Дилором Тошмуҳамедова: Тошкент вилоятида вояга етмаган қизларнинг ҳомиладор бўлиб қолиши икки баробарга кўпайган

521
0

Дилором Тошмуҳамедова: Тошкент вилоятида вояга етмаган қизларнинг ҳомиладор бўлиб қолиши икки баробарга кўпайган

  Охирги икки йилда Тошкент вилоятида вояга етмаган қизларнинг ҳомиладор бўлиш ҳолатлари икки баробарга кўпайган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова Халқ таълими вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.

 “Ёшларимиз, айниқса, ўспиринларимиз ўзининг саломатлиги тўғрисида билими етарли эмаслиги муайян муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бунинг натижасида бир нечта салбий ҳолатлар учрамоқда. Мисол учун, Тошкент вилоятида эрта туғиш кўрсаткичи ўсиб бораётганлиги, баъзи бир вилоятларда ўсмир қизлар орасида абортнинг кўпаяётгани жуда аянчли ҳолат”, – дея таъкидлаган Дилором Тошмуҳамедова.

 Сенаторнинг айтишича, Тошкент вилоятида 2019 йилда 15–16 ёш оралиғидаги қизларда эрта туғиш ҳолати икки баробарга кўпайган.

 Изоҳ: Термиз давлат университети ректори, 2021 йил 14 январда эътиборан Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов 2019 – 2020- ўқув йилига бағишланган йиғилишда “Биз 100 йил давомида олий таълимдан ҳам, таълимдан ҳам Исломни суғуриб олдик. Ислом маънавиятини суғуриб олдик. Ҳаром билан ҳалол, тўғри яшашни суғуриб олдик. Биз ёшларга Гётени ўргатдик. Лекин, жаноб пайғамбаримиз (с.а.в.) дан ҳадис келтиришга чўчидик”, – деган эди.

 Ҳа, мулҳид коммунистик режим 70 йилдан ошиқ вақт мобайнида Марказий Осиё республиклари, жумладан, Ўзбекистон мусулмонларини Аллоҳга ибодат қилишдан тўсди, таълим дастурини “Дарвин назарияси” асосида тузиб, ўсиб келаётган ёш авлодга “инсон маймунлардан тарқаган” деган назарияни сингдириб келди, ҳозирга қадар ҳам ушбу назария таълим дастуридан чиқариб ташлангани йўқ.

 Ўзбекистон “мустақил” бўлгач, шу коммунистлар тарбиясини олган Каримов президентлиги даврида эса Ислом динига қарши кураш янги босқичга чиқди. Каримов табиатидаги қўрқоқлик туфайли ўз ҳокимиятига таҳдид уйғотиши мумкин бўлган барча фикр ва тушунчаларга қарши кескин кураш олиб борди. Айниқса у Ислом динига бўлган қалбан адовати ва нафрати ортидан Исломни “террорчик дини”, мусулмонларни “экстремист” ва “террорист” сифатида кўрсатиб, Ислом ва унинг қадриятларини жамиятдан суғуриб ташлашга жиддий киришди. Дастлаб, “ваҳҳобийлик” тамғаси билан Ўзбекистондаги таниқли уламолар ва мусулмонларни таъқиб ва тазйиққа олиб, соҳта айбловлар билан қамоққа ташлаган, айримларини жисмонан йўқ қилган бўлса, кейинчалик, 1999-йил 16-феврал воқеаларини уюштириб, оммавий равишда Ислом ва мусулмонларга қарши кураш бошлаб юборди. Эркаклар соқоли, оқ дўпписи ва аёллар ҳижобига қарши кураш бошланди. Кейинчалик, “Нурчилар”га қарши “кураш олиб борди”. 2005-йил 13-майда “Акромийлар” баҳонаси билан тинч аҳолини қирғин қилди. Мактаб ва коллеж ўқувчиларини масжидларга кириши ва умуман диний илм олишларига чек қўйилди. ОАВ,  телевидениелар орқали “ноқонуний диний таълим” бераётганлар сазойи қилинди (бу кўриниш хамон давом этиб келмоқда). Натижада Ислом динидан бехабар, ҳалол-ҳаромни фарқига бормайдиган янги авлод етишиб чиқди. Бу авлоднинг тарбиячиси турли хил бузуқ сериаллар бўлди…

 Халқимизда “нима эксанг, шуни ўрасан” деган доно нақл бор. 30 йил мобайнида ёшларга бузуқ тарбия бериб, энди улардан ҳаё ва яхши амаллар кутиш ақлсизликдан бошқа нарса эмас. Биз ёшлардан яхшилик умид қилишмиз учун уларни Ислом дини таълимоти асосида тарбиялашимиз, Аллоҳнинг борлиги ва бирлигини англатишимиз, ҳалол ва ҳаром, жаннат ва жаҳаннамни танитишимиз шарт. Ана шунда улар ўзларини яратган ва назорат қилиб тургувчи Зот борлигига имон келтирадилар. Жамиятда бузуқлик ва бузуқ кўринишлар йўқ бўлади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here