилиги билан таҳдид қилди. Янги парламентнинг биринчи сессиясидан бир неча соат олдин армия қўмондони сессияни кечиктиришни талаб қилди. Бироқ ўтган ноябрда бўлиб ўтган ва Сан Су Чжи партияси ғолиб чиққан сайловлардан сўнг Сан Су Чжи ва унинг партияси раҳбарлари армия талабини бажаришдан бош тортишди. Шунда армия уларнинг бош тортувидан фойдаланиб, ҳокимиятни эгаллаб олди, сўнг фавқулодда ҳолат эълон қилди. У ҳукумат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи билан президент Вин Мьин кабиларни ҳибсга олди. Уларни уй қамоғига олиб, устидан жиноий иш қўзғатди.
5 – Масала, аслида сайловларни сохталаштириш ҳам, уларнинг шаффоф эмаслиги ҳам эмас. Чунки икки томон ҳам ўз партиялари фойдасига сайлов ўйинлари қилишдан тап тортишмайди. Балки масала, сиёсий курашдадир. Бу курашни бир томонда АҚШ ва унинг малайи Сан Су Чжи, иккинчи томонда Британия ва унинг малайи бўлган армия қўмондони олиб боряпти. Америка Сан Су Чжини қўллаб-қувватлар экан, бу билан Мьянманинг Хитой учун қамал нуқтаси бўлишини истаяпти. Британияга келсак, у Ҳиндистон ярим оролини ўзининг таъсир доирасига олиб, Бирма армиясини ташкил қилгандан бери Мьянмани ўз қўлида ушлаб келган. Ўшандан бери Мьянмада армия бевосита ёки билвосита ҳукмронлик қилган. Бироқ бу ҳол Америка Су Чжи партиясини қўллаб-қувватлаб, унинг партияси 2015 йил сайловларда катта ғалабага эришгунига ва ҳокимиятни қўлга киритгунига қадар давом этди. Бироқ армиянинг 2008 йилги конституцияда кўрсатилган ваколатлари сабабли, Су Чжи партиясининг барча хатти-ҳаракатлари деярли армия назорати остида қолди. 2020 йилги сайловларда бу партия 83 % овоз билан ғалаба қозонгач, Британия мамлакатда Америка нуфузи ўрнашиб қолишидан хавотирланиб, армияни тўнтариш ясаш томон ҳаракатлантирди ва шундай бўлди ҳам. Бу шуни англатадики, Мьянмадаги воқеа-ҳодисалар АҚШ-Британия ўртасидаги сиёсий кураш натижасида келиб чиқди. Сайловлар эса, бир юзаки манзарадан ўзга нарса эмас. Бу ерда аслида кураш кетаётгани ҳар қандай ақлирасо инсон учун аввалдан маълум-равшан эди. 2012 йил 26 июнда нашр қилинган саволга жавоб варақасида бундай деган эдик: «Бирмадаги режим ҳарбий формадаги генераллар томонидан бевосита назорат қилинар эди. Ҳозирда уни фуқаровий кийимдаги нафақага чиққан генераллар бошқармоқда. Режим эса ҳамон инглизларга содиқлигича қолмоқда. Инглизлар бу режимни яширин ва ошкора, тўғридан-тўғри ва билвосита малайлари орқали қўллаб-қувватлаб келишди. Мусулмонларни қирғин қилиш, қийноққа солиб ўч олишда бутпарастларни қўллаб-қувватлаган ҳам Англиядир. Бу жиноятлар нафақат шу кунларда бўлмоқда, балки ушбу юртда Ислом бошқаруви тугаган пайтдан буён давом этиб келяпти. Америкага келсак, у Аун Сан Су Чжи раҳбарлигидаги «Демократия учун Миллий Лига» партиясини қўллаб-қувватламоқда. Американинг кўмаги билан 1991 йил Тинчлик учун Нобел мукофотига сазовор бўлган бу аёл Аун Саннинг қизидир. Аун Сан эса, инглизларга мухолиф бўлган ва у 1947 йил ўлдирилган. Шундай қилиб, Америка Бирмадаги вазиятдан рози эмас…». Иқтибос тамом.
