بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ёшлар ўзгариш таянчидирлар
Ёшлар ҳар қандай жамиятда ўзгариш таянчи ва қуролидирлар. Чунки Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло кучли энергия, олий ҳимматлар, пўлатдек мустаҳкам аҳд-паймонлар, ҳаётга бўлган иқбол неъматларини ёшларга берган. Шунинг учун ҳар қандай жамиятдаги ўзгариш ишида ёшларга суянилади. Ёшлар хоҳ салбий, хоҳ ижобий бўлсин, ўз фаолликлари ва таъсирлари билан жамиятдаги мавжуд қатламларнинг энг муҳимларидан биридир.
Маълумки, мустамлакачи кофир Ғарб ҳар доим юртларимизда мустаҳкам илдиз отишга ҳаракат қилади. Жамиятларимиз ожиз ва фалаж аҳволда қолиб, бунга қарши кураша олмаслиги ва тўғри, ҳақиқий ўзгариш ясашга қодир бўлолмаслиги учун, у ўзининг ботил фикрлари ва бузуқ тушунчаларини тинимсиз ёйиб келмоқда. Мана шу ишида ёшлар қатламини жуда муҳим деб билгани ва ёшларнинг мувозанатни ўзгартиришга қодирликларини англагани боис, мустамлакачи кофир Ғарб ўзининг бузғунчи капиталистик фикрлари билан аввало жамиятимиздаги ёшларимизни нишонга олди ва ҳамон нишонга олмоқда. У ёш авлоддан унинг мусаффо диний фикрларини, улуғвор тушунчаларини ва олий қадриятларини суғуриб олишга, бинобарин, уларнинг миясига ўзининг ифлос тушунчалари ва бузуқ ҳазоратини қуйишга ҳаракат қилмоқда. У ёшларга олдиндан зарба йўллаб, йўлларини кесишга уринди… Токи, ёшлар ўз жамиятларида ижобий қуролларга айланиб, ундаги ёмон аҳволни ўзгартиришга, инқилоб ясашга, яна энг яхши ҳолатга қайтаришга ҳаракат қилмасинлар.
Ўзига Исломни мабда-асос қилиб олган сиёсий фаолият бугунги кундаги воқелигимизни ўзгартиришда энг муҳим фаолиятдир. Айнан мана шу сиёсий фаолиятгина ҳақиқий ўзгаришни амалга ошириб, ер юзидаги барча мусулмонлар аҳволини ўзгартиради, нафақат мусулмонлар, балки бутун инсоният ҳолатини яхшилайди. Чунки Ислом барча инсонлар учун келган. Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло айтади:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلاَّ كَافَّةً لِّلنَّاسِ بَشِيراً وَنَذِيراً
«(Эй Муҳаммад), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик» [Сабаъ 28]
Яна бундай деди:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلاَّ رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ
«(Эй Муҳаммад), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» [Анбиё 107]
Ислом асосида сиёсий фаолият қилиш фарзларнинг энг муҳими бўлиб, Аллоҳ Субҳанаҳу уни то еру осмон тургунча фарз қилган. Еру осмон тургунча фарз қилинган экан, мусулмонларнинг Аллоҳ шариати билан ҳукм юритадиган ҳамда адолат ўрнатиб, у билан ораларини ислоҳ қиладиган давлатлари мавжуд бўлмаган ҳолатда қанчалар фарз бўлишини тасаввур қилаверинг! Аллоҳ Таборака ва Таоло Қуръони Каримида бундай деди:
وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
«Орангиздан яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, маъруфга буюриб, мункардан қайтарадиган бир жамоа бўлсин, ана ўшалар нажот топгувчилардир» [Оли Имрон 104]
Эй Ислом Уммати ёшлари!
Ана, Умматингизнинг Сурия, Фаластин, Афғонистон, Ироқ, Покистон, Шарқий Туркистон, Ўрта Осиё, Ўзбекистон, Тожикистон, Ливия, Миср, Мьянма ва бошқа мусулмон юртларидаги аҳволини кўриб турибсиз… энг қаттиқ аламларни тотмоқдалар. Мана, ўз кўзингиз билан кўряпсиз, мустамлакачи кофир Ғарб ёлланган-малай хоин ҳукмдорлар орқали Умматнинг бойлик ва ресурсларини талаш билангина кифояланмай, Уммат ҳаётининг энг нозик томонларини ҳам бошқармоқда. Бас, Уммат бундай аламли вазиятдан Исломсиз ҳаргиз қутула олмайди. Бу иш сиёсий онгга эга бўлган холис кишиларнинг ғайрат билан фаолият олиб бориши ҳамда Аллоҳнинг шариатини ҳоким қилиш ва бунга ҳаракат қилаётганларга нусрат-ёрдам бериш учун кунларни тунларга улаб ҳаракат қилиниши билангина амалга ошади. Шояд шундагина Аллоҳ Азза ва Жалла ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо ﷺнинг Умматига икром қилиб, унга ишларини ўнглайдиган, қўрғон каби душмандан қўриқлаб, паноҳ, хавфсизлик ва омонликни берадиган Исломини барпо қилса.
Мана шуларнинг барчаси амалга ошиши учун, сиз ёшлар буни қабул қилишингиз, ўз жамиятингизда фаол бўлиб, Ислом бошқарувини барпо этиш учун фаолият қилаётган кишилар билан бирга ҳаракат қилишингиз керак бўлади. Эсланг, зотан бу ҳаракат анбиёю росулларнинг ҳаракатидир, саҳобаи киром розияллоҳу анҳулар амалларидир. Эсланг, икки олам сарвари Муҳаммад ﷺ сиз ҳақингизда
«نُصِرْتُ بِالشَّبَابِ»
«Мен ёшлар туфайли нусратга эришдим», дея марҳамат қилганлар.
Бас, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифаликни барпо этишга жиддий ҳаракат қилиш билан Пайғамбарингизга нусрат-ёрдам бермайсизми. Токи, шу орқали бу дунёда азизлик ва куч-қудратни қўлга киритиб, бахтли-саодатли бўласиз ва бутун дунёни етаклайсиз. Зеро, бунга сиз лойиқсиз. Шунингдек, охиратда жаннат аҳлидан бўлиб, у ерда анбиёлар, сиддиқинлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан ҳамроҳ бўласиз. Уларга ҳамроҳ бўлмоқ нақадар буюк бахтдир.
Роя газетасининг 2020 йил 16 декабр чоршанба кунги 317-сонидан