Халифалик муаммоларни энг гўзал суратда хал қилган

665
0

Халифалик муаммоларни энг гўзал суратда хал қилган

 Ҳозирги капитализм даврида халқ манфаатлари бир четга суриб қўйилиб, фақат бойларнинг манфаатлари таъминланади. Ижтимоий соҳада аҳолига бепул хизмат кўрсатадиган (одамларга ғамхўрлик қиладиган) тармоқ йўқ. Капитал – ҳамма нарса пулга боғлиқлигини англатади. 

Мусулмонлар Исломни тўлиқ қабул қилиб, ҳокимлар Исломни маҳкам ушлашган даврда кўплаб тармоқларда, айниқса, инсон манфаатлари, бойлиги ва хавфсизлиги соҳасида улкан муваффақиятларга эришдилар. Бу Исломнинг олтин даври деб аталди. Ушбу муваффақият дунё халқлари учун инкор этиб бўлмайдиган намунага айланди. Мусулмонлар дунёга ҳокимлар халққа қандай ғамхўрлик қилиш кераклигини кўрсатдилар. Давлат ўз фуқароларининг муаммоларини хал қилиш керак ва бу – давлатнинг асосий вазифаларидан биридир. Узоққа бормай ўз юртимизнинг олиб кўрайлик, бойлар гектарлаб ерларни эгаллаб олиб, фойдали бўлган вақтда сотиб тобора бойиб боришмоқда. Оддий одамлар эса бир парча ерга зор. Ислом бу муаммони қандай хал қилган? Масалан, ўлик ерга эгалик қилиш масаласида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ўлик ерни тирилтирса, у уникидир. Уч йил (қаровсиз) ўтганидан сўнг, ўраб олувчинингҳаққи қолмайди”, деганлар. Шунга кўра, ким бирор ўлик ерни тирилтириб, сўнг уч йили уни қаровсиз ташлаб қўйса, давлат бу ерни олиб бошқа одамга беришга ҳақли. “Сунанул Кубро”да шундай дейилади: “Билол ибн Ҳорис Музаний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, ўзига ер бўлиб беришларини сўради, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга кенг, узун ерни бўлиб бердилар. Ҳазрати Умар халифа бўлгач, унга деди: Эй Билол, сен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кенг, узун ер сўрагандинг, уни сенга бердилар, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўралган нарсани қайтармас эдилар. У ерга бир ўзингнинг кучинг етмайди-ку. Билол: Ҳа, тўғри, деди. Ҳазрати Умар: Чамалаб туриб кучинг етадиган ерни олиб қол. Кучинг етмайдиганини бизга қайтар, биз уни мусулмонларга тақсимлаб берайлик. Билол деди: Оллоҳга қасамки, ҳеч нарса қилмайман, уни менга Расулуллоҳ бўлиб берганлар-а. Ҳазрати Умар деди: Оллоҳга қасамки, албатта қиласан”, деб ундан обод қила олмаган ерларни олиб, мусулмонларга тақсимлаб берди.  (Байҳақий, “Ас-Сунан ал-Кубро”).

 Бугунги кунда ер ости бойликларимиз ҳам катта муаммо туғдирмоқда, бошқача айтганда, халқимиз бу бойликлардан фойдалана олмаяпти. Хорижий компаниялар ер ости бойликларимизни қазиб олиб, ташиб кетишмоқда, бунинг эвазига арзимас солиқ тўлаб қутулишмоқда. Ислом қазилма бойликларни умумий мулк қилиб белгилаган, ҳеч ким, якка шахсни ҳам, давлатни ҳам бу бойликка эгалик қилишга ҳаққи йўқ. Агар қазилма бойликлар бирор йўл билан якка шахсларга бериб юбрилган бўлса, уни қайта умумий мулкка қайтарилиши шарт. Имом Термизий Абяз ибн Ҳаммолдан ривоят қилади: “Бир куни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига вакил бўлиб келганида у кишидан туз (кони)ни ажратиб беришни сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ажратиб бердилар. У қайтиб кетгач, ўтирганлардан бири, нимани бўлиб берганингизни биласизми, Сиз унга оқар сувни бўлиб бердингиз , деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан қайтариб олдилар”. Бу ривоятда туз тугамаганлиги боис оқар сувга ўхшатиляпти. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам у туганмас кон эканлиги, аниқроғи, туз тоғи эканлигини билганларидан сўнг дарҳол ўз қарорларини бекор қилиб, ажратиб берилган нарсани қайтариб олдилар ва якка шахсларга бундай нарсаларга эгалик қилишни тақиқладилар. Бу ҳукм фақат тузгагина тааллуқли эмас, балки барча ер ости ва усти бойликларини ўз ичига олади.