6 – Шу тарзда Американинг реакцияси кучли бўлди. Оқ уй матбуот котибаси Жен Псаки бу ҳақда қуйидагича баёнот берди: «Қўшма Штатлар Мьянмадаги сўнгги сайловлар натижаларини ўзгартиришга ҳам, демократик ўзгаришларга тўсқинлик қилувчи ҳар қандай уринишларга ҳам қаршидир. Агар ушбу қадамлар бекор қилинмаса, АҚШ жавобгарларга нисбатан чора кўради». (Би-Би-Си ва Франс-Пресс, 2021 йил 1 январ). АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен «Мьянмадаги барча ҳукумат расмийлари ва фуқаровий жамият етакчиларининг озод этилишига чақириб, ҳарбийлар бундай чораларни дарҳол бекор қилишлари керак, дея таъкидлади». (Би-Би-Си, 2021 йил 1 январ). Обама даврида Шарқий Осиё масалалари бўйича давлат котиби ёрдамчиси бўлган ва Аун Сан Су Чжи билан яхши алоқага эга бўлган Дэниел Рассел навбатдаги ҳокимиятни босиб олиш ишини «минтақадаги демократияга зарба», деб атади. (Франс-Пресс, 2021 йил 1 январ). Рейтер ахборот агентлиги 2021 йил 2 февралда америкалик бир расмийнинг сўзларини нашр қилди. Унга кўра, АҚШ Бирлашган Ҳарбий штаб бошлиқларининг раиси генерал Марк Милли Оқ уйнинг талаби асосида Мьянма армияси билан алоқа тиклашга уринган. Аммо бунга муваффақ бўлолмаган. Рейтер ахборот агентлиги хабарида «Мьянма ҳарбий кучлари Хитой билан мустаҳкам алоқага эга. Лекин АҚШ ҳарбийлари билан эса, унчалик алоқага эга эмас», дейилади. Бундан аниқ маълум бўладики, Аун Сан Су Чжи ортида Америка турибди ва унинг Мьянмага бунчалик аҳамият қаратаётганлиги аввало бу давлатнинг Хитойга туташ жойлашганидир. Шу боис, Америка Хитойни ҳар томонлама ўраб олмоқчи. У Хитойни ҳатто минтақадаги кенгайишини олдини олишга уриниб, фақат ўз ерларида чекланиб қолишини хоҳлаяпти. Мьянмадан эса, Британия нуфузини тугатишга ва уни барча минтақаларидан, хусусан, Ҳиндистон ярим оролидан йўқ қилишга ҳаракат қиляпти.
7 – Шунга қарамай, Британия ўзининг сиёсий маккорлигини ишга солиб, 1962 йилги биринчи ҳарбий тўнтаришдан бери Бирма армиясидаги малайларининг ҳақиқий юзи қандай бўлгани, яъни уларнинг британияпараст эканини пардалаш учун уларга Хитойга дўстлик изҳор қилишни ҳамда у ердаги коммунистлар ва Россия билан яқинлашишни буюрди. Ўшандан кейин Россия билан Хитой Бирма режимини АҚШга қарши қўллаб-қувватлашга киришишди. Шунинг учун яқинда Су Чжи ҳукуматига қарши ҳарбий тўнтариш содир бўлганда, Британия бунга қарши бўладиган реакцияларни камайтириш учун Хавфсизлик Кенгашига ҳарбий тўнтаришни қоралаш ва ҳокимиятни қайта тиклаш тўғрисида резолюция лойиҳасини тақдим этди. У армия бошчилигидаги режимни очиқ-ойдин қўллаб-қувватлаётган Хитойнинг бунга қарши чиқишини билар эди. Дарҳақиқат, бу ҳақда Британиянинг Хавфсизлик Кенгашидаги доимий вакиласи Барбара Вудвород Кенгашга Британиянинг резолюция лойиҳасини тақдим этар экан, дипломатик юмшоқ оҳангда бундай деди: «Биз иложи борича конструктив муҳокама олиб бориш ҳамда бир қатор ҳаракатларни кўриб чиқиш тарафдоримиз… Шунингдек, халқнинг демократик истакларини ҳурмат қилишга қайтишларини хоҳлаймиз…». (Арабий 21, 2021 йил 2 феврал). Ҳақиқатдан ҳам Британия 2021 йил 2 февралда Хавфсизлик Кенгашига резолюция лойиҳасини топширган пайтда Хитой қаршилик қилди. Ўзининг инқилобчиларни қўллаб-қувватлаш позициясида эканини бошданоқ очиқ маълум қилаётган Хитой ўз ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Вэньбин оғзидан бундай деди: «Хитой Мьянманинг дўстона қўшнисидир. Биз Мьянмадаги барча томонлар ўзаро келишмовчиликларини конституция ва қонунчилик асосида ҳал қиладилар ва ижтимоий барқарорликни сақлаб қоладилар, деган умиддамиз. Шунингдек, Мьянмада нималар бўлганини кузатиб, вазиятни янада чуқурроқ тушунишга ҳаракат қиляпмиз…». (Синьхуа ахборот агентлиги, 2021 йил 1 феврал). Россия ҳарбий тўнтаришни қораламади. Россия ташқи ишлар вазирлиги бундай баёнот берди: «Биз сиёсий мулоқот қайта тикланиши ва юртнинг барқарор ижтимоий ва иқтисодий ривожланиши таъминланиши орқали вазиятнинг амалдаги қонунчиликка мувофиқ тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдоримиз». (Новости, 2021 йил 1 феврал). Демак, Россия билан Хитой Мьянма армияси томонида турибди. Британия ўзининг маккор ўйинини муваффақиятли амалга оширди!
