Ўзбекистон ЕОИИ бозорида тўлақонли иштирок этишни режалаштирмоқда
2021 йилда Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо бўлган давлатлар бозорларида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъёрлари, уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишлар жадаллаштирилади.
Ўзбекистон ҳукумати ЕОИИ техник регламент талабларини қабул қилиш, ЕОИИ мамлакатларида қабул қилинган 26та техник регламентлар асосида махсус техник регламентларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда жорий йилги давлат дастури лойиҳасида маълумот берилган.
Таъкидланишича, бундан кўзланган мақсад ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишдир.
Аввалроқ, “Ўзстандарт” агентлигида жорий йилда амалга ошириладиган ўзгаришлар ҳақида маълумот берган директорнинг биринчи ўринбосари Жавлон Каттахўжаев ҳам ушбу масалада маълумот берганди.
Хусусан, Евросиё иқтисодий иттифоқида жорий этилган талаблар, қоидалар ва нормаларни иқтисодиётга жорий қилиш, саноат маҳсулотларини ушбу бозорга тайёрлаш мақсадида 50та техник регламент амалиётга киритилган ва янги киритиладиган техник регламентлар Евросиё иқтисодий иттифоқи нормаларига уйғунлаштирилиши айтилганди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасида қабул қилинаётган ҳужжатлар, ўтказилаётган тадбирлар ва режалаштирилаётган ҳаракатлар тўғрисида маълумотларни йиғиш, ўрганиш ва таҳлилларни амалга ошириш таклифини жамоатчилик муҳокамаси учун билдирган.
Изоҳ: Маълумки, 11 декабр куни Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи-давлат мақомига эга бўлган эди.
Ўзбекистон иттифоқда кузатувчи давлат мақомини олиш арафасида “Росселхознадзор” 26 ноябрдан бошлаб Фарғона вилоятидан Россияга помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлади. Кейинчилик, қуритилган ўрик партиясида ҳам хавфли зараркунанда (капр қўнғизи) аниқланди деган иддао билан “Росселхознадзор” Фарғонадан барча турдаги ўсимлик маҳсулотлари импортини тақиқлади. Орадан икки ҳафта ўтгач Навоий ва Қашқадарё вилоятида етиштирилган маҳсулотларга ҳам тақиқ жорий этилди… 18 декабрдан бошлаб (Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олгач) Россия Федерацияси ҳудудига Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан еттита корхонадан помидор ва қалампирни олиб киришга рухсат берилди, бу маҳсулотларда ЕОИИга аъзо-давлатлар учун карантин объектлари мавжуд эмаслиги, шунингдек, 2020 йилда помидор меваларидаги жигарранг бурушиқлик вируси аниқланмагани хабар қилинди. Демак, Россия Ўзбекистонни иттифоқда кузатувчи давлат мақомини олиш арафасида иккиланиб қолиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида “огоҳлантириб” қўймоқчи бўлган. Сабаби, Ўзбекистонда ЕОИИга аъзо бўлиш масаласи кўтарилганидан бошлаб, ўзбек жамияти, хусусан зиёли қатлам иккига бўлиниб қолган эди.
Биринчи гуруҳ – иттифоққа кириш тарафдорлари – Ўзбекистон иттифоққа кирса кўп ўринларда, айниқса меҳнат муҳожирлари масаласида енгилликка эга бўлишига урғу беришди. Расмий Кремл ҳам Ўзбекистонга айни шу масалада босим ўтказишга ҳаракат қилди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам шундай босимлар бўлаётганини очиқ эътироф қилди.
Иттифоққа киришга қарши бўлган қисми эса, Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлса мустақиллик қўлдан бой берилишига урғу беришди. Уларнинг хавотири бежиз эмас эди. Сабаби, иттифоқ фақат Россия манфаатларини ҳисобга олган ҳолда фаолият олиб бораётгани, иттифоққа аъзо бўлган Қозоғистон, Қирғизистон ва Беларус расмийлари ва раҳбарларининг ЕОИИ борасида салбий фикрлари интернет тармоғларида тез-тез учраётган эди. Аммо президент Мирзиёев уларни тинчлантириш учун “Бир нарсани билиб қўйинглар, ҳеч ким мустақилликни ҳеч кимга бериб қўймайди. Мустақиллик халқ ишонган президентнинг қўлида”, – деди.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев ҳам 21-декабр куни Тошкентда ўтказилган йиллик матбуот анжуманида – “Айниқса, ижтимоий тармоқларни кўрганимизда, Ўзбекистоннинг ЕОИИда кузатувчи мақомини олганига “Мустақиллик – алвидо” деган реакция. Бу кулгили. ЕОИИга аъзо бўлган ҳеч қайси давлат ўз мустақиллигини йўқотмади. Улар кўпроқ имкониятларни олишди. Чунки, бу маълум бир иштирокчининг миқёсига қарамай, ҳамма учун бир хил бўлган тенг ҳуқуқли иттифоқ”, – деди.
Бироқ, Мирзиёев 29 декабр куни Toшкентдаги Халқаро конгресс марказида Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига анъанавий Мурожаатнома билан чиқди. Мирзиёев ўз нутқида ЕОИИ ҳақида айнан мана буларни айтди:
“Ўзбекистон яқинда Евросиë иттифоқида кузатувчи мақоми олди. Ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъëрларини уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириши зарур”.
Мирзиёевнинг ушбу мурожаатномаси ортидан кейин куни кеча жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2021 йил давлат дастури лойиҳасида Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятидаги асосий ҳужжатни ўзгартириш таклифи билдирилган. Амалдаги концепция эса очиқ манбаларда учрамайди.
Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсатини изчил амалга ошириш ҳамда белгиланган стратегик режаларнинг жадал ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 1 декабрига қадар ташқи сиёсий фаолият концепциясини такомиллаштириш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда жорий йилги давлат дастури лойиҳасида маълумот берилган…
Шунингдек, давлат дастури лойиҳасида 2021 йили Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо бўлган давлатлар бозорларида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъёрлари, уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириши билдирилган.
14 январ куни Россия ҳукумати раисининг ўринбосари Алексей Оверчук ҳам Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) келажакда Ўзбекистон иттифоққа қўшилишига умид билдираётганини маълум қилди.
“Ўзбекистоннинг иттифоқда аъзоликка нисбатан воқеалари қандай ривожланишидан қатъи назар, биз Ўзбекистонни иттифоқ аъзоси сифатида кўришга умид қиламиз ва мамлакатларимиз унга бунда ёрдам беради”, – деди Оверчук.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи давлат сифатида қолмайди, балки унга тўлақонли аъзо бўлиб киришга мажбур қилинади. Россия ҳам ҳозирча Ўзбекистондан умидини узгани йўқ ва ўз имкониятидага барча воситалар орқали босим ўтказиш йўли билан Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо бўлишга ундамоқда. Агар Россия Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо бўлиб киришига эришса, “бир ўқ билан икки қуённи урган” бўлади. Чунки, Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо бўлиши Тожикистон учун ҳеч қандай танлов ихтиёрини қолдирмайди. Тожикистон ҳам ё иттифоққа қўшилишга ёки ўз меъёрий механизмларини ЕОИИ шарт ва талабларига мослаштиришга мажбур бўлади.
Абдураҳмон Одилов