 Халифалик ерларни суғоришга, одамлар ва хайвонлар учун қудуқ қазишга, сувни тозалашга ҳамда каналлар қуришга алоҳида эътибор қаратган. Тарих китобларида келишича, Умар инб Ҳаттоб розияллоҳу анҳу Мисрдан тушган даромаднинг учдан бирини кўприк, канал қуриш ва суғориш тармоқларини яхшилашга сарфлаган. (Абдулҳай Катаний, “Ат-Таратиб ал-Идария”). Халифа Язид ибн Валид даврида Ироқ волиси Абдуллоҳ ибн Умар ибн Абдулазиз халқ талаб қилган канални қурди, ҳозир бу канал “Амр” деб номланади, Хорун ар-Рашиднинг вазири Яҳё Бармакий “Абу Жунд” деб номланган канални қуриш учун 20 миллион дирҳам сарфлаган. Халифалик даврида Хижоз, Ақиқ шаҳрида, Нил дарёси ва бошқа жойларда кўплаб тўғонлар қурилган, буларнинг айримларидан ҳозир ҳам фойдаланилмоқда. Валид ибн Абдулмалик даврида эса Халифалик давлатининг барча йўлларига тош ётқизиб чиқилган, йўл белгилари ўрнатилган ва дам олиш жойлари қурилган. Давлат саҳро йўлларига катта аҳамият бериб, уларга тош ётқизиб чиқилган. (Юсуф Иброҳим Юсуф, “Ан-Нафакат ал-Аамма Фи-л-Ислам”).

 Бугунги муаммоли тиббиёт соҳасида ҳам мусулмонлар илғор бўлишган. Таниқли Ислом олими Макризий айтади: “Султон Салоҳуддин Юсуф ибн Аюб касал ва заиф одамлар учун шифохона қуришга буйруқ берди. Бунинг учун у ўзининг саройи ёнидан иморат ажратиб, ходимларга икки юз динор маош белгилади ва озиқ-овқат билан таъминлади. Шунингдек, бу шифохонага машхур табиблар, таниқли жаррохлар ва ходимларни тайинлади”. (Макризий, “Катаб ал-маваиз ва-л-итибар би зикр ал-хитат вал-асар”). Ҳар бир ногироннинг ёнида унга ёрдам берадиган бир ходим бўлган, ҳар бир кўр одамга ҳамрох бириктирилган. (Табарий, “Тарих ат-Табарий”). Хорун ар-Рашид Бағдод шаҳрида шифохона қуриб, бир фармацевтни бош шифокор қилиб тайинлаган. Халифалар ҳижрий учинчи асрнинг охиридан то ҳижрий тўртинчи аср бошларига қадар (милодий 9-10-асрлар) кўплаб шифохоналар қуришди. Муқтадирий шифохонасида ишлайдиган шифокорнинг маоши 220 динор, Саййида шифохонасида ишлайдиган шифокорнинг маоши 600 динорга етган. (Ибн Абу Усайба, “Табакат ул-Атибба”).

