Жапаров ва Путин Жеруй шаҳридаги олтинни қайта ишлаш заводининг очилишида иштирок этишади
17 март куни Президент Садир Жапаров Талас вилоятида жойлашган Жеруй конида олтинни қайта ишлаш заводининг очилишига ташриф буюради.
Давлат раҳбарининг матбуот котиби Галина Байтерекнинг айтишича, Россия президенти Владимир Путин ҳам телеконференция шаклидаги очилиш маросимида иштирок этади.
“Жеруй” Қирғизистондаги энг йирик олтин кони Қумтордан кейин иккинчи ўринда туради. Геологик қидирув ишларининг дастлабки маълумотларига кўра унинг захираси 84 тонна олтин ва 10 тоннага яқин кумушни ташкил этади.
Изоҳ: Қирғизистон ҳукумати аввалига мамлакатдаги энг йирик конлардан бири Жеруй конини ўзлаштириш ҳуқуқини “Қирғизолтин” ва Британиянинг “Оксус голд” компанияларига топширган эди. Бироқ орадан кўп ўтмай, ҳукумат олтин конини ўзлаштириш талаблари бажарилмаяпти, деган баҳона билан “Оксус”нинг лицензиясини бекор қилади. 2005 йили ҳукумат қарори билан конни ўзлаштириш ҳуқуқи Австралиянинг “Глобал голд” холдингига берилади. Аммо, Курманбек Бакиев фармони билан конни ўзлаштириш ҳуқуқи яна Британия компаниясига қайтарилади.
Кейинчалик, “Жеруй” олтин конини “Жеруйолтин” ёпиқ акциядорлик жамиятининг 60 фоиз акциясига эга бўлган Visor Holding компанияси ишлатади. Бироқ, 2010 йили мамлакатда ҳукумат алмашгач, ўша йилнинг ноябр ойида “белгиланган иш планлари” бажарилмаётганлиги боис комапания лицензиясини бекор қилнади. Бунинг ортидан Visor Holding компанияси Қирғизистон ҳукумати устидан халқаро арбитраж судига ариза топширади ва сармоя ётқизишга боғлиқ тортишувларни тартибга солиш Халқаро марказидан компания фойдасига 400 миллиондан ортиқ доллар ундириб беришликни даъво қилган.
2013-йили Қирғизистоннинг геология ва минерал манбалари давлат агентлиги “Жеруй” олтин конини ишлатишлик учун конкурс эълон қилади. Лицензияга эга бўлиш учун бошланғич нарх – 300 млн доллар миқдорида белгиланган эди. 2015-йилда конни қазиб олиш ҳуқуқи учун лицензия ким ошди савдосида Россиянинг “Платинум” корпорацияси таркибига кирувчи “Восток-Геолдобича” компаниясига 100 миллион долларга сотилган. Конни унинг шуба компанияси “Альянс Олтин” ўзлаштирмоқда. Мана шундай қўлма-қўл бўлиб юриб, охир оқибат кон Россия компанияси қўлига ўтиб кетди.
Саноат, энергетика ва ер ресурслари бўйича мамлакат комитети 2019-йил охирида эълон қилган ҳисоботга кўра, Қирғизистонда конларни излаб топиш ва кавлаб олиш учун ҳаммаси бўлиб 2415 лицензия берилган. Лицензияларнинг 471таси олтин қазиш учун, 102таси уран ва бошқа металлар учун, 337 лицензия кўмирга, 1039 лицензия қурилиш материаллари учун берилган ва бу лицензияларнинг аксари чет эл компанияларига берилган.
471 лицензиянинг аксари хусусий корхоналарга берилган. Ундан ҳам кўпроқ қисми чет эл корхоналарига тегишли. Лекин бу корхоналарнинг қирғиз корхоналарига тегишлиси ҳам чет эл корхоналари билан ҳамкорликда ишлатилади ёки уларга ижарага берилган. Чунки Қирғизистон ўзи ва фуқаролари манфаатлари учун олтин қазиб олиш ускуналарини ишлаб чиқарувчи оғир саноатга эга эмас. Шу сабабли ҳам янги келган ҳар қандай президент Қирғизистон конлари ҳеч қачон хорижий давлатларга берилмайди, деб ваъда беришларига қарамай, ер ости бойликларини ҳорижий компанияларга беришга мажбур.
Бундан ташқари халқаро ташкилотлар қирғизистонлик тадбиркорларини эмас, балки халқаро инвесторлар манфаатидан келиб чиқиб, яъни уларнинг манфаати асосида халқаро қонунлар ишлаб чиқади. Халқаро қонунлар Қирғизистон ўз бойликларини ўзи қайта ишлай олмайдиган ва уни чет эл компаниялари ва инвесторларига тобе қилиш асосида ишлаб чиқилади.
Абдураҳмон Одилов