8 – Энди, Мьянмадаги мусулмонларга нисбатан оладиган бўлсак, бугунги ҳарбий тўнтаришнинг етакчиси мусулмонларнинг 2017 йилда қирғин этилишига ва юртдан кўчириб юборилишига биринчи навбатдаги жавобгар томондир, бунга асло шубҳа йўқ. БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик 2021 йил 1 февралда бундай баёнот берди: «Ҳозирда Рахин (Аракан) вилоятида 600 минг атрофида роҳинга мавжуд. Улардан 120 минги лагерларда «ҳибс» ҳолатида қолиб, эркин ҳаракатланишдан маҳрумдирлар. Соғлиқни сақлаш, таълим каби асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари жуда чекланган. Шунинг учун айни вазиятдаги ҳодисалар уларга нисбатан жуда ёмон бўлишидан хавотирдамиз». (Рейтер, 2021 йил 1 феврал). Шуни таъкидлаш лозимки, мусулмонларнинг репрессия қилинишида бу икки давлат ҳам шерик. Фақат услубларида фарқ бор, холос. Биз 2012 йил 26 июнда нашр қилинган саволга жавоб варақамизда бундай деган эдик: «Гарчи Бирмадаги Британия билан АҚШ ўртасидаги кураш сиёсий бўлса-да, бироқ мусулмонларни репрессия қилишда бутпарастларни қўллаб-қувватлашга иккала томон ҳам рози. Бунга нисбатан Ғарбнинг даъво қилган инсонпарварлик туйғуси ҳам қўзғалмаяпти, фақат қуруқ гапларга чекланяпти, холос». Иқтибос тугади. Воқеликда ҳам айнан шундай бўлди… Мьянма армияси ҳамда мусулмонларни ёмон кўрувчи бутпарастлар 2017 йил мусулмонларни ёппасига репрессия қилаётган пайтда, бунга нисбатан АҚШ айтарлик ҳеч нарса қилмади! Унинг малайи Тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори Су Чжи эса, армиянинг юз минглаб мусулмонни бостириб, юртдан қувиб чиқаришини қўллаб-қувватлади! Аракан вилоятидан кўчириб юборилган роҳинга мусулмонлари сони 700 мингдан ошди. Уларнинг ерлари ва моллари эгаллаб олинди. Армия бош қўмондони генерал Мин Аун Хлайн ўзининг фейсбукдаги саҳифасида 2017 йил 19 сентябрда мусулмонларга нисбатан қаттиқ нафратомуз гапларни ёзиб, уларнинг бу юртда мавжуд бўлишларини ва ҳақ-ҳуқуқларини бутунлай инкор этди. Буни у Британия билан Европанинг ўзини қўллаб-қувватлашларига ишонгани ва халқаро реакциядан қўрқмагани учун гапирди. Ўзининг саҳифасида у бундай деганди: «Улар биздан ўзларини роҳингалар сифатида тан олишимизни талаб қилишяпти. Ваҳоланки, улар Мьянмада бир жамоа холос, бир кун ҳам этник гуруҳ бўлишмаган». Роҳингаларни бенгаллар, дея ҳисоблаб, «Бенгаллар масаласи – ўзларининг миллий масаласи. Биз бу борадаги ҳақиқатни очиб бериш учун бирликка муҳтожмиз», деди. Армиянинг таъкидлашича, «Рахин шимолида олиб борилган амалиётлар роҳинга исёнчиларини йўқ қилишга қаратилган. Чунки улар 25 августда полиция марказларига ҳужум қилишган». (Би-Би-Си радиоси, 2017 йил 17 сентябр). Би-Би-Сининг қўшимча қилишича, «Армия бош қўмондони Хлайн ўтган йили 2016 йил ноябрда Европага сафар қилган. Чунки Европа армияси қўмондонлиги Хлайнни конференцияга таклиф қилиб, уни олқишлар билан кутиб