 Бу ҳақиқатни ҳатто, ғарбликлар ҳам тан олишган. Напалеон олимларидан бири Фальмиссо Гомар Мисрдаги ҳарбий босқинчилик вақтида олти аср аввал қурилган шифохона ҳақида шундай дейди: “Шифохонага беморларнинг барчаси, камбағали ҳам, бойи ҳам келган. Уларга Шарқдаги энг яхши табиблар тайинланган ва совғалар берилган. Шифохонада салқин ичимликлар жойи, турли жиҳозлар ва дори-дармонларга тўла дорихона мавжуд бўлган. Ҳар бир беморга бир динор ажратилган, икки ходим унинг хизматида бўлган. Руҳий касаллар учун алоҳида бўлим ажратилган ва махсус тайинланган ходим уларга турли хил ҳикоялар айтиб турган. Тузала бошлаган беморлар бошқа беморлардан ажратилган. Шифохонадан чиқиб кетаётган ҳар бир беморга – шифохонадан чиқибоқ ишлашга мажбур бўлмаслиги учун – беш олтин танга берилган”.

 Умар розияллоҳу анҳу давридаги ижтимоий таъминотни кўринг. Умар розияллоҳи анҳу девон ул-Жунд, девон ур-Расоил, девон ул-Жибая, девон ул-Ато бўлимларини ташкил этган. Булардан девон ул-Ато аёллар ва болаларга ёрдам пули берган. Халифа Умар розияллоҳи анҳу аёллар нафақа олиш учун болаларини эрта кўкракдан ажратишаётгани эшитиб: “Болаларингни эрта сутдан чиқарманглар, Исломда туғилган ҳар бир болага ёрдам пули ажратилади”, – деб жар солдирди. Шу кундан бошлаб бутун Халифалик ҳудудидаги ҳар бир туғилган болага юз дирҳамдан, бола катта бўлгач икки юз дирҳамдан берила бошланди ва бола мактаб ёшига етганида ёрдам пули миқдори кўпайтирилди. (Мавардий, “Ахкам ас-Султония”; Балазари, “Футуҳ ал-Булдан”).

 Бешинчи рошид халифа деб аталган Умар ибн Абдул Азиз Ироқдаги Абдулҳамид ибн Абдурраҳмонга мактуб йўллаб, одамларга ҳақларини беришни буюриди. Абдулҳамид: “Одамларга ҳақларини бердим, байтулмолда маблағ ортиб қолди”, – деб жавоб хати юборди. Умар унга: “Қараб кўр, ким исрофгарчиликка йўл қўймай қарз бўлган бўлса, унинг қарзини тўла”, деб хат жўнатди. Абдулҳамид: “Қарзларини тўлаб қўйдим, байтулмолда яна маблағ ошиб қолди”, деб ёзди. Умар: “Қара, уйланмоқчи бўлган, бироқ, пули йўқ бўйдоқлар бўлса уларни уйлантириб қўй”, деб хат ёзди. Абдулҳамид: “Бундай одамларнинг ҳаммасини уйлантирдим, байтулмолда яна маблағ ортиб қолди”, деб хат юборди. Умар: “Қара, агар жизя тўлай олмаётганлар бўлса, ишига ёрдам бўлиши учун уларга қарз бериб тур. Чунки, улар бизга фақат бир ёки икки йилгагина керак эмаслар”, – деди. (“Ал-Амвал”).

 Халифаларнинг одамларга шу тарзда ғамхўрлик қилгани тарих саҳифаларига олтин харфлар билан ёзиб қолдирилган. Ўша вақтлари биз қандай эдик, ҳозир қандай ҳолга тушдик. Биз Исломга мукаммал амал қилган, бошлиқларимиз Ислом байроғини кўтарган замонларда шундай азиз эдик, оламга ўрнак эдик. Шунинг учун, агар яна қайта ўша азизлик ва буюкликни истасак, манбамизга – Исломимизга қайтишимиз керак. Фақатгина Халифалик бизни бу хорликдан қутқаради!

Хорун Абдулҳақ

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here