олган. На Италияда ва на Белгияда унинг келишига қарши бирор норозилик намойиши кузатилмаган». Ғарб ҳамда унинг Бирмада курашаётган иккита давлати ҳам мусулмонларга қарши содир этилаётган ишлардан мутлақо ташвишланмайди. Ўзининг мустамлакачилиги даврида бошқа минтақаларда мусулмонларни қирғин қилган ҳам, Босня каби давлатларда қатли ом қилинишларига кўз юмиб турган ҳам Ғарбдир. Шунингдек, Фаластинни босиб олиб, у ерда жуда кўп мусулмонларни ўлдираётган ва қувиб чиқараётган яҳудий вужудини қўллаб-қувватловчи ҳам Ғарбдир. Яҳудийларнинг бу қилмишлари унинг кўз ва қулоқлари остида содир бўлмоқда. Бироқ Британия ва Америка, ҳар иккаласи ҳам Мьянмадаги мусулмонларнинг азоб-уқубатларидан керак бўлганда сиёсий мақсадлар йўлида фойдаланишади.
Энди, Американинг баъзи бирмалик ҳарбийларга, шу жумладан, мана шу ҳарбий тўнтариш етакчиларига санкция қўллашига келсак, буни уларнинг инглизларга малай бўлгани учун қиляпти, холос. Мусулмонларни репрессия қилишгани ва юртдан қувиб чиқаришгани учун эмас. Акс ҳолда, Америка санкцияларни Бирма бош вазираси Аун Сан Су Чжига ҳам қўллаши керак эди. Чунки бу аёл айни репрессияни қўллаб-қувватлаб, уни қоралашдан ёки армия ва бутпарастларни айблашдан бош тортди. Шундан бўлса ҳам, у санкция рўйхатига киритилгани йўқ.
9 – Ислом дунёсидаги мавжуд режимларга келсак, уларни мусулмонлар масаласи ташвишлантирмайди. Шунинг учун Мьянмадаги режимга ҳеч қандай босим қилишмаган. Ҳозир ҳам бу режимларнинг у ердаги мусулмонларга ёрдам беришларидан умид йўқ. Уларнинг барчаси демократияга қарши бўлган тўнтаришни қоралаш билан АҚШ ва Ғарб ноғорасига ўйнаб ётишибди. Мусулмонлар мавзуси уларнинг хаёлларига ҳам келгани йўқ. Зеро, мусулмонларнинг қалқони халифа барпо этилгани йўқ! Росулуллоҳ ﷺ бу бундай деганлар:
«الْإِمَامُ جُنَّةٌ يُقَاتَلُ مِنْ وَرَائِهِ وَيُتَّقَى بِهِ»
«Имом-халифа қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади, у билан ҳимояланилади». Агар мусулмонларнинг халифаси бўлганда эди, у «ё Мўътасим», дея ёрдамга чақирган бир дона роҳинга муслимасига ҳам сукут қилмаган бўлар эди!
Бироқ битта аёл эмас, дунёда минглаб мусулмон ўлдирилмоқда, юртларидан қувиб чиқарилмоқда. Шу боис ҳам ушбу Халифалик тузумини барпо этишга жиддий фаолият қилмоқ фарзларнинг фарзига айланди. Аллоҳнинг изни ила, Халифалик барпо бўлганда, ер куррасининг ҳар еридаги Уммати Муҳаммадни ёрдамсиз қолдирмайди. Зеро, у Росулуллоҳ ﷺ
«ثُمَّ تَكُونُ خِلَافَةٌ عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ»
«Кейин Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик бўлади», дея башорат қилган тузум мана шу биз даъват қилаётган Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликдир.
وَيَقُولُونَ مَتَى هُوَ قُلْ عَسَى أَن يَكُونَ قَرِيباً
«Улар ўша (кун) қачон бўлур?, деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!» [Исро 51]
21 ражаб 1442ҳ
06 март